Banner Top

Дунё - саҳна, ҳар кимсанинг тегиш роли бор

 

  Вильям Шекспир ва театр – бир бутун дунё. Дарҳақиқат, романтик драма ва трагедиялари жаҳон театр саҳнасининг  гултожи саналган, ундан-да зиёда инсонийлик, гўзал ҳис-туйғуларни олий даражада куйлаган сонетлари эса шекспирона услубнинг ўзига хослигидан дарак. Бугун унинг умрбоқий ижоди намуналарини бутун дунё севиб ўқийди, ардоқлайди. Шу боис унинг турфа халқларни бирдек мафтун айлаган асарлари башарият тамаддунининг ажралмас маънавий меросига айланиб улгурган.

  Қуйида буюк ижодкорнинг турфа асарларидаги тимсоллар тилидан айтилган ҳикматларни сараладик.

  У хилда бўласанми, бу хилда бўласанми – бу кишининг ўзидан. Бизнинг вужудимиз – бир боғ, иродамиз эса – у боғнинг боғбони, шунинг учун бу боғда сассиқ алаф ўстирамизми ёки жамбилу райҳонлар билан зийнат берамизми, бу боғни бир рангдаги кўкатлар билан безаймизми ёки ранго-ранг гуллар биланми, бизнинг боғимиз ялқовлигимиз орқасида мевасиз ажриқзор бўлиб ётадими, ё ғайратимиз орқасида ҳосилдор – мана шуларнинг ҳаммаси устидан ҳукмронлик қилиб тургувчи куч – бизнинг иродамиздадир.

* * *

  Зотида олижанобликдан нишона ҳам бўлмаган тубан кишилар муҳаббатга гирифтор бўлгандан кейин ўзларига табиат бахш қилгандан ҳам зиёдароқ олижаноб бўлиб кетади.

* * *

  Эрта биз учун бу кундан кўра кўпроқ нарса беради.

* * *

  Бир пасткашлик бошқасини бошлаб келади.

 * * *

  Чидами йўқ одамларга мен ачинаман!

  Қайси яра бита қолар бир зумда осон?

 * * *

  Туғиларкан биз йиғлаймиз, чунки ҳаётнинг саҳнасида аҳмоқларнинг ролин ўйнаймиз.

* * *

  Дунё – саҳна, ҳар кимсанинг тегиш роли бор.

 

* * *

  Улуғлик дегани – оғир, машаққатли юк.

* * *

  Ҳасад эзгуликни яралайди, қонга бўяйди.

 

* * *

Севги мислсиз қудратга эга: дунёда унинг кулфатига йўлиқишдан ҳам оғирроқ жазо йўқ, ундан баҳраманд бўлишдан ортиқроқ бахт йўқ.

 

* * *

Дўстнинг маслаҳати ғанимларга қарши энг яхши қалқондир.

 

* * *

Кўрнамаклик хиёнатнинг тиғидан ёмон.

 

* * *

Қасос-интиқом биз ўзимиз қуйган заҳар тўла косани ўзимизга тутар.

 

* * *

Фосиқликда майдан товламачиси йўқ. Оёғингни ердан узиб, ботир қиладиган ҳам, қайтиб лойга ботирадиган ҳам ўзи. Васвасага солиб, сиринг очадиган ҳам, расвойингни тортгач, бош қутқариб қочадиган ҳам ўзи!

 

* * *

Қуруқ “миш-миш” вишиллаган илондан баттар.

 

* * *

Биз ҳар ишни ичимизда бир илинж билан

“Эртага!” – деб пичирлаймиз кундан-кун чўзиб.

Умр товуш чиқармасдан, оёқ учида,

Астагина адоғига етгач, қарасак:

Ўтган барча ўша кунлар бизга сездирмай,

Йўл ёритиб, бошлаб кепти гўрнинг лабига.

 

* * *

Ҳаёт – соя; саҳнадаги муқаллид, холос,

Ўйнаб-кулиб муддатини ўтар-да кетар.

 

* * *

Умид – ошиқларга ҳасса!

 

* * *

Агар эркак ўз сўзида собит бўлганда,

Камолотнинг чўққисига чиққан бўларди.

 

* * *

Наҳотки беозор, соддадил одам

Таҳқирсиз, туҳматсиз яшай олмаса!

 

* * *

Ёвуз ўз тиғига санчилиб ўлар.

 

* * *

Ишончим комилки, охир-оқибатда инсонларнинг пасткашлиги олдида шайтон маъсум бир фаришта бўлиб қолади.

 

* * *

Бахт меъёрни билишда.

 

* * *

Такаббурлик – ҳилвираган, омонат мато.

 

* * *

Ботирликнинг бир зийнати - камтаринлик.

 

* * *

Ташқи гўзаллик ўзининг пинҳоний ички олами билан янада қимматлидир. Китоб муқоваси зарҳалли бўлибгина қолмай, ичидаги мазмуни ҳам олтинга тенг бўлса, у алоҳида аҳамият касб этади.

 

* * *

Кўриш ва сезиш бу мавжуд бўлмоқликдир, мулоҳаза юритиш эса яшаш демакдир.

 

* * *

Ушбу қоидага ҳамиша амал қил: сўзларга – торлик, фикрларга эса кенглик керак.

 

* * *

Бир қадар азият қўшилмаган соф бахт бўлмайди.

 

* * *

Ўз қобилиятини кўз-кўз қилмаслик – ҳамиша истеъдод кафолатидир.

 

* * *

Ҳалол одам учун энг оғир ҳақорат – уни ноҳалолликда гумон қилишдир.

 

* * *

Тоза юракни қўрқитиш қийин.

 

* * *

Фақат чин дўст дўстининг заиф томонларига чидайди.

 

* * *

Сўз – шамол, ҳақоратли сўз эса елвизак каби зарарлидир.

 

* * *

Ҳеч нарса ҳамма вақт бир хилда яхши бўлолмайди, чунки ўша яхши ҳам ўзининг чексиз яхшилигидан адойи тамом бўлади.

 

* * *

Беғамлик ёшларнинг шўри бўлганидай,

Ортиқча куюнчаклик кексаларнинг шўридир.

 

* * *

Фақат ўзи учун яшаш инсонликни суиистеъмол қилишдир.

 

Дилфуза ЖУМАЕВА тўплади.

“Қашқадарё” газетаси

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены