Banner Top

Тоғай Мурод: Умр йўли – борса келмас йўл

  Тоғай Муроднинг энг яхши асари қайси? Ҳаётда катта армон билан ўтган, лекин бир-бирини суяб, бир-бирига суяниб яшаган “Ойдинда юрган одамлар”ми? Инсондан инсонлик кўрмаган, ҳайвондан инсонлик кўрган, элда ёлғиз чавандоз ҳақидаги “От кишнаган оқшом”ми? Ғирромликлар елкасини ерга теккизса-да, қадди букилмаган, қадри тўкилмаган, барибир ҳалолликнинг ғалабасига ишончи баланд, шу боис ғурури янаям баланд полвон тўғрисидаги “Юлдузлар мангу ёнади”ми?..

  Назаримизда, ҳар қандай ёзувчининг энг яхши асари – ҳали ёзилмаган асаридир. Улуғ адибларимиз умри поёнида кўнглига тугиб юрган (энди бизнинг кўнглимизда ҳам ечилмас тугун бўлиб қолган) ижодий режалар ҳақида эшитсак, адабиётимиз яна қандай китоблар билан бойиган бўларди-я, дея ширин хаёлга бериламиз.

  Адибнинг аёли Маъсума опа Аҳмедова билан биргаликда Тоғай Муроднинг танланган асарлари учинчи жилдини нашрга тайёрлаш асносида устознинг кундалигида қолган битикларини кўздан кечириб, гўзал асарларга ғоя бўлгулик қайдларга, кузатишларга, фикрларга дуч келдик. Агар уларнинг бари ҳикоя, қиссаю романларга, эссею мақолаларга айланганида борми... Мана бу тўрт энлик матнга Тоғай Мурод қалами қандай ҳаёт бағишлаб юборарди ёки мана бу кескир фикрларни ёзувчи яна қандай қайраган бўларди, деган ўй келади дафъатан. Таассуфки, биз бугун уларни фақат қоралама тарзида ўқишга, эълон қилишга мажбурмиз. Шунисига ҳам шукр.

* * *

  Проза қаердан пайдо бўлган, қандай пайдо бўлган? Прозани ким яратган? Қачон яратган? Прозани... поэзия яратган. Поэзиянинг куч-қудрати етмай қолганидан... прозани яратди. Шу боис, поэзия тугаган жойдан... проза бошланди. Поэзия ожизлик қилиб қолса, қўли етмай қолса, нафаси етмай қолганда... проза кучга киради, проза амалга оширади. Шу боис, проза поэзиядан қудратли ҳамдир.

  ... Шоирлар прозани шунчаки ёзиб кетилади, деб тушунади. Фақат, меҳнати оғир, қора меҳнат, дейишади. Йўқ, прозанинг ўз ички сири-асрори, ички қонун-қоидалари бўлади. Ана шу ички сир-асрорларни англаб етмаган қаламкаш проза эмас, шунчаки бир сатрларни ёзади. Ана шу ички шакл-шамойиллар, қонун-қоидаларни (?), кўзга кўринмас тилсимларни ҳис этолмагич қаламкаш шунчаки жўн, тўпори воқеалар тизимини ёзиб чиқади.

  Бу ички сир-асрорларни қандай билса бўлади? Ушбу ички, кўзга кўринмас тилсимларни қандай англаб етса бўлади?

  Уни табиат беради. У баданда бўлади. У кўнгилда бўлади. У ижодкор табиатида бўлади.

* * *

  Л.Толстой Кавказ урушини кезиб чиқди. Жек Лондон Шимол1ни кезиб, олтинчиларни оралаб чиқди. Горький одамлар эшигида дайдиб юрди. Шишков Сибирни кезиб юрди. Материал йиғди, ҳаёт йиғди, турмуш йиғди. Ҳаётий тақдирларни кўрди, турмуш азоб-уқубатларини кўрди. Халқ феъл-атворини ўрганди, характерларини билиб олди. Ҳаёт аччиқ-чучукларини ўз кўзи билан кўриб, ўз қўли билан ёндафтарига қайд қилди. Ҳаёт шакл-шамойилларини, турмуш оҳанжамаларини мисоли фотосуратчидай суратга олиб, плёнкага қайд қилди. Қўша-қўша, қават-қават плёнкаларни тўплаб, сумкаларини тўлдирди. Кейин, уйига келиб, ана шу негативларини – плёнкаларни проявить2 қилиб, ўз устахонаси иш столида бадиий асар яратди. Шу маънода ёзувчи фотосуратчига ўхшайди. Суратчининг иш қуроли – фотоаппарат, ёзувчининг иш қуроли – қалам.

* * *

  Ёзувчи, адиблар ижодий йўлини, умрини, ҳаётини, олис масофага югуриш пойгасига ўхшатгим келади. Марофон пойгаси йўлига ўхшатгим келади. Пойга йўлаги бўйлаб чопиб борувчи пойгачиларга ўхшатгим келади. Бундай олис масофа пойгасида олдиндан, азалдан пухта, пишиқ машқ қилган, машқ олган, суяги шундай пойгада қотган, яъни пойдевори пишиқ, бели бақувват пойгачи сўнгги маррагача югуриб бораверади. Ёшлигида шунчаки беш-олти машқ олган, шунчаки орзу-ҳавас билан йўлга чиққан пойгачилар эса йўл-йўлакай аросатда қолиб кетаберади. Биров ўпкаси тўлиб қолиб кетади. Биров иродаси етмай қолиб кетади. Биров куч-қудрати етмай қолади, биров турли-туман баҳоналар топиб қолиб кетади.

  Ўзбек адибларини ана шу пойгачиларга ўхшатаман.

  Ижодий йўлни ана шу пойга йўлига ўхшатаман. Ёзувчини ана шу пойгачиларга ўхшатаман.

* * *

  Шон-шуҳрат ароққа ўхшайди мисоли. Ичган сайин ичгингиз келади. Юз грамм ичсангиз, яна юз грамм ичсам, дейсиз. Кейин яна, яна... Охири бориб... йиқитади. Олдин бошни айлантиради. Одам бурнидан нарини кўролмай қолади, босар-тусарини билмай қолади. Кейин, кейин йиқитади.

  Шон-шуҳрат ана шу ароққа ўхшайди. Юз грамм ичса, тағин юз грамм, дейди. Шуҳрат кетидан шуҳрат... Кун сайин шон-шуҳрат, ой сайин шон-шуҳрат, йил сайин шон-шуҳрат... Охири бориб, ароқнинг куни келади – йиқитади.

  Шон-шуҳрат ароқ мисол ёзувчининг бошини айлантиради. Ароқ мисол талтайтиради, ароқ мисол кўзини шапкўр қилиб қўяди. Охир-оқибат, ҳеч кимни танимай қўяди. Ўзини осмон ҳис этади, бошқаларни ер ҳис этади. Бирорта тўй-маърака усиз ўтмаслиги керак. Бирорта мажлис-анжуман усиз ўтмаслиги керак. Энг ёмони... у анжуман тўрида, ҳайъатида ўтириши керак. Ўша тўрга, ўша ҳайъатга таклиф қилсалар қилдилар, қилмаса(лар)... шундай ўзи бориб ўтириб олади. У ҳайкал мисол қўр тўкиб туриши керак. Бюст мисол савлат тўкиб туриши керак. Гўё бу – ҳаёт қонуни, табиат қонуни. Гўё бу – Худо, парвардигорнинг йўл-йўриғи, хоҳиш-иродаси.

  Кейин, у албатта нутқ сўзлаши керак. Доноларча сўзлаши керак, халқ номидан сўзлаши керак.

  Мабодо у шу анжуманга таклиф қилинмай қолса-чи, ўзини хўрланган ҳис этади.

  Мана шундай йўлга кирган адибни Худо урди!

* * *

  Лев Толстойни тўнғич қизи ўзга бир юртда яшар эди. Бир куни ана шу қизи келганида унга ўз орзу-ҳавасини айтади. Тўнғич қизи Татьяна юртига бориб яшаш истагини билдиради. Қизи ҳайрон бўлиб сўрайди.

  Лев Толстой ўз кўнглига тугиб юрган хоҳиш-истагини айтади:

  – Ясная Полянада мени ҳамма танийди. Мени ҳеч ким билмаса, мени ҳеч ким танимаса... Кўчаларда ўзимча боқибеғам бўлиб, дайдиб юрсам... Кўрганлар мендан жирканса, гадой мисол бўлиб юрсам. Кўчаларда елкамга тўрва-халта осиб юрсам. Оқшомлари деҳқонларнинг остонасига бориб, хайр-садақа сўрасам...

* * *

  Кабардин-Болқорияда 74 ёшли Амма Итамоновна Ифраемова яшар экан. У аза-маъракаларда гўянда бўлиб ишлар экан... Амма Итамоновна ўз ишига ижодий ёндашади, ҳар бир маросимга алоҳида тайёргарлик кўради, ҳар гал айтиб йиғлайдиган сўзларини янгилаб боради. Ўтган одамни ёдлар экан, уруғ-аймоғини тилга олади, раҳматлининг қилган яхши ишларини айтиб йиғи солади, айни дамда унинг яқинларига тасалли беради. У нариги дунёга рихлат қилган одамга оппоқ сурпдан ўз қўли билан кафанлик тикади. Амма Атамовна бу хизматлари учун умуман пул олмайди. Мотамдорлар аёлни совға-салом билан рози қиладилар. Айтишларига кўра, урушда фашистлар унинг эри, қавм-қариндошларини тириклайин кўмиб ташлаган экан...

  Тасанно, касбни қаранг!..

* * *

  “Йўқ”, дейишни ўрган. Ҳаммага бирдай ёқиш – мушкул иш. Бу ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди ва оқибат, муҳим ишларни бажаришда кишида куч қолмайди.

* * *

  ...Адабий-танқидий мақолаларингиз... суд протоколига ўхшайди. Олдин асарни – воқеани гапириб, ўқиб берасиз. Нима бўлган, қачон бўлган, қаерда бўлган, ким томонидан амалга оширилган, ким, қайси образ айбдор, қайси образ айбсиз, қайси образ салбий, қайси образ ижобий... Кейин ҳукм ўқийсиз. Адабий-бадиий мақола, бу – жанр. Бу жанрнинг ўз талаблари бор. Адабий-бадиий мақолаларингизда... проза йўқ! Шундай, адабий мақолаларингизда проза етишмайди. Белинскийларнинг адабий мақолаларини ўқиётиб, билиб бўлмайди – проза ўқияпсизми, ё адабий мақола ўқияпсизми...

* * *

  ...Жумлалари чолларга ўхшайди. Хокисор, нимжон, касалманд, букри, ранг-туссиз! Фисқ-фасод, иғво тўла! Имиллаб, ичбуруғларча қадам босади. Бир ерда депсинади. Одамни энсасини қотиради. Катта-катта юринг, отахон, дейсиз. Бўлмайди. Оқибат, кетингизга қарамай, ўз йўлингизда кетасиз. Яъни, бетлаб, боблаб, ташлаб-ташлаб ўқийсиз...

 

“Ёшлик журнали”

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены