Banner Top

Қозоғистонда Назарбоев тўғрисида киноэпопеяни суратга олиш давом этмоқда

  Олмаотада 20 декабрь куни 1990 йил апрелдан бери Қозоғистоннинг президенти сифатида фаолият юритиб келаётган Нурсултон Назарбоев ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Етакчи йўли” бадиий фильмларининг давомини суратга олишнинг биринчи босқичи  якунланди.

  Киноэпопеянинг навбатдаги қисми «Жаҳон эпицентрида» деб номланади. Мазкур фильмни “Сатайфильм” киностудияси билан ҳамкорликда суратга олаётган “Қозоқфильм” киностудияси  томонидан тарқатилган матбуот хабарида таъкидланишича, картинада “Қозоғистоннинг ёш пойтахти Остонанинг тараққиёт йўли: пойтахтни Оқмолага кўчириш ҳақида қабул қилинган 1994 йилдан бошлаб ҳозирги кунимизгача бўлган давр, қисқа муддатда Остона жаҳон даражасидаги пойтахтлар рўйхатига киргани, таърифланади».

  Эпопеянинг олтинчи қисмини таниқли қозоғистонлик кинорежиссёр Акан Сатаев суратга олмоқда. Фильм сценарийси Тимур Жақсилиқов ва Адильбек Жақсибеков томонидан ёзилган. Адильбек Жақсибеков  юқори лавозимли амалдор бўлиб, айни дамда Қозоғистон президенти маъмурияти раҳбари сифатида фаолият юритади.

  Эпизодлардан бирида суратга тушган актёрлардан бири ўзининг Facebook’даги саҳифасида суратга олишдан аввал ҳамманинг телефон ва фотоаппаратлари йиғиштириб олинганини ёзган эди.

  Кинонинг янги қисмида Нурсултон Назарбоев ролини Талдиқўрғондан таклиф қилинган театр ва кино актёри Мурат Ахманов ўйнайди. “Қозоқфильм” киностудияси томонидан ноябрь ойида тарқатилган хабарда айтилишича, “Жаҳон эпицентрида” фильмида иштирок этадиган актёрларнинг грими британиялик рассом -визажист Марк Кульер томонидан қилинади. У «Отель «Гранд Будапешт» фильмидаги энг яхши макияж учун “Оскар” мукофотини олган  ва “Темир хоним” фильмидаги энг яхши макияж ва сочлар учун BAFTA совринини қўлга киритган.

  Январь ойида «Жаҳон эпицентрида» фильмини суратга олиш давом этади. Шундан кейин бироз танаффус бўлади ва ёзда яна давом эттирилади. Кинокартина катта экранларга 2018 йилнинг декабрида чиқарилиши режалаштирилган. Бундан аввал Қозоғистон ахборот

  Агентликлари “Етакчи йўли. Жаҳон эпицентрида” фильми учун хукумат бюджетдан 2,3 миллиард тенге (6,8 миллион доллардан ортиқ) маблағ ажратиши ҳақида маълум қилган эди.

 

Сўнги ўзгартириш: Жума, 22 Декабрь 2017 09:41

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены