Воскресенье, Август 25, 2013

Муҳаммаджон Холбеков. Оноре де Бальзак ва «Инсон комедияси»

  Буюк француз ёзувчиси Оноре де Бальзак ижоди Европа танқидий реализми адабиётининг юқори чўққиси ҳисобланади. Адиб қаламига мансуб “Инсон комедияси” эпопияси у яшаган давр буржуа тузуми ва жамияти тарихини ўзида ҳаққоний мужассамлаштирган қомусий асардир.

   Оноре де Бальзак 1799 йилнинг 20 майида Франциянинг Тур шаҳрида мансабдор шахс оиласида таваллуд топди. Ёш Балъзак ўрта маълумотни Париж пансион (ёпиқ типдаги мактаб-интернат – М.Х.)ида олгач, ота-онасининг хоҳиши билан ҳуқуқ мактабига ўқишга киради. Айни пайтда, Сарбонна университетига қатнаб, адабиётдан маърузалар тинглайди, бор талант ва иқтидорини бадиий ижодга бахшида этади. Ёзувчиликка бўлган истаги хом хаёл эмаслигини исботлашга ва ўз орзу-умидларини рўёбга чиқаришга интилган Бальзак отасидан икки йилга муҳлат сўраб, Парижда қолади. Бу пайт истеъфога чиққан жаноб Франсуа Бальса (ёзувчининг отаси – М.Х.) оиласи билан Париждан узоқ бўлмаган Вильпаризи шаҳарчасига кўчиб кетган эди.

   Деярли барча кунларини муҳтожликда ўтказган ёш Бальзак, икки йил давомида XVII аср классик трагедия жанрининг усталари Пьер Корнель ва Жан Расин ижодига тақлидан “Кромвел” (1819) номли шеърий фожиасини ёзиб тугатади. Бахтга қарши ёзувчининг бу илк асари унга шуҳрат келтирмайди, адабиёт анжуманларида танқидга учрайди. Шундан сўнг у бир неча тахаллусларда қатор қисса ҳамда новеллаларини эълон қилади. Бу асарлар ҳам ёш адиб номини адабиёт оламига танитмайди. Ваҳоланки, ёзувчининг мазкур асарлари сюжетида романтизм адабиёти руҳи акс этиб турса-да, бироқ улардаги хаёлий воқеалар, афсонавий ҳодиса ва тўқима образлар тасвири мазмунга зерикарли тус берган, китобхонни зериктириб қўйгувчи ҳолатда эди. Хуллас, Бальзакнинг реалликдан узоқ бўлган бу асарлари ҳам романтик ёзувчилар Виктор Гюго, Жорж Санд, Александр Дюма ва Сент-Бёв тарафидан кескин танқид қилинади. Дастлабки машқлари саналган бу асарлари баҳридан ўтган Бальзак кейинчалик “фақат ўз номим (Бальзак-М.Х) билан чиққан китобларимнигина ўзимники ҳисоблайман”, деб ёзади.

  Ёзувчининг Бальзак тахаллуси билан 1829 йилда чоп қилинган “Шуанлар” номли биринчи романи ўз муаллифини адабиёт оламига танитди. Дарҳақиқат, Бальзак бу асари билан романтизм оқимидан чекиниб, танқидий реализм томон бурилганди. “Шуанлар”да 1799 йили Франциянинг Бретон вилоятида Республикага қарши бошланган исённи бостириш билан боғлиқ воқеалар реал образлар воситасида тасвирланган эди. Ёзувчи романда мансабдор шахслар ва генераллар билан бир қаторда оддий халқ вакилларини ҳам бош қаҳрамон даражасига кўтараркан, уларнинг ўз ватани Франция тақдирига бефарқ қолмай, балки энг оғир дамларда ҳам унга жон фидо айлаб курашганликларини юксак маҳорат билан таърифлайди.

  XIX аср ўттизинчи йилларининг биринчи ярмида Бальзак француз жамиятига мансуб турли табақалар вакилларининг ҳаётини тасвирловчи “Гобсек”, “Сағри териси тилсими”, “Полковник Шабер”, “Қишлоқ врачи”, “Евгения Гранде”, “Горио ота” сингари қатор роман ва қиссаларини яратди. Бу йиллар Оноре де Бальзак ижодининг энг гуллаган даври бўлиб, у яратган юқоридаги асарлар ўз муаллифини танқидий реализм адабиётининг шоҳсупасига олиб чиққан эди.

  1834 йил Баьзак ёзган асарларини бирлаштириб, уларга “Инсон комедияси” деган умумий ном беради. “Инсон комедияси” учта асосий бўлимдан (“Одатлар ҳақида этюд”, “Фалсафий этюд” ва “Аналитик этюд”) иборат бўлиб, улар ўз ичига 143 номдаги катта-кичик асарни қамраб олиши лозим эди. Бироқ ёзувчи ўзининг йигирма йилга яқин ижоди давомида улардан 97 тасини ёзишга улгуради.

  Буюк адиб ўзининг муаззам “Инсон комедияси”га ёзган сўзбошисида шундай таъкидлаганди: “Француз жамияти ўзи тарихнинг яратувчиси бўлиб чиқди, менга эса унинг котиби бўлиш вазифаси насиб этди. Эҳтимол мен шунча тарихчилар томонидан унутилган тарих яъни хулқлар тарихини ёзиб чиқишга муяссар бўларман. Мен кўп бардош ва жасорат йиғиб, насиб бўлса, XIX аср Францияси ҳақидаги китобимни охирига етказарман”

  Дарҳақиқат, Бальзак ўз олдига қўйган бу улкан вазифани айтганидек соз адо эта олди, ўзи яшаган давр буржуа Франциясининг хулқлар тарихини бадиий сюжет ва образларда равшан тасвирлаб берди.

  Ёзувчи яратган эпопеянинг бош китоби, бу “Горио ота” романидир. Ундаги воқеалар адибнинг бошқа асарларида давом эттириб борилади. Китобхон романда иштирок этган Растиньяк, Бяншон, Вотрен, Нусинген, Гобсек, Тайфер каби персонажлар билан кейинги асарларда ҳам учрашади. Масалан, “Горио ота” романидаги икки муҳим образ – Горио ота билан Эжен Растиньяк бир-бири билан боғлангандир. Горио ота аслида буржуа корчалонлари даврасида кўп йиллар ном чиқарган, охирги пайтга келиб ўз қизларининг бахтли бўлишлари учун бор бисотини сарфлаган, оқибат бир мири ҳам пули қолмай, “итдек хор бўлиб ўлган” замонасининг вакили бўлса, Растиньяк камбағал оиладан чиққан, эндигина киборлар даврасига қадам қўйган келгуси буржуа жамияти вакили образидир. Йигитнинг киборлар даврасидаги дастлабки муваффақиятлари ва кекса Горио отанинг ҳалокати Реставрация (1815–1830) йиллари француз жамиятида Бальзак шоҳиди бўлган ижтимоий ахлоқ қонунларидан бунёд бўлганди. Ёзувчи бу тоифа одамларни романдаги Виконтесса де Босеан хоним тилидан шундай таърифлайди: “Қанча совуққонлик билан иш тутсангиз, шунча мартабангиз ошади. Ҳеч аямай зарба бераверинг, ана унда қаршингизда титраб туришадиган бўлишади... Ҳаётда жаллод бўлинг (Растиньякка қарата – М.Х), жаллод бўлмасангиз, унинг ойболтаси остида қоласиз”. Ёш Эжен Растиньяк ана шу насиҳат кетидан, яъни “зафар қозониш” йўлида курашмоқ ниятида кетади. Горио ота бўлса, “ҳаёсиз нақдина” йўлида зарбага учраб қурбон бўлади.

  1830 йилларнинг иккинчи ярмида ёзувчи “Цезар Биротто”, “Ушалмаган орзулар”, “Деҳқонлар”, “Кузина Бетта”, “Арслик депутат”, “Ялангоёқларнинг дабдабаси ва қашшоқлиги” каби қатор роман, қисса ва новеллаларини яратди. Бальзак бу асарларида ҳам судхўрлик ва рақобат, молиячи найрангбозлар, мулк учун, олтин учун курашиб тубанлик ботқоғига ботган корчалонлар, турли тоифадаги одамлар қиёфасини гавдалантирди. Масалан, буржуа идеологияси, пулга ва олтинга сиғиниш одатининг XIX аср Францияси шаҳарларидан энг олис вилоятларигача етиб бориб, энг софдил кишиларни ҳам бахтсиз этаётганини санъаткор “Евгения Гранде” романида тасвирлар экан, бундай ҳаёт устидан чиқарган ҳукмнинг образлар орқали ифодалашдан ташқари “бу буржуа замони фожиасидир, унда заҳар йўқ, ханжар иштирок этмайди, аммо бу фожиа унда иштирок қилувчи учун машҳур Атридлар оиласида бўлиб ўтган барча драмалардан ҳам бешафқатроқдир” деган таърифни қўшимча қилади.

  “Гобсек” қиссасида эса олтинга, бойликка ҳирс қўйган судхўр Гобсек образида хасисликнинг киши ҳаётида қандай майдонга келишини ва унинг оқибатларини таҳлил этиб беради. Таҳлил қилибгина қолмай, балки бу ҳодисани тамомила қоралайди ҳам. Буни санъаткор ўз қаҳрамонининг маънавий қашшоқлигини фош қилиш билан рўёбга чиқаради.

  Шунингдек, буржуа жамиятида истеъдод эгаларининг хору зор бўлиши ёзувчининг “Сағри териси тилсими” романидаги олим Рафаэл, “Ушалмаган орзулар” романидаги Люсьен Шардон, “З.Маркас”даги файласуф Маркас образлари орқали очиб берилган. Истеъдодсиз, лекин уддабурон кишилар, масалан “Ушалмаган орзулар”даги журналист Лусто, “Пьер Грассу”даги рассом Пьер, “Евгения Гранде”даги Шарль ҳар хил йўллар билан мансабга кўтарилади, бойлик орттиришади. Ёзувчи бу асарларида буржуа тузуми ҳукмрон бўлган жамиятда фақат жиноят йўлига кирган, йиртқичлик қоидаларини мукаммал эгаллаган шахсларгина фаровон ҳаёт кечиради, деган хулосага келади.

  1835–1843 йиллар давомида Бальзак ўзининг энг йирик асарларидан бири “Ушалмаган орзулар” романини ёзиб тугатади. Бу роман муаллифнинг олдинги асарларига қараганда ҳажм жиҳатидан ҳам, образлар дунёсининг баркамоллиги, воқеалар тасвирининг кенглиги ва ҳаққонийлиги жиҳатидан ҳам бирмунча устун туради. Масалан, шу пайтгача машҳур саналган “Горио ота” романидаги воқеалар фақат Париж шаҳрида содир бўлиб ўтса, “Ушалмаган орзулар”нинг сюжети дастлаб чекка вилоятларнинг бири Ангулемда бошланиб, сўнгра Парижга кўчади ва ниҳояси яна Ангулемда якунланади. “Горио ота” романида бош қаҳрамон Эжен Растиньякнинг провинциядаги ҳаёти эслатибгина ўтилади, холос. “Ушалмаган орзулар”да эса, бош қаҳрамон Люсьен Шардоннинг қишлоқдаги ҳаёти ҳам батафсил ёритилганини кузатамиз.

  Оноре де Бальзак бойликка ҳирс қўйган буржуа синфининг жирканч қиёфасини, бузуқ ахлоқини тўғри тушуна билди. У ўз асарларида меҳнаткаш халқнинг ёппасига норозилигини, уларнинг турмадагидан баттар турмушини ҳаққоний кўрсатиб берди. Бальзак инсон психологиясининг чуқур билимдони ҳам эди. Буни биз адибнинг хусусий мулкчилик психологиясини очиб беришдаги маҳоратида ҳам кузатамиз. Шунинг учун ҳам “буюк инсоншунос”нинг бу санъати жаҳон адабиётида янги саҳифа – танқидий реализм саҳифасини очди. Унинг реализми – ўзи яшаган жамиятни муросасиз танқид этган реализм эди. Бальзак ўзининг “Инсон комедияси” туркумини яратиш билан замонасининг ҳушёр зиёлиси, ўткир тилли сатирик ёзувчиси, билимдон файласуфи сифатида жаҳон адабиётида шуҳрат қозонди.

  Дарҳақиқат, Бальзак оғир ҳаёт ва ижод йўлини босиб ўтди. Сурункали меҳнат ва ҳаётий қийинчиликлар туфайли соғлигини йўқотган адиб умрининг охирги (1848–1850) йилларида янги асар эълон қилолмади. Узоқ йиллар хат ёзишиб келган меҳрибон дўсти ва сирдоши поляк аёли Эвелина Ганскаяга уйланиш ниятида 1850 йилнинг мартида Украинага келади. 14 март куни Бальзак ва Ганскаянинг никоҳ тўйи бўлиб ўтади. Орзуси ушалган адиб Париждаги сирдош дўсти Зюлма Карро хонимга қуйидаги хабарни йўллаган эди: “Менга ҳаётимнинг на бахтли болалигидан, на навқирон ёшлигидан тўйиб баҳра олиш насиб этди. Афтидан умримнинг ёзи ва кузи тотли ўтадиган кўринади”. Афсус, бундай бахт Бальзакка насиб бўлмади. Май ойида касали зўрайган адиб рафиқаси билан Парижга қайтади. Парижга келгач, у тўшакка ётиб қолади. 1850 йилнинг 18 августида буюк романист оламдан кўз юмди. “Жаноб Бальзак барча буюкларнинг буюги, улуғ инсонларнинг улуғи эди... у ёзиб қолдирган асарлар бутун бир китобни, замонамизни тўлиқ ва ёрқин картиналарда акс эттирувчи ҳаёт саҳифасини ташкил қилади”, деганди дафн маросимида сўз олган ёзувчи Виктор Гюго.

  Дарвоқе, Бальзак яшаган жамият унинг меросини қадрламаган бўлса-да, адиб ўз асарлари билан ўн тўққизинчи асрнинг ўрталаридаёқ бутун Европага танилган эди. Ўтган асрга келиб, ўзбек китобхонлари ҳам ёзувчи асарларини она тилида ўқишга муяссар бўлдилар.

   “Ёзувчининг ўз олий ҳаками бор – бу келажакдир”, деганди Бальзакнинг ўзи. Улуғ санъаткор айтган бу ҳикматнинг нечоғлик рўёбга чиққанини жаҳон халқларининг адиб ижодига катта қизиқиш билан қараб келаётганидан ҳам билсак бўлади.

 

Муҳаммаджон Холбеков, филология фанлари доктори, профессор

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил, 1-сон.

 

Манба: ziyouz.uz

 

Ўқилган 478 маротаба