Banner Top

Сараланган сатрлар. Пул билан камтарлик – ўт билан сув

  Ўзининг илк романи - “Ёш арслонлар” биланоқ адабиёт шинавандаларига танилиб улгурган Ирвин Шоу “Бой, фақир”, “Қашшоқ ўғри”, “Византия оқшоми” асарларини ижтимоий ҳаётнинг долзарб муаммоларига  бағишлади. Унинг “Тунги дарбон” асарида ҳам Америка ва умуман бугунги Ғарб ҳаётининг манзаралари, турли тоифага мансуб шахсларнинг маънавий дунёси ўз ифодасини топган.

  Меҳмонхона қоровули лавозимида ишлаб, ижарада одмигина ҳаёт кечираётган Граймснинг кутилмаган “бахтсиз фожиа” сабаб улкан сармояга эга бўлиб қолиши унинг одатий турмуш тарзини бутунлай ўзгартириб юборади.  Ўзи билган ва билмаган “америкача ҳаёт”ни бошидан кечиради, оқибатда “ўзлиги”ни йўқотиб қўяди. Унинг ҳаётдан англаганлари, қалбида туғилган хулосалари билан танишган киши беихтиёр бу қаҳрамонга нисбатан қалбида ачиниш ҳиссини туяди. Зеро, ҳаётда пул, бойлик, давлат орттиришдан кўра муҳимроқ ишлар ҳам бор...

  Қуйида шу асардан парчалар сараладик.

  Ҳамма фанларнинг ичида тарих умрбоқий фан.

* * *

  Ҳаёт ва одамлараро муносабат масаласида инглиз адабиётидан шунга ишонч ҳосил қилдимки, сенинг феъл-атворинг - сенинг қисматинг, сенинг ютуқ ва омадсизликларинг эса сенинг фазилатинг ва қусурларинг оқибати.

* * *

  Инсон қисматини унинг феъл-атвори белгилармиш. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ўттиз миллион европаликнинг қисмати ёхуд Калькутта кўчаларида очликдан ўлганларнинг ёки бўлмаса, тириклайин чўғ оқими остида қолган кўҳна Помпей фуқароларининг қисмати ҳам уларнинг феъл-атвори оқибатими?

* * *

  Ўзимга ўзим савол берардим: хўш, қандай яшаяпман? Беташвиш. Айни пайтда, нопок. Сийқа сўз, лекин шу топда миямга бошқа сўз келмади. Ўттиз уч ёшни уриб қўйган бўлсангу, қандай одам эканингни билмасанг – бундан ёмони йўқ.

* * *

  Ана холос! Швейцарияда пуллар илмий даражаси бор кишилар назоратида сақланаркан. Дарвоқе, нега шундай бўлмаслиги керак? Ахир пул – ҳам дард, ҳам даво.

* * *

  Билдимки, кимнинг пули бўлса, ўшанинг ошиғи олчи. Пул кишига эрк беради. Камбағал одам эса ўртага тушган сичқондай бир жойда айланаверади. Чиқиб кетолмайди. Уни очлик ҳаракатга келтириб туради. Тўғри, битта-иккитаси чиқиб кетиши мумкин. Ё тасодифан ёки бизга ўхшаб омади чопиб. Бундан ташқари, шундай одамлар борки, улар нуқул ҳокимиятга интилади, пасткашлик қилади, атрофидагиларни сотади, ўз мақсади йўлида дуч келган одамни босиб-янчиб ўтишдан тоймайди.

* * *

  Пул билан камтарлик - ўт билан сув. Пайқаган бўлсангиз керак, пулни яхши кўраман, лекин умримни сарф қилиб, уни йиғиб ётишни ёқтирмайман. Пулни қулай жойдан топиш керак. Белгиланган қонун ва ахлоқий сафсаталар талабидан холи менга ўхшаган бегона кишилар онда-сонда кириб турадиган жойдан топиш керак.

* * *

  Ўтган замонларда кишининг шон-шавкати кибр-ҳаво билан эмас, унинг довюраклиги, олижаноблиги, жисмонан бақувватлиги, эътиқоди ва ҳалол-покизалиги билан ўлчанарди. Аммо кўпчилигимиз нимага амал қилишни билмайдиган, юксалаяпмизми ё тубанлашаяпмизми, олға кетаяпмизми ё ортга чекинаяпмизми, севамизми ё нафратланамизми, жирканамизми ё сажда қиламизми – мана шу хил саволларга дадил жавоб бера олмайдиган бизнинг замонамизда, ҳеч бўлмаса, менга ўхшаган одамлар учун кибр-ҳаво яшашнинг муҳим дастагидай туюлади.

* * *

  Ахлоқ бир бутун тушунча. Уни қовундай кесиб-кесиб, ликопчаларга тақсимлаб бўлмайди. Ҳақиқатнинг кўзига тик қарашимиз керак.

* * *

  Рақобатлашардик, феъл-атворимиздаги тафовут ҳам таъсир этмай қолмасди. Сиздаги қизиққонлик билан мендаги тажриба посангини бараварлаштириб туради.

* * *

  Биз ҳаётий аҳамиятга молик нарсалар кун сайин танқислашаётган замонда яшаяпмиз. Дуккакли ўсимликлар, олтин, қанд, ғалла, нефть ва ҳоказо. Дунё иқтисоди аҳолининг кўпайиб кетишидан, урушлар, эртанги кун хавотири ва умидсизликдан, чайқовчилик ва пулнинг қадрсизланишидан азият чекмоқда. Шуларни илғаган ҳар қандай соғлом фикрли киши эртага бундан баттар бўлиши мумкинлигини ҳис этмай иложи йўқ.

 

Дилфуза ЖУМАЕВА тайёрлади.

“Қашқадарё” газетаси № 025 (15250) 28.02.2017

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены