Воскресенье, Август 25, 2013

Франц Кафка: «Санъат туб моҳияти билан фожиали»

Густав Яноухнинг «Кафка билан суҳбатлар»идан

  – Сизнинг шеърларингизда ҳали шовқин кўп. Бу ёшликка хос ҳолат, бу тириклик қувватининг керагидан ортиқ даражадалигидан далолат. Ўз-ўзича бу шовқин гўзал, гарчи санъатга алоқаси бўлмаса-да. Аксинча! Шовқин маънодорликка халал беради. Бироқ мен танқидчи эмасман. Мен тезда бошқа қиёфага киролмайман, сўнг ўз аслимга қайтиб ва оралиқни аниқ мувофиқлаштириб юборолмайман. Такрор айтаман, мен танқидчи эмасман. Мен маҳкум ва томошабинман, холос.

   – Ҳакам ким?

 – Тўғри, мен яна судда хизматчи ҳамман, бироқ ҳакамларни билмайман. Мен судда кичик муваққат ходимман, чоғи. Ботинимда ҳеч қандай барқарор нарса йўқ. Барқарор фақат изтироб. Сиз қай маҳалда ёзасиз?

 – Кечқурун, оқшомда. Камдан-кам ҳолларда кундуз куни. Мен кундузлари ёзолмайман.

   – Кундуз – буюк сеҳргар.

   – Менга ёруғ, фабрика, уйлар, рўпарадаги дераза халал беради. Айниқса, ёруғ. Ёруғ диққатни чалғитади.

   – Эҳтимол, у ботиндаги зулматдан чалғитар. Ёруғ одамдан устун келганда яхши, албатта. Агар бу даҳшатли, уйқусиз тунлар бўлмаганида эди, мен умуман ёзмасдим. Ҳозирги ҳолимда эса мен мудом ўзимнинг аянчли якка маҳкумлигимни ҳис этаман.

 *  *  *

  – Сиз шоирни Ғаройиб паҳлавондай тасвирлайсиз: унинг оёқлари заминда, боши эса булутлар орасида кўринмай кетган. Албатта, бу мешчанларча шартлилик нуқтаи назаридан айни рисоладаги образ. Бу – воқелик билан ҳеч қандай алоқаси йўқ, соҳир майллар сароби. Аслида шоир ўртаҳол одамдан-да хийла майда ва кучсиз. Шунинг учун у тириклик юкини бошқалардан кўра кескинроқ ва кучлироқ туяди. Унинг ўзига қолса қўшиқлари – фиғон, холос. Санъаткор учун ижод – изтироб, бу восита орқали у юрагини янги изтироблар учун бўшатиб олади. У сиймо эмас, ўз вужуди-қафасига қамалган олачипор қуш, холос.

  – Сиз ҳамми?

  – Мен мутлақо бесўнақай қушман. Мен – Kavka(зағча)ман. Тайнҳофдаги кўмирчида шунақаси бор. Сиз уни кўрганмисиз?

  – Ҳа, у дўкон олдида учиб-қўниб юради.

  – Менинг бу туғишганим мендан кўра яхши яшайди. Тўғри, унинг қанотлари қирқиб қўйилган. Мени бундай қилишга ҳожат йўқ, чунки менинг қанотларим қуриб қолган. Энди менда на осмонга, на узоқ жойга парвоз қилиш имкони бор. Одамлар орасида саросималаниб йўртиб юраман. Улар менга шубҳаланиб қараб қўйишади. Ахир, мен хавфли паррандаман, мисоли ўғри хотиндай, зағчаман мен. Бироқ бу сиртдан қараганда шундай. Аслида мен ялтироқ буюмларга ўч эмасман. Шунинг учун менда ялтироқ қора пар-патлар ҳам йўқ. Ранг-қутим ўчган, кулдайман. Жон-жаҳди билан тошлар орасига бекинишга уринаётган зағчаман. Бу гаплар шунчаки ҳазил… Бугун ёмон аҳволдалигимни сезиб қолманг, деб айтяпман бу гапларни.

 *  *  *

    «Жазо колонияси» китобчасининг илк нусхаси олингани муносабати билан:

    – Ҳар қандай чалама-чатти қораламаларимнинг нашр этилиши доим юрагимга ғулғула солади.

    – Нега уларни нашрга берасиз?

   – Ҳамма гап шунда-да! Макс Брод, Феликс Велч, дўстларимнинг бари ёзганларимни сўраб-нетиб ўтирмай олиб қўйишади, кейин менга тайёр нашриёт шартномаларини олиб келишиб бошимни қотиришади. Мен уларга ножўя гап айтишни истамайман, охир-оқибатда иш қўлёзмаларимнинг нашр этилишигача боради, ахир, булар, очиғини айтай, ўта шахсий ёзишмалар ёки кўнгилли эрмаклар. Менинг одам сифатидаги кучсизлигимнинг шахсий далолатномлари эълон қилинади ва ҳатто сотилади. Чунки дўстларим Макс Брод бошчилигида бундан нима қилиб бўлса ҳам адабиёт ясашни хоҳлашади, менда эса ёлғизликнинг бу далолатномаларини йўқ қилишга етарли куч йўқ… Менинг ҳозир айтаётган бу гапларим, албатта, бўрттириш ва дўстларимга майда таъна-дашномлар. Аслида эса, мен шу қадар одобсиз ва уятсизманки, бу нарсаларни нашр этишда ўзим уларга ёрдамлашаман. ўзимнинг кучсизлигимни оқлаш учун атай атроф-муҳитни аслидан кўра кучли қилиб тасвирлайман. Бу, албатта, алдов. Мен, ахир, юристман. Шунинг учун ҳам ёмонликдан қочиб қутулиб кетолмайман.

*  *  *

   «Ўтёқар»нинг Милена Есенская таржимасида чех тилидаги нашри муносабати билан Г.Яноух шундай деди:

   – Повестда қуёш ва хуш кайфият тасвирлари жуда кўп. Унда гарчи бу ҳақда гапирилмаса ҳам.

  – Бу повестда эмас, аксинча, ҳикоя қилинаётган объектда, навқиронликда. Ёшлик қуёш ва севгига тўлуғ. Ёшлик бахтиёр, чунки у гўзалликни кўриш лаёқатига эга. Бу лаёқат йўқотилганда ночор қарилик, руҳан сўниш, бахтсизлик бошланади.

   – Демак, кексалик бахтнинг ҳар қандай имконини инкор этаркан-да?

   – Йўқ, бахт кексаликни инкор этади. Кимки ўзида гўзалликни кўриш лаёқатини сақласа, қаримайди.

   – Демак, «Ўтёқар»да сиз жуда ёш ва бахтиёрсиз.

  – Узоқдаги нарсалар ҳақида яхши гапиришади. Улар яхши кўринади. «Ўтёқар» – аллақандай туш ҳақидаги хотиралар, ҳеч қачон рўй бермаган нимадир ҳақида. Карл Россман яҳудий эмас. Биз яҳудийлар эса, қариб туғиламиз.

*  *  *

   Ўн олти ёшли Карл Россманнинг реал тимсоли бўлганмиди, деган саволга:

   – Тимсоллар кўп бўлган ва бирорта ҳам бўлмаган. Бироқ булар бари энди ўтмишда қолди.

   – Навқирон Россманнинг образи ўтёқарнинг образидай жуда жонли.

   – Бу қўшимча маҳсулот, холос. Мен одамларни чизмайман. Мен воқеаларни ҳикоя қиламан. Булар картиналар, фақат картиналар.

   – Демак, уларнинг тимсоллари бўлган. Картиналар асосида киши кўрган, кузатган нарсалар ётади.

   – Нарсаларни, онгдан чиқариб ташлаш учун, фотосуратга туширишади. Менинг ёзганларим – кўрганларимдан кўз юмишга уриниш.

*  *  *

   «Ҳукм» ҳақида:

   – Мен бу асарни ёзишингизда сизга нима туртки берганини билишни хоҳлардим. «Ф.га» бағишлов –оддий расмиятчиликмас. Сиз, албатта, бу китоб билан кимгадир ниманидир айтишни истагансиз.

   –  … «Ҳукм» – бир оқшом шарпаси.

   –    Бу қанақаси?

   –    Бу – шарпа.

   –    Бироқ сиз уни ёзгансиз.

   – Бу – шарпадан ҳимояланишни кўзда тутиб ёзилган далолатнома, холос.

   “Эврилиш” ҳақида:

  – … Замза Кафканинг айнан ўзи эмас. “Эврилиш”  иқрорномамас, бироқ у –маълум маънода – беадаблик… Ахир, ўз оилангда кана тарқагани ҳақида гапириш одобданми?

   – Албатта, бу одобли жамиятга ёт ҳолат.

   – Кўряпсизми, мен нечоғли одобсизман.

   – Ўйлашимча, бу жойда “одобли” ёки “одобсиз” каби аниқловчилар ўринсиз. “Эврилиш” – қўрқинчли туш, даҳшатли шарпа.

   – Туш ҳар қандай ваҳимали шарпадан ҳам даҳшатли бўлган воқелик устидаги пардани кўтарди. Ҳаётнинг фожеаси ва санъатнинг қудрати ҳам шунда.

*    *    *

   Г. Яноух ўқишни мўлжаллаган бир даста китобга қараб, Кафка шундай деди:

  – Сиз ўткинчи нарсалар билан жуда кўп машғул бўласиз. Бу замонавий  китобларнинг аксарияти – бугунги куннинг “йилт” этган акси, холос. Улар жуда тез сўнади. Сиз кўпроқ эски китобларни ўқиганингиз маъқул. Классикларни. Гётени. Эскиси ўзининг сирини – кўпга чидамлилигини намоён этади. Фақат янгилиги учун қадрлангани билан, барибир, бу китобларнинг умри қисқа. Бугун ажойиб туюлади-ю, эртага бемаънилигини рўй-рост фош этиб қўяди. Ўзи, адабиётнинг йўли шунақа.

   – Поэзия-чи?

   – Поэзия ҳаётни ўзгартириб юборади. Баъзи вақтда бу янада ёмон.

*   *   *

   Кафкага Г. Яноух дўсти шоир Эрнст Ледерер(1) ўзининг шеърларини махсус оч ҳаво ранг сиёҳда қандайдир ажойиб қоғозга ёзишини айтди.

   – Ҳар қайси афсунгарнинг ўз тантана маросими бўлади. Гайдн, мисол учун, гўё тўй-томошага чоғлангандай, упали парикда мусиқа ижод қилган. Ижод – бир ҳисобдан руҳлар афсуни.

*    *    *

   Г. Яноухнинг ҳикоялар тўпламини ўқигандан сўнг:

  – Сизнинг ҳикояларингиз кўнгилда шафқат қўзғайдиган даражада ғўр. Ҳикояларингиз ҳодисалар ва нарсаларнинг ўзидан кўра, кўпроқ сизда улар уйғотган таассуротлар ҳақида сўзлайди. Бу лирика. Сиз борлиқни маҳкам тутиш ўрнига силаб-сийпалайсиз… Бу ҳали санъат эмас. Бу таассуротлар ва туйғулар ифодаси – очиғини айтганда, борлиқни тортиниб, журъатсиз пайпаслаш. Кўзлар ҳали орзу-ҳаваслар пардаси билан бекик. Бироқ бу аста-секин ўтади. Пайпаслаб қидиринаётган қўл, эҳтимол, гўё оловга теккандай, илкис тортилади. Эҳтимол, сиз чинқириб юборарсиз, пойма-пой сўзлаб ғудуранарсиз ёки тишни тишга босиб, кўзингизни мошдай жуда катта очарсиз. Бироқ булар бари сўзлар, холос. Санъат доимо кишидан бутун борлиғини бағишлашни талаб этадиган иш. Шунинг учун ҳам у туб моҳияти билан фожиали.

*  *  *

   Кафка “Прагер пресс”нинг якшанбадаги адабий иловасида, афтидан Отто Пик уюштирган адабиёт ҳақидаги сўровномани кўрсатди.  Бармоғи билан “Сиз ўзингизнинг келгусидаги адабий режаларингиз ҳақида нима дейсиз?” деган саволга ишора қилиб кулди:

  – Бу аҳмоқона савол. Унга жавоб бериб бўлмайди. Ахир, яқин орада юрак қандай уришини айтиб бўларканми? Қалам юракнинг сейсмографик грифели, холос. У билан тебранишларни  қайд қилиш мумкин, уларни олдиндан айтиб беришнимас.

*  *  *

  Г. Яноух Кафкага иккита бир пардали  – Валтер Хазенклевер ва Артур Шницлер(2)нинг Янги немис театрида қўйилган пиесалари ҳақида гапирди. 

 “Томоша яхши чиқмади, – деди Г. Яноух. – Бир пиесанинг экспрессионизми иккинчисининг реализмига қоришиб кетади ва аксинча. Афтидан, репитиция қиёмига етмаган”.

  – Эҳтимол. Прагадаги немис театрининг аҳволи жуда хароб. Умуман, бу молиявий, инсоний мажбуриятларнинг бутун бир мажмуи билан боғлиқ масала, кутилган томошабинлар эса йўқ. Бу пойдеворсиз эҳром. Актёрлар режиссёрларга бўйсиндирилган, режиссёрларни театр бирлашмаси қўмитаси олдида жавобгар маъмурият бошқаради. Уларнинг барисини бир бўғинга боғлаб бошқариб турадиган тизим йўқ. Бу ерда ҳақиқий немислар йўқ, шунинг учун ишончли, доимий томошабин ҳам йўқ. Ахир, ложа ва партерлардаги немисча гапирадиган яҳудийлар немислармас, айвонларда орқа ўриндиқлардаги Прагага келиб турадиган немис талабалари – ҳокимиятнинг олдига тушиб олган қўриқчилар тўдаси, душманлар, бироқ тингловчилармас. Бундай шароитда, албатта, жиддий ижодий натижаларга эришиб бўлмайди. Кучлар майда нарсаларга сарф этилади. Уринишлар, зўр беришлар беҳуда кетади, бу ҳаракатлар ҳеч қачон мақсадга – яхши спектакл намойишига олиб келмайди, Шунинг учун ҳам мен театрга тушмайман. Бу жуда қайғули.

*  *  *

   Немис театрида Валтер Хазенкливернинг «Ўғил» драмасини намойиш қилишди.

  – Ўғилнинг отага исёни – адабиётнинг қадим мавзуи ва дунёнинг энг кўҳна муаммоларидан. Унга драмалар ва трагедиялар бағишланган, аслида эса, бу комедиянинг материали. Буни ирландиялик Синг(3)  тўғри англаган. Унинг «Ғарб қаҳрамони» драмасида ўғил – отасини ўлдиргани билан мақтанадиган ғўр маҳмадона. Бироқ кейин саҳнада қария пайдо бўлади ва ота обрўсини тўккан оқпадарни фош этади.

  – Назаримда, сиз ёшликнинг кексаликка қарши курашига умидсизлик билан қарайсиз.

  – Менинг умидсиз қарашим бу курашнинг моҳиятан сохта кураш эканини ўзгартирмайди-ку… Кексалик – ёшликнинг келажаги, эртами, кечми у бунга эришади. Курашнинг нима кераги бор? Эртароқ қариш учунми? Тезроқ кетиш учунми?

 *  *  *

  Г.Яноух болалик чоғида онаси билан Полшанинг Пшемисл шаҳарчасидаги яҳудийлар яшайдиган мавзега боришганини эслайди. Ўшанда эски уйлардан, ғира-шира дўкончалардан одамлар югуриб чиқиб келишганини, йиғлашиб, кулишиб онасининг қўлларини, кўйлагинингэтагини кўзларига суртишиб ўпишганини, бунинг сабабини – онаси бир пайтлар кўплаб яҳудийларни уйига яшириб талончиликдан асраб қолганини – кейинчалик билганини айтиб беради.

  – Мен ҳозир бу камбағал яҳудийларнинг геттосига чопиб бориб, жимгина, чурқ этмай уларнинг этагини ўпгим келаётир. Агар улар менинг ўзларига яқинлигимга индамасдан бардош билан тоқат қилишса, мен жуда  бахтли бўлардим.

  – Сиз шунчалик ёлғизмисиз?

  Кафка бош ирғаб маъқуллади.

  – Худди Каспар Гаузер(4)дай?

  – Каспар Гаузердан ҳам ортиқроқ. Мен ёлғизман, худди… Франц Кафкадай.

  

ИЛОВА

   Чехиялик мусиқачи ва адабиётчи Густав Яноухнинг (1903-1968) “Кафка билан суҳбатлар” китоби алоҳида хусусиятга эга.
   Г.Яноух Кафка билан 1920 йили мартда “Arbeiter-Unfallversicherungsanstalt” ижтимоий суғурта жамияти идорасида танишади. Бу идорада Кафка билан бирга Яноухнинг отаси хизмат қилган. Бир куни у ҳамкасбига ўғлининг шеърларини кўрсатади. Шундан сўнг Г.Яноух Кафка билан тез-тез учрашиб, суҳбатлашиб туришади. Г.Яноухнинг айтишича, 1926 йили Кафканинг ҳикояларини чех тилида нашр этишда қатнашаётганда у ношир Йозеф Флориандан кундаликларидаги Кафкага доир қайдларни нашрга тайёрлаш ҳақида таклиф олади. Г.Яноух кундаликларидаги шундай қайдларни кўчириб, чех тилига таржима қилиб Й.Флорианга беради, бироқ ўшанда бу иш нашргача бориб етмайди. Урушдан кейин у қоғозлари орасидан ва дўстларидан ўзининг чехча-немисча, немисча-чехча қўлёзмаларини топади, “Эски хотираларни тартибга солиш, саралаш ва қайта кўчириш билан чекланиб”, “Кафка билан суҳбатлар”, “Қайдлар ва хотиралар”ни (1951) нашр эттиради.
  Албатта, Г.Яноухнинг китоби танқидий ёндошишни тақозо қилади: чунки, биринчидан, бу хотира, “хотирланаётган” одам ҳақида тўғридан-тўғри айтилган гаплар эмас; иккинчидан, 17-18 ёшли ўсмир Кафка билан учрашган ва суҳбатлашган вақт билан бу ҳақдаги қайдлар чоп этилган вақт орасида йигирма беш йил борлигини ҳам назарда тутиш керак: қолаверса, хотира ва қайдлар қандай мезонларга кўра “сараланган ва қайта кўчирилган”и бизга қоронғи. Бироқ бу масалада, афтидан, М.Броднинг бу ишга муносабатини эътиборга олиш лозим бўлади. У “Franz Kafka. Eine Biographie” номли китобининг янги боб ва янги маълумотлар билан тўлдирилган учинчи нашрида 1947 йили Г.Яноух хотиралар қўлёзмасини юборганини айтиб, шундай ёзади: “Яноух келтирган Кафканинг гаплари ҳақиқий ва чинлигига ишонч уйғотади, уларда Кафканинг суҳбат тарзига хос белгилар яққол сезиларди – қайдларда бу услуб унинг асарларидагидан кўра қуюқ, нисбатан тиниқ. (…) Шунингдек, Яноух билан суҳбатларида муҳокама этилган мавзулар доираси ҳам, Кафка билан қилган кўплаб суҳбатларим туфайли, менга таниш ва уларда мен Кафкани қизиқтирган асосий масалаларни ҳеч бир қийинчиликсиз кўриб турибман”.

  Бу гувоҳлик ҳам, албатта, субъектив ва биз унга асосланиб Г.Яноухнинг китобини сўзсиз ишончли ҳужжат сифатида қабул қила олмаймиз. Шунга қарамай уни (асосан, адабиёт ва санъатга алоқадор, шунингдек, дунёқараши билан боғлиқ айрим муаммоларга доир фикрларини танлаб) тўпламга киритдик, зотан, бу китоб ҳам “жаҳон кафкашунослиги”ни ташкил этган манбалар қаторидан мустаҳкам жой олган.

  Мазкур тўпламга киритилган Кафканинг фикр-мулоҳазалари Г.Яноух китобининг қарийб ярмини ташкил этади. Учрашув ва суҳбатлар билан боғлиқ вазиятлар, ҳолатлар баёни, ташқи тавсифлар, Кафканинг суҳбат чоғидаги хатти-ҳаракатлари (“Хижолат тортиб кулди”, “ғамгин кулимсиради”, “ўйланиб қолди”), имо-ишоралари ва ҳоказолар, Яноухнинг изоҳлари ҳам қолдириб кетилди. Биз фақат Кафканинг фикр билдириши учун туртки берган нарсага эътибор қаратдик ҳамда суҳбатдошининг орада ташлаб турган луқмаларини келтириб, уларни курсив ҳарфларда бердик.

Изоҳлар:

  1. Ледерер, Эрнст (1904 – ?) – немис шоири ва мусаввири. Испаниядаги фуқаролар уруши қатнашчиси, немис концентрацион лагерида ҳалок бўлган.

  2. Бу ўринда гап немис шоири ва драматурги Валтер Хазенклевернинг (1890-1940) «Халоскор» номли ҳамда австрялик драматург Артур Шницлернинг (1962-1931) «Яшил тўтиқуш» номли бир пардали пиесалари ҳақида кетаётир. Валтер Хазенклевернинг «Ўғил» (1914) драмасини саҳнага олиб чиқиш йигирманчи йилларда немис экспрессионистлари орасида урф бўлган.

  3. Синг, Жон Миллингтон (1871-1909) – ирланд драматурги, унинг «Ғарб қаҳрамони» пиесаси дастлаб 1907 йили эълон қилинган эди.
 4. Каспар Гаузер – сирли «топиб олинган бола», 1828 йили Нюрнбергда пайдо бўлган. Якоб Вассерманнинг «Каспар Гаузер ёхуд Юрак танбаллиги» романи унинг тақдирига бағишланган.

 

Рус тилидан Аҳмад ОТАБОЙ таржимаси.

  Мазкур суҳбатдан парчалар “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”(2002)”, “Жаҳон адабиёти” журнали(2006 йил, апрел), “Ёзувчи” газетаси(2005)да чоп этилган. 

 

Манба:Behzodfazliddin.uz

 

Ўқилган 505 маротаба

Похожие материалы (по тегу)