Воскресенье, Август 25, 2013

Германияда ишланган овозсиз кинокомедия дурдонаси Жиззах ва Гулистонда намойиш этилади

  Германияда ишланган “Чиғаноқлар маликаси” номли овозсиз кинокомедия дурдонасининг 2013 йилда Тошкентда ва Фарғона водийсида катта муваффақият билан намойиш этилгани муносабати билан Германия Федератив Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси ушбу лойиҳани давом эттиришга ва мазкур фильм-концертни Жиззах ва Гулистон шаҳарларида томошабинлар эътиборига ҳавола этишга қарор қилди.

  Бу ҳақда Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси Маданият ва матбуот бўлими хабар бермоқда. “Чиғаноқлар маликаси” фильми Берлинда туғилган таниқли режиссёр Эрнст Любичнинг эрта ижодига мансуб ҳисобланади. 1919 йилда Берлин шаҳридаги Курфюрстендамм кинотеатрида илк марта намойиш этилган ва бир соат давом этадиган мазкур кинокомедия бир миллиардернинг ўзига насаб жиҳатидан мос эр излайдиган ва камбағаллашиб қолган бир шаҳзоданинг хизматкори билан англашилмовчилик туфайли никоҳдан ўтиб қўядиган қизи ҳақида ҳикоя қилади.

  Эрнст Любич (1892 – 1947) трагик ва сатирик оҳангларга бой ажойиб комедик фильмлар суратга олган бетакрор немис режиссёри ҳисобланади. 1922 йилда Голливудга кўчиб ўтишидан олдин у қисқа вақт давомида Германияда фаолият юритган.

  “Сўғдиёна” оркестри “Чиғаноқлар маликаси” овозсиз кинокомедиясига ўзбек миллий чолғулари воситасида мусиқий ҳамроҳлик қилади. Оркестр дирижёри ва бадиий раҳбари, профессор Феруза Абдураҳимова ўз мусиқачилари билан биргаликда мусиқий композицияларни танлаб, оркестр учун бетакрор бир янги асар ёзиб чиқди.

  Мазкур фильм-концерт Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва “Сўғдиёна” оркестри ўртасидаги ижодий ҳамкорлик самараси ҳисобланади ҳамда Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий ҳамкорлик аҳамиятига урғу беради.

  Фильм-концертларга кириш бепул бўлиб, 19 декабрь соат 16.00да Жиззах вилояти мусиқали драма ва комедия театрида ҳамда 20 декабрь куни соат 15.00да Гулистон шаҳри 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида намойиш этилади.

 

Ўқилган 231 маротаба