Banner Top

“Сурхондарё: буюк ўтмишдан, ёрқин келажак сари” китоби тақдимоти бўлиб ўтди

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойиши ҳамда жорий йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича копмлекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида, сифатли адо этилиши халқимиз маънавияти, маърифати, миллий интеллектуал даражасининг юксалишида кучли омил бўлиши шубҳасиз.

  Шуларни инобатга олган ҳолда, вилоят Маънавият ва маърифат Кенгаши ҳамда Сурхондарё вилоят Маънавият ва маърифат бўлими томонидан вилоятнинг ўтмиши, муқаддас қадамжолари, воҳанинг шонли тарихидан дарак бериб турувчи тарихий обидалари, археологик ёдгорликлари, бугунги кундаги тараққиёт одимлари, такрори йўқ, беназир сўлим табиати, маданияти, урф-одатлари, қадрият ва анъаналарини ўзида акс эттирган бир сўз билан айтганда қадим ва енгилмас маънавиятини намоён этувчи “Сурхондарё: буюк ўтмишдан, ёрқин келажак сари” номли китоб-альбомининг нашрдан чиқарилиши кенг жамоатчилик томонидан юксак эътирофлар билан қарши олинди.

  2017 йил 15 декабрь куни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси катта мажлислар залида ушбу китоб-альбомнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

  Тақдимотда олимлар, зиёлилар, маънавиятчилар, ўқитувчилар, маҳалла фаоллари, ёшлар, ОАВ вакиллари ҳамда китоб-альбомни чоп этган “Маънавият” нашриёти раҳбари - Суннат Аҳмедович Аҳмедов, дизайнер – Соҳибов Шуҳрат Шамсиддинович ҳамда Ишчи гуруҳи аъзолари, муаллифлар иштирок этишди.

  Шу ўринда қайд этиш керакки, мазкур китобни яратиш учун вилоят ҳокими, вилоят Маънавият ва маърифат Кенгаши раисининг ташаббусси асосида ўз соҳасининг етук мутахассилари, тарихчилар, олим ва маданият ходимлари, кенг жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилди. Мазкур ишчи гуруҳ қарийб бир йил давомида китоб-альбом устида иш олиб бордилар. Вилоятнинг диққатга сазовор жойларини суръатга олиш мақсадида азим Тошкент шаҳридан тажрибали фотографлар жалб этилди. Китоб яратилиши жараёнида ҳар бир туманнинг ўзига хос табиати, муқаддас ва тарихий қадамжолари, урф-одатлари, фасллар алмашинуви, ҳунармандчилик намуналарига, кийиниш маданияти, машғулоти умуман олганда Сурхон воҳаси аҳолисининг ўзига хос характерини кўрсатиб беришга алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур ишларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишида Республика Маънавият ва маърифат маркази шаҳар ва туман бўлинмаларининг меҳнатларини алоҳида эътироф этиш жоиз.

  Мазкур китобни тайёрлаш жараёни 3 босқичда амалга оширилди. Дастлаб мутахассис-олимлардан ташкил топган Ишчи гуруҳ томонидан китобдан жой олиши лозим бўлган объектлар рўйхати шакллантирилиб, улар ҳақида тўлиқ маълумотлар базаси яратилди.

  Иккинчи босқичда мазкур рўйхат асосида юқори тажрибага эга бўлган фотографлар жалб этилиб, объектларни суратга олиш ишлари олиб борилди. Китоб-альбомнинг яратилишидаги ҳал қилувчи учинчи босқичда тўпланган маълумотлар ва фотосуратларни умумлаштириш ва таҳрир қилиш ишлари олиб борилиб, яхлит асар ҳолига келтирилди.

  Ушбу ишларни амалга оширишда вилоят ҳокими, вилоят Маънавият ва маърифат Кенгаши раиси Э.Турдимов бошчилигидаги тузувчи муаллифлар ҳамда ишчи гуруҳ аъзолари Р.Қўчқоров, Ш.Пидаев, С.Аҳмедов, Ф.Шарипов, Ф.Эргашев, Б.Турғунов, Е.Рябова, С.Турсунов, З.Алимардонова, Ш.Соҳибовлар китоб-альбомга киритилган ҳар бир фотосурат ва маълумотларнинг жойлашиши, дизайни устида иш олиб бориб, уни оптимал шаклга келишидаги фидокорана меҳнатлари таҳсинга лойиқ.

  Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур китоб 2000 нусхада, ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилган бўлиб, айни кунларда вилоят ҳокими, вилоят Маънавият ва маърифат Кенгаши раисининг ташаббуси билан ушбу китобнинг айрим ўзгартиришлар киритилган ҳолдаги қўшимча ўзбек, инглиз ва япон тилида 1000 нусхада чоп этишга тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

  Умуман олганда вилоятнинг тарихи, бугуни ва келажагини, унинг бетакрор таъбиатини акс эттирувчи бу каби китобларнинг кўплаб яратилиши, айниқса чет тилларда чоп этилиши воҳада туризмнинг ривожланишига, ҳудуд иқтисодиётининг ўсишига пировардида эса мамлакатнинг тараққий этишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Шу билан бир қаторда, аҳоли ўртасида китобхонликни ривожланишига, воқеларни таҳлил қилиш ва ечим чиқара олишни, тасаввурда гўзал манзараларни ва ҳолатларни жонлантириш, қалбда ватанга меҳр муҳаббатни ва яхши мақсад-ниятлар ўйғонишини, қувонч туйғулари юзларида акс этиб инсонлар билан ўзаро мулоқот имконияти ривожланишини ҳосил қилишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Республика Маъанвият ва маърифат маркази

Сурхондарё вилоят бўлими раҳбари,

Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят

Кенгаши депутати.

+998907462599

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены