Воскресенье, Август 25, 2013

Марк Твен. Кучукча ва уч доллар пул

 (ҳикоя)

     Мен ҳаммавақт одам ҳалол яшаши керак, деб ишониб келганман. Доимо битта гапни такрорлардим: “Ҳеч қачон ўзинг тер тўкиб топмаган нонни оғзингга олмагин”.

       Ҳозир сизга бутун умрим мобайнида нечоғлик ҳалол яшаганимни исботлаб берувчи битта ҳикояни айтиб бермоқчиман.

       Бир-икки кун илгари яқин дўстимнинг уйида Майлс исмли генерал билан учрашиб қолдик. Генерал Майлс тенги йўқ одам экан, у билан тезда тил топишиб олдик. 

       “Сиз мабодо 1867 йилда Вашингтонда яшаган эмасмисиз?”- дея дабдурустдан сўраб қолди генерал.

       “Ҳа, яшаганман”, - деб жавоб бердим мен.

       “Буни қаранг-а, ўшандан бери ҳеч юз кўриша олмадикми?”- деди генерал афсусланиб.

       “Генерал”, - дея унинг гапини бўлдим мен. “Ўшандан кейин биз юз кўриша ололмасдик. Сиз ўша пайтдаям аллақачон катта генерал бўлганингизни, мени эса ҳали номи чиқмаган ва китоблариниям ҳеч ким ўқимайдиган бечорагина ёзувчи бўлганимни унутган кўринасиз. Сиз мени эслай ололмайсиз, деб ўйлайман, лекин биз ўша вақтда Вашингтонгда бир мартагина кўришиб қолгандик”.

        Ўша учрашувни мен ҳозиргидай яхши эслайман. Унда мен роса ғариб яшардим, ҳатто нонга ҳам тез-тез пул тополмай қийналардим. Менинг бир дўстим ҳам бор эди. У ҳам мендан қолишмайдиган камбағал ёзувчи эди. Биз бирга яшардик. Ҳамма ишни биргалашиб бажарардик: ишлардик, китоб ўқирдик, биргаликда сайр қилардик. Қорнимиз оч қолганида ҳам иккаламиз баробар оч бўлардик. Бир марта уч доллар пулга росаям зориқиб қолдик. Нима учун айнан уч долларга муҳтож бўлганимизни ҳозир эслай олмайману, бироқ ўша пулни кечгача топишимиз зарур бўлгани ёдимда қолган.

        “Биз дарҳол уч доллар топишимиз шарт”, - дедим дўстимга. “Мен бу пулни топишга ҳаракат қиламан, лекин сен ҳам жим ўтираверма.”

        Уйдан чиқиб кетганим билан қаерга бориб, қандай қилиб уч долларни топа олишимни билмай бошим гаранг эди. Бир соатча Вашингтон кўчалари бўйлаб сандироқлаб юра-юра, ахийри тинка-мадорим қуриди. Ниҳоят битта катта меҳмонхона олдига келдим. “Ичкарига кириб, бироз нафасимни ростлаб олай”, - деб хаёл қилдим ўзимча.

        Меҳмонхона залига кириб, диванга ўтирдим. То жажжигина, ёқимтой бир кучукча залда пайдо бўлиб қолгунича ўша ерда ўтиравердим. Кучукча ниманидир қидириб юрарди. Ҳа, чинданам ғаройиб кучук экан, дея хаёлимдан ўтказсам-да, бироқ қўлимдан ҳеч нима келмасди, охири мен уни ёнимга чақириб, у билан бирга ўйнай бошладим.

       Нотаниш бир эркак меҳмонхонага кириб келганида мен ҳалиям ит билан ўйнаб ўтирардим. Бояги эркакнинг эгнидаги кўркамгина формасидан мен дарҳол уни Генерал Майлс эканлигини фаҳмладим. Мен илгаридан уни газеталардаги суратлари орқали яхши танирдим.

      “Воажабо! Қандай чиройли кучукча экан-а!”- дея ҳайратланди у. “Сизникими?”

       Энди жавоб айтиш учун оғиз жуфтлаган эдим:

      “Кучугингизни сотмайсизми?”- деб сўраб қолди у.

      “Уч доллар”- деб юбордим бехосдан.

      “Уч доллар?”- дея ажабланди генерал. “Жудаям арзон-ку. Мен сизга кучугингиз эвазига 50 доллар тақдим этаман”.

      “Йўқ, йўқ, керак эмас. Атиги уч доллар кифоя қилади, жаноб”.

      “Майли, нимаям дердим. Кучук сизники. Модомики фақат уч долларгина истар экансиз, камина итингизни жон-жон деб сотиб оламан”.

       Генерал Майлс менга уч доллар берди-да, итни олиб, хонасига чиқиб кетди.

         Орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмас бир қария залга ҳаллослаганча югуриб кирди. У зал узра зириллаб кўз югуртира бошлади. Чолнинг нимадир қидираётганини тушундим. 

       “Афтидан, бир кучукчани қидираётган кўринасиз, жаноб?” – дея илтифот қилиб сўрадим.

        “О, ҳа! Уни кўрдингизми?”- деб сўради қария суюниб кетиб.

        “Итингиз атиги беш дақиқа аввал шу ерда эди, уни бир эркак билан кетганига кўзим тушгандай бўлувди”, - дедим мен шоша-пиша. “Агар йўқ демасангиз, уни топишда сизга кўмаклашиб юбораман”.

         Қария хурсанд бўлиб кетди ва унга ёрдамлашишимни илтимос қилди.

        “Сизга ёрдамим тегса, бошим осмонга етарди, бироқ бу ҳол андак вақтимни ўғирлайди-да, шунга...”

        “Кетган вақтингиз ҳисобини ўзим тўлайман”, - деди қария жонҳолатда. “Қанча истайсиз?”

        “Уч доллар”- деб ҳозиржавоблик билан жавоб бердим мен.

        “Уч доллар”, - худди генерал каби ажабланди қария ҳам. “Бироқ биласизми, менинг итим бебаҳо кучук эди. Агар уни менга топиб берсангиз, сизга ўн доллар ҳам тўлашга розиман”.

        “Йўқ, жаноб, мен фақат уч долларгина истайман, холос, ундан ортиқ бир тийини ҳам керак эмас”, - дея ҳотамтойлик қилдим мен.

         Шундан сўнг мен тўппа-тўғри Генерал Майлс хонасига кўтарилдим. Генерал янги меҳмони билан ўйнаб ўтирган экан.

         “Итни қайтариб олгани келдим”, - деб маълум қилдим мен қатъий.

         “Лекин энди бу ит сизники эмас – уни мен сотиб олдим. Бунинг эвазига сизга уч доллар пул ҳам инъом этдим”, - дея ҳайрон қолди Генерал.

          “Сизга берган пулингизни қайтариб бераман, лекин итни олиб кетишим зарур”, - деб оёғимни тираб олдим мен ҳам.

          “Аммо сиз кучукни менга пуллаб бўлдингиз, у энди менинг итим”.

          “Афсуски, уни сизга сота олмас эканман, жаноб, негаки у меники эмас эди”.

          “Буниси билан нима ишим бор, бироқ сиз кучукни уч доллар эвазига менга сотиб бўлгансиз”.

          “Буни қаранг-а, ит ўзимники бўлмаса, уни сизга қандай қилиб сотиб юбораман? Сиз мендан кучук учун неча пул истайсиз, деб сўрадингиз, мен эса уч долларга зориқиб турганимни айтдим, бўлган гап шу, холос. Лекин сира-сира ит меники, деган гапни оғзимга ҳам олмадим”.

           Энди Генерал Майлснинг тепа сочи тикка бўлди.

          “Берган уч долларимни чўзиб қўйинг-да, итингизни олиб кетаверинг”, - деб бақирди у.

           Кучукчани ўз эгасига олиб борганимда, боёқишнинг боши кўкка етди, қувончи терисига сиғмай, ваъда қилган уч доллар пулини қўлимга тутқазди. Менинг ҳам кўнглим жойига тушганди, зеро мана энди пешона терим билан ишлаб топган уч доллар пулга эга бўлгандим.

          Ана энди сиз нима сабабдан менинг ҳалоллик борасидаги айтган  сўзларимни англаб етгандирсиз, зеро ошинг ҳалол бўлса кўчада ичгин , дейдилар, одам ҳеч қачон бели оғриб топмаган нонни оғзига олмаслиги жоиздир.

                                                                                                 

                                                                       Инглиз тилидан

 Қандилат Юсупова таржимаси

Ўқилган 478 маротаба