Banner Top

Жиззахда Ҳамид Олимжон ва Зулфия хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаси очилди

  Садоқат ва вафо куйчиларига эҳтиром Жиззах шаҳрида халқимизнинг ардоқли фарзандлари, улкан шоирлар Ҳамид Олимжон ва Зулфия хотирасига бағишлаб барпо этилган ёдгорлик мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

  Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов, адабиётшунос И.Ғофуров ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбони, икки ардоқли шоир номи билан аталган ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат, музей миллий адабиётимиз ривожига улкан ҳисса қўшган, халқимизнинг суюкли фарзандлари хотирасига кўрсатилган алоҳида эҳтиром ифодаси эканини таъкидлади.

  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 июндаги «Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат учун 4 қаватли замонавий бино қуриб битказилди. Бинода кенг ва ёруғ синфхоналардан ташқари 100 ўринли ётоқхона ва ошхона, фаоллар зали ҳамда бошқа хоналар бор.

  Истеъдодли ҳайкалтарошлар Тўлаган Тожихўжаев ва Тўлаган Ёрқулов томонидан яратилган ёдгорлик мажмуаси бу ерга ташриф буюрган юртдошларимиз, айниқса, ёш авлодимизнинг маънавий оламини юксалтириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга катта ҳисса қўшади.

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены