Воскресенье, Август 25, 2013

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида Президент қарори

  7 декабрь куни “Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори имзоланди.

  Ҳужжатда, Эркин Воҳидов ижодий меросининг ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасидаги улкан аҳамиятини инобатга олиб ҳамда шоир таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш ва хотирасини абадийлаштириш мақсадида бир қатор тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

   Жумладан,

  - Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди.

 - Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг ўзбек тилида “Сайланма” асарларини, инглиз ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинган шеърий тўпламларини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;

  - Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш;

  - Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ҳайкалини яратиш ва уни белгиланган тартибда ўрнатиш;

  - Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов яшаган уйда ёдгорлик лавҳаси ўрнатиш;

  - Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Эркин Воҳидов ижодининг маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида илмий конференция ўтказиш;

  - мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш;

  - республика театрларида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов асарлари асосидаги спектаклларни қайта саҳналаштириш;

  - 2016 йил декабрь ойининг охирги ўн кунлигида Ўзбек Миллий академик драма театрида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-бадиий хотира кечасини ўтказиш каби чора-тадбирлар шулар жумласидандир.

 

Ўқилган 339 маротаба