Воскресенье, Август 25, 2013

“Қонли йўргаклар” – ватан соғинчи, оналар изтироби, қон сачраган армонлар...

  Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги филология фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида “KITOB OLAMI” маънавий-маърифий савдо мажмуаси билан ҳамкорликда “Қонли йўргаклар” китобининг муаллифи Абдурашид Нурмуродов билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.

  Ушбу юракларни ларзага солган асарни мактабнинг юқори синф ўқувчиларидан 170 нафари ўқиб тамомлаган. Тадбир ўқувчиларнинг “Қонли йўргаклар” асари асосида тайёрлаган слайдлар намойиши ҳамда китоб мутолаасидан кейинги таассуротларини сўзлаб беришдан бошланди, бу эса барчани чуқур ўйга толдирди. Ижодий учрашув давомида ўқувчилар муаллифдан ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олишди. Тадбирда фаол иштирок этган, асарни ўқиб, ўз таассуротларини таъсирли ифода этган ўқувчилар муаллиф томонидан эсдалик совғалар билан тақдирландилар. Таълим муассасасига ташриф буюрган ҳурматли меҳмонлар ўз тилак ва истакларини “Тилаклар китоби”да эсдалик учун қолдиришди.

 Афғонистон... Ўн йиллар мобайнида дунё аҳли бу юрт тупроғида бораётган қонли уруш ҳақидаги ҳақ сўзни эшитишга илҳақ бўлди...

  Китобда уч фронт – Иккинчи жаҳон уруши, Афғон уруши ва ниҳоят, “Пахта фронти” фожеалари қаламга олинади. Муаллифнинг отаси – Иккинчи жаҳон уруши ногирони, онаси-самолёт пахтага дори сепганда заҳарланиб, оқ қон касалига чалинган, укаси Абдувоҳид Эргашев афғон жангидан бир қўли ва кўзидан ажралиб қайтган. Ана шу шахсий фожиалар қонли маржонга юзлаб афғон жангчиларининг жонли хотиралари усталик билан терилган.

 “Қонли йўргаклар” – юракдан сўзлар кўз ёшидек сизиб қоғозга томган оталар йиғиси. “Қонли йўргаклар”-мажруҳ ўғилини қайта йўргакка белаган, сочлари оппоқ, йиғидан кўзлари хиралашган оналарнинг армонли қўшиғи.

 

Ўқилган 352 маротаба