Banner Top

Китобга муҳаббат болаликдан бошланади

  Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 4-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатида “Она тили, нутқ маданияти ва адабиёт фанларини ўқитишда ўқувчиларнинг китобга бўлган муҳаббатини ошириш” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.

  Ёш авлодни билимли, мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал салоҳиятли инсонлар этиб тарбиялашда китоб муҳим аҳамиятга эга. У нафақат ёшларни, балки барчамизнинг дунёқарашимизни, керак бўлса, ҳаётимизни тубдан ўзгартириб юборади. Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур ҳужжат асосида ташкил этилган ушбу тадбир ҳам китобхонликни тарғиб этишга хизмат қилади.

  Ноанъанавий тарзда ўтказилган тадбир бошланишида мактаб-интернатда йил давомида ўтилган дарс жараёни ва тадбирлардан видеоролик намойиш этилди. Ундан кейин «Китоблар шаҳарчаси»га саёҳат уюштирилди.

  “Қадрият” бекатидан ўтиб, “Маънавият” бекати томон йўл олар экансиз, саҳнада Алишер Навоий давридан лавҳа намойиши бошланди. Тўрт ёшли Алишер китоб варақлаш билан овора. Шунда унинг олдига отаси кириб келади ва китобни эҳтиёт қилишлиги, муқоваларини йиртиб қўймаслиги айтади. Кичкина Алишер эса “Ота-жон, китобни ёмон болаларгина эҳтиёт қилмайди”, – дея жавоб беради. “Маърифат”, “Зиё” бекатларида ҳам ўқувчилар ижросида китобхонликни тарғиб қилувчи саҳна кўринишлари намойиш этилди. “Зулфияхоним” бекатида эса мактабнинг истеъдодли ўқувчилари ўзлари эришган ютуқларида китобнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб бердилар.

  Мактаб-интернат ўқитув-чилари Феруза Элибоева, Одина Холматоваларнинг она тили фанидан «Мустаҳкамлаш» ҳамда “Нутқнинг бойлиги” мавзусида олиб борган очиқ дарслари ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

  Бундан ташқари “Китобим – офтобим” мавзусида интерфаол тўгарак машғулоти ва Муҳаммад Юсуф таваллудига бағишланган адабий-бадиий тадбирда ўқувчилар томонидан намойиш этилган ҳар бир саҳна кўриниши китобнинг инсон ҳаётида йўлларни ёритувчи ҳақиқий маёқ эканлигини тадбир иштирокчиларининг юрак-юрагига етказиб бера олдилар.  

   – Бадиий адабиётсиз ҳеч қандай кашфиёт яратилмайди, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси методика маркази мутахассиси Гуллолахон Ибрагимова. – Ҳар қандай касб эгаси бўлиш учун бадиий адабиётни кўп ўқиш керак. У сизни одамларни яхшироқ билишга, ҳаётни кузатишга, зийрак бўлишга ўргатади. Фарзандларини китоб ўқишга қайтариш учун хорижликларнинг ҳам бугунги кунда боши қотган. Биз ана шундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ана шундай семинарларни ташкил қилмоқдамиз. Натижаси эса кўриб турганингиздек самарали бўлмоқда. Қувонарлиси, китобхонлик сўнгги пайтларда анча изга тушиб бормоқда. Фарзандларимиз ҳаётида китобнинг ўрни ҳамда аҳамиятини янада кучайтириш, китобга бўлган ҳурматини ошириш ҳамда китобхонлик ва мутолаа маданиятини шакллантириб бориш олдимизда турган долзарб вазифалардан биридир.

  – Мумтоз ва  замонавий адабиётлар, ўқув-маърифий китоблар, энциклопедик луғат ва маълумотномалар бола тафаккурини ўстиришда жуда муҳим восита ҳисобланади, – дейди семинар иштирокчиси, Данғара туманидаги 38-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Ирода Солиева. – Шу билан бирга, бундай адабиётлар  шакл жиҳатдан болалар таъбига мос бўлиши ҳам зарур. Бугунгидай семинарлар фарзандларимиз камолоти йўлида қўйилаётган муносиб бир қадамдир.

  Дарҳақиқат, китоблар – инсониятнинг энг бебаҳо маънавий мулки, мислсиз хазинаси. Ундан ҳар биримиз фойдаланишимиз, ақлимизни хоҳлаганимизча унинг дуру жавоҳирлари билан тўлдиришимиз мумкин. Ундан куч-қувват олиш, маънавиятимизни бойитиш имконига эгамиз. У шундай мўъжизавий хазинаки, қанча олсангиз ҳам бир қатраси камаймайди. Бу хазинанинг калити қўл етмас жойга илинган эмас. Унинг калити – мутолаа. Бу калит доимо сизнинг ихтиёрингизда. Фақат кутубхонага киришга хоҳиш бўлса, бас.

 

Азизахон Расулова,

мактаб-интернатнинг она тили ва адабиёти фани  ўқитувчиси

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены