Воскресенье, Август 25, 2013

«Жаҳон аҳли билсинки...». Амир Темур лашкарбошилар ва сипоҳийларни қандай рағбатлантирган?

 Соҳибқирон Амир Темур Турон заминини узоқ давом этган мўғуллар зулмидан озод қилиб, ўлкада марказлашган давлат тузди. Бошқа юртларга зафарли юришлари натижасида йигирма етти мамлакатни фатҳ этди ва узоқ-яқин йирик давлатлар нигоҳини ўзига қаратган улкан империяга асос солди.

 Соҳибқирон мағлубият нималигини билмади, қаерга юриш қилмасин, фақат зафар қозонди, саркардаларнинг энг қудратлиларидан бири бўлиб дунёга танилди.

 Амир Темур дунё аҳлини ҳайратга солган бундай ютуқларга қандай эришди? Аввало, ундаги юксак ҳарбий истеъдод, саркардалик салоҳияти, қўшинни моҳирона бошқариш, пухта ўйланган жанг тактикаси муҳим аҳамиятга эга бўлди. Шунингдек, лашкарбошилар ва аскарларни моддий ва маънавий рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Соҳибқирон таъкидлаганидек, уларни “тақдирлаш”, “хушнуд этиш”, “хизмат ҳақини адо этиш”га аҳамият берди. Шу асосда саркарда моддий ва маънавий рағбатлантиришнинг бутун бир тизимини ишлаб чиқди ва уни ҳаётга татбиқ этди.

  Салтанат юргизиш қонун-қоидаларини ўн икки тоифага бўлган Соҳибқирон амирлар ва сипоҳсоларни тўртинчи, жангларда асосий куч бўлган сипоҳийларни эса бешинчи тоифага киритди. Жанг майдонларида мардона қилич ишлатган шижоат аҳлини ўзига дўст тутиб, муҳорабаларда от чоптириб, қарши чиқиш, ғаним лашкари тўпини бузиб, сафларни синдириш ишларида уларга суянди.

  Сипоҳнинг тож-тахт олдидаги хизмати ниҳоятда катталигини ҳисобга олган Соҳибқирон унинг таъминотига доимо катта эътибор билан қаради. “Сипоҳга улуфа бериш тузуги”да шундай дейилади: “Амр қилдимки, амирлар, мингбошилар, юзбошилар, ўнбошилар ва бошқа сипоҳийларга ушбу тартибда маош берилсин: оддий сипоҳийга ўз вазифасини ўринлатиб бажариш шарти билан маоши минган оти баҳосида бўлсин. Баҳодирларнинг маоши иккита от баҳосидан тўрт отгача тайин қилинсин. Ўнбошилар маоши қўл остидаги сипоҳийларидан ўн баробар ортиқ бўлсин. Юзбошилар маоши ўнбошиларникига қараганда икки баробар, мингбошиларники эса юзбошиларникидан уч баробар зиёда бўлсин”.

  Соҳибқирон қўшинида сипоҳга маоши ўз вақтида берилиши қатъий қоидага айланган эди.

  “Тузуклар”да қайд этилганидек, Амир Темур Йилдирим Боязидга қарши юриш олдидан сипоҳийларга ўтган ва келажакда қиладиган хизматлари учун етти йиллик озуқаларини тарқатади, жанг арафасида уларга совға-саломлар улашади. Бу ишлар замирида аскар жангда юрган пайти оиласи қийналиб қолмасин, жанггоҳда ғалаба учун курашаётган жангчининг оиласи таъминотидан кўнгли тўқ бўлсин, деган ният бор эди. Қўшинга бундай ғамхўрликлар кўп жангларда ғанимлар устидан қозонилган ғалабаларда ўз самарасини кўрсатди.

  Ҳаким Сатторий “Ҳазрат Соҳибқирон” китобида шундай ёзади: “Темурбек қўшинни битта қўлда ушлаган эди. Рағбатлантиришда ҳам, жазолашда ҳам унинг гапи гап эди. Темурбек ҳар қандай шароитда навкарлар билан бирга бўларди, сафар машаққатларида, урушларнинг ҳаёт-мамот лаҳзаларида  ёнма-ён турарди”.

  “Тузуклар”да “Сипоҳийларнинг кўнглига нима ўтирса, шуни қилдим. Бошимга пўлат дубулға, эгнимга довудий совут кийдим, белимга Миср қиличини боғлаб, баҳодирлигу кураш тахтига ўтирдим”, деб ёзгани бежиз эмас.

  1399 йил 17 январда Амир Темур Ҳиндистоннинг Ганга дарёси ҳавзасидаги Симолик тоғида ўрнашиб олган душманларга қарши жанг қилишга энг сара сипоҳийларини жалб қилади. Амирзода Сулаймоншоҳ баҳодир ва бошқа амирлар Соҳибқиронга “Сиз, олий ҳазрат, лашкаргоҳга қайтиб, сув ёқасида ором олинг, биз ўзимиз чопқин қилсак”, деб илтимос қилишади. Шунда Амир Темур уларга жавоб қилади: “Ғазот қилишда бир қанча фойда бордир, аввалам дунёда яхши ном қолдирилади, охират учун эса ҳисобсиз савобга сазовор бўлинади”. Шундай дея у тулпорига миниб, лашкарни жангга бошлайди. Бу ибратли воқеа Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асарида келтирилган.

  Амир Темур лашкарбошилар ва аскарларни рағбатлантиришнинг турли усулларидан фойдаланган. “Сипоҳийларни энг қуйидаги даражадан олий мартабага кўтариш тузуги”да шундай дейилади: “Қилич чопишда ўзини кўрсатган баҳодирлар биринчи марта бўлса - ўнбоши, иккинчи марта ботирлик қилса - юзбоши, учинчи мартасида эса мингбоши қилиб тайинлансинлар. Агар мингбоши қилич зарби билан ғанимнинг бир фавжи (бўлинма) лашкарини синдирса, уни биринчи амир этиб тайинласинлар”.

  Амир Темур қўшинида жанг қилиш ҳадисини олган довюрак, душман билан юзма-юз курашда жасорат, шижоат ва фидойилик намойиш этадиган лашкарбоши ва оддий сипоҳийлар жуда кўплигининг сабаби энг аввало уларга кўрсатилган ғамхўрликдир.

  Амир Темур Шарқий Эронни мусаххар этиб, 1393 йил 25 мартида Навбинжон шаҳридаги Сафид қалъасини ишғол қилишга киришади. Аммо қалъа ҳудуди кенг бўлишига қарамай, унга ўтиш жойи торлиги сабабли қалъани эгаллаш осон бўлмайди. Шунингдек, қалъа яхши ҳимояланган эди. Шундай бўлса-да, Амир Темур аскарлари чўчимади. Биринчи бўлиб қалъа устига довюрак жангчи Оқ Буға чиқиб, навкарларни руҳлантиради. Қалъа аҳли саросимага тушиб, ёпирилиб келаётган аскарлар устига тошларни юмалата бошлайди. Анча аскар нобуд бўлди, шунга қарамай якунда ғалаба белгиси сифатида қалъа устига туғ ва ялов тикилди.

  Соҳибқирон бу жангда ўзини кўрсатган баҳодирларни тақдирлаб, Оқ Буғанинг жасоратини алоҳида тилга олади. Муаллиф Шарофиддин Али Яздий ҳолатни шундай ифодалайди: “Ва Оқ Буғаким, барчадан  бурун қалъа устига чиқиб эрди, анга иноят ва шафқат қилиб, анга хайма (чодир) ва хиргоҳ ва бовургихона ва қатор тевалар ва хачирлар ва яхши от ва қумошлар ва олтин камар берди ва яхши қиз берди”.

  1399 йил 2 мартида Амир Темур қўшини Ҳиндистоннинг Лиҳовар вилоятини фатҳ эта бошлайди. Амирзода Пирмуҳаммад Баҳодир, амирзода Сулаймоншоҳ Баҳодир ва амир Жаҳоншоҳ лашкарбошилик қилган қўшин жангни ғалаба билан якунлайди. Бундан хурсанд бўлган Соҳибқирон уларни тақдирлайди, ҳар бирига суюрғол беради. “Шу соатда, - деб ёзади Низомиддин Шомий, - унинг муборак назари Муҳаммад Озод номли қўшин бошлиқларидан бирига тушди. Жанг пайтида ундан содир бўлган мардоналикни кўрганлиги сабабли уни сийлаб, инояту марҳаматлар кўргазди ва олтин боғичли хос (садоқ-ўқдон) совға қилди, токи жаҳон аҳли билсинки, бу Соҳибқирон учун қилинган андак ҳаракат ҳам зое кетмагай”.

  Амир Темур аскар жангу жадал пайтида ғаним билан қилич чопишиб, уни мағлуб этар экан, унинг бу хизматини яширмаслик керак, деб амр қилган. “Аксинча, - дейилади “Тузуклар”да, - бир хизматини ўнга йўйсинлар, мартабасини оширсинлар, токи бошқа навкарлар буни кўриб, жонбозлик қилишга рағбатлансинлар”.

  Жангларда  алоҳида жасорат кўрсатганлар оддий аскар бўладими ёки лашкарбошими, қатъий назар, расмий солномаларда қайд этилар эди. Афсонавий мардлик ва матонат кўрсатганлар қаҳрамон дея эълон қилинарди.

  Амур Темур турли даражадаги амирлар, лашкарларни ҳам тақдирлаш тузугини жорий этди. Зеро, уларнинг қўшинни қандай бошқариши, жангни ташкил қила олиши, аскарларни ғанимларни енгишга руҳлантириши зафар қозонишида муҳим аҳамиятга эга эди.

  Бирор мамлакатни фатҳ этган ёки душман лашкарбошиларини енгган амир уч нарса билан тақдирланган. Унга фахрли хитоб, туғ ва ноғора берилиб, баҳодир деган ном билан сийланган. У давлат ва салтанат шериги сафига қўшилган, Амир Темур иштирокида ўтадиган кенгаш мажлисида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган ва бир вилоят суюрғол қилиб тортиқ этилган. “Темур тузуклари”да Соҳибқироннинг шарафли мукофотига сазовор бўлган бир нечта амирларнинг номлари қайд этилган.

  Амир Темур довюрак, баҳодир жангчиларни эъзозлаши билан бирга қўрқоқ, журъатсиз навкарларни ёмон кўрган. Урушдан юз ўгириб қочган навкар даргоҳимда кўриниш бермасин, деб тайинлаган. Бундай аскар сазойи қилинган. “Тузуклар”да сипоҳийлардан қайси бири урушда хатоликка йўл қўйса, маошидан ўндан бири камайтирилиши белгилаб қўйилган. Ўз навбатида бундай чора-тадбирларнинг тарбиявий  аҳамияти катта бўлган.

  Соҳибқирон даврида кўп йиллар ҳарбий хизматда бўлиб, кексалик ёшига етган сипоҳийлар маошидан маҳрум этилмаган, мартабасидан туширилмаган. “Ҳеч бир сипоҳийнинг хизмати назардан четда қолмасин, - дейилади “Темур тузуклари”да. - Уни инъомдан маҳрум қилиб, хизматларини кўрсатмасалар, ноинсофлик қилган бўлурлар”.

  Бундан ташқари, Соҳибқирон ёши улуғ кекса сипоҳийларни ҳурматлаб, азиз тутсинлар, улардан фойдали маслаҳатлар олиб турсинлар, деб амр қилган.

  Буюк бобокалонимиз, тенги йўқ саркарда Амир Темур келгуси авлодларга бебаҳо мерос қолдирди. Унинг ҳарбий ислоҳотлари, қурдирган иншоотлари, барпо этган боғлари ҳашамати ва чиройи билан дунё аҳлини ҳайратга солиб келмоқда. Айни шу ислоҳотларни келгуси авлод вакилларига  етказиш эса тарихчи олимлар, темуршуносларнинг  асосий бурчидир.

 

Мўмин АЗИЗОВ,

тарихчи журналист.

“Қашқадарё” газетаси  № 011 (15080) -сони

 

Ўқилган 1137 маротаба