Banner Top

“Ўзбекистон - Ватаним маним”ини янги талқинини эшитдингизми?

  Баҳром Назаров. Замонавий ўзбек эстрадасининг ёрқин юлдузларидан бири. Аслида матбуотда саньаткорлар ҳақида “ёрқин юлдуз” ибораси ишлатилса, энсам қотади. Аммо бу иборани Баҳром Назаровга нисбатан бемалол ишлатса бўлади. Чунки у қаёқдаги қаланғи-қасанғиларнинг шеърларини эмас, балки танлаб, чертиб-чертиб олинган шеърларни қўшиқ қилади.

  Унинг ижодидан замонамиз шоирларининг ҳам, мумтоз адабиётимиз вакилларининг ҳам шеър-у ғазаллари қўшиқ сифатида ўрин олган. Шу ўринда Увайсий, Маҳтумқули, Огахийларнинг ғазалларини мисол сифатида келтириш мумкин.

  Шу йилнинг 14-15-16 ноябрь куни Тошкентдаги муҳташам “Истиқлол” саньат саройи ўз бағрига Баҳром Назаров мухлисларини чорлайди. Хонанда айни дамда учинчи бор катта саҳнада мухлислар синовидан ўтишга тайёргарлик кўрмоқда. Шу муносабат билан Миллий Матбуот марказида Баҳром Назаров иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Шу ўринда бу каби матбуот анжуманлари фақат Жаҳонгир Отажонов ва Баҳром Назаров томонидангина ўтказилишини айтиб ўтишни истардик.

  Шу ўринда ўзбек журналистикасидаги ярамас бир одат ҳақида ҳам тўҳталиб ўтишни истардим. Бу – матбуот анжуманидан бир неча дақиқа аввал айрим журналистларнинг анжуман иштирокчиларидан интервью олиб, жуфтакни ростлаб қолишларида яққол кўзга ташланади. Бугунги матбуот анжумани 14.00га белгиланган эди. Кечикиб қолмай деган ниятда шоша-пиша йўлга отландим. Барибир кечикибман. 14.10да МММда эдим. Не кўз билан кўрайки, матбуот анжумани ҳали бошланмаган эди.Уч-тўрт журналист эшик олдида хонандани қуршаб олган ҳолда интервьюни бошлаб юборишган эди. Катта залда эса кўплаб журналистлар кутиб туришар эди. Бу биргина Баҳром Назаров билан эмас, ҳамиша шундай бўлади.

  Унда матбуот анжуманинг нима кераги бор? Ахир матбуот анжумани ўзингизни қизиқтирган саволларга жавоб олиш учун ўтказилмайдими? Бўлар иш бўлди, анжуман 14.26да бошланди.(Атай соатга қарадим. Бунда Баҳром Назаровни айби йўқ. Залда ўтирган ҳамкасбларини кутириб қўйган бошқа шаввоз журналистларни айблаш керак).

   Матуот анжумани қизғин бўлди ва бир соатдан ошиб кетди. Ҳар қандай саволга жавоб беришга ҳаракат бўлди. Жонли ижро ҳақида ҳам гапирилди, фонограмма ҳақида ҳам айтилди.

   Баҳром Назаровнинг бу галги концерт дастури “Интизор” деб номланади. Бундан аввалгиларига “Шукрона”, “Бахт учун” деб ном берилган эди.

  Концерт ташкилотчилари ва хонанданинг сўзларига қараганда, дастурда 10га яқин янги қўшиқ тақдим қилинади. Улар орасида ранг-баранг мавзулар акс этган фалсафий қўшиқлар бор. Бунинг учун салкам бир йил тайёргарлик кўрилди. Ўтган галги концертларнинг ютуқ ва камчиликлари ўрганилди. Дастур Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов қаламига мансуб “Ўзбекистон - Ватаним маним” қўшиғи билан бошланади. Олдиндан айтиб қўя қолай, хонанда матбуот анжумани якунида мана шу қўшиқдан парча куйлади. Биргина шу қўшиқни эшиттиш учунгина Баҳром Назаров концертига тушиш керак деб ўйлайман. Ташкилотчилар раҳматли Абдула Ориповнинг оила аъзоларига таклифнома юборишса яхши бўларди.(Балки бу режаларида бордир).

  Матбуот анжуманида камина мана шу қўшиқ хақида савол бердим. Маълумки, бу қўшиқ аввал Муҳаммадкарим Соипов ва Шерали Жўраев томонидан ижро этилган эди. “Сиз мана шу икки саньаткорнинг қўшиқларини тинглаганмидигиз? Сизники кимникига кўпроқ яқин?” деган саволимизга Баҳром Назаров ўзининг ўта маданиятлилигини намоён қилган ҳолда ҳар икки қўшиққа юксак баҳо берди ва  М.Соипов ижодига ёндашганини, аммо ўз йўлидан борганини таъкидлади. Яна такрорлайман мана шу қўшиқни эшиттиш учун ҳам концертга тушиш керак.

  Матбуот анжуманида кўп қизиқарлди гаплар айтилди. Балки уларни бошқа ҳамкасбларимиз ўз қарашларидан келиб чиқиб ёзган бўлсалар ажаб эмас. Сайтларни бир қараб кўриш керак.

 

Шарофиддин Тўлаганов

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены