Воскресенье, Август 25, 2013

“Устюртга йўл” ва “Зурриёт” номли бадиий филмларнинг тақдимотлари бўлиб ўтди

  Куни кеча пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги киносаройи ва Республика Киночилар уйида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига биноан “Қорақалпоқфилм” киностудияси томонидан ишлаб чиқарилган “Устюртга йўл” ҳамда “Ўзбекфилм” киностудияси томонидан суратга олинган “Зурриёт” номли бадиий филмларнинг кенг жамоатчилик учун тақдимотлари бўлиб ўтди.

  Бу ҳақда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда. Абдувоҳид Ғаниев режиссорлигида суратга олинган “Устюртга йўл” кинокартинасида Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманидаги Устюрт газ-кимё мажмуи қурилиши жараёнлари ҳақида бадиий талқинда ҳикоя қилинади. Яқиндагина олий ўқув юртини тамомлаган ёш, истеъдодли мутахассис Нодир бир гуруҳ тенгдошлари билан ана шу тарихий қурилишда иштирок этиш учун Устюртга йўл олади. Улар мураккаб табиатли бу масканда ишлаш жараёнида жиддий синовларни бошдан кечиришади. Лекин ҳар қандай шароитда ҳам улар ортга чекинмайди... Филмда янгича фикрлайдиган, изланувчан ва ташаббускор ёшлар ҳаётига кенг ўрин берилган. Шу билан бирга, ҳақли равишда “аср қурилиши” дея ном олган ушбу мажмуанинг мамлакатимиз иқтисодий юксалишида тутадиган ўрни ва аҳамиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Филмдаги асосий ролларни киноактёрлар Акбархўжа Расулов, Адиз Ражабов, Шаҳзода Матчанова, Кўпжурсин Алланазаров кабилар ижро этишган.

  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдуҳалил Мигнаров томонидан суратга олинган “Зурриёт” бадиий филмида орзу ва армонлар гирдобида қолган тақдир эгаларининг ҳаёт йўллари орқали одамийлик, меҳнатсеварлик, меҳр-мурувват каби эзгу фазилатлар тараннум этилади. Воқеалар тоғли қишлоқлардан бирида бошланиб, аста шаҳарга кўчади. Бобосининг зўри билан шаҳарга келиб қолган йигит ҳамда эрини уйга қайтариш илинжида шаҳарга келган аёл билан боғлиқ воқеалар бир маромда ривожланади. Уларнинг ҳаёт йўллари қаердадир кесишади. Лекин бу оний лаҳзалар уларнинг тақдирида ҳеч бир аҳамият касб этмайди. Филмда Абдураҳмон Юсупов, Шохруҳ Ҳамдамов, Баҳора Арслонова, Шафоат Раҳматуллаева, Дилобар Тошкенбоева, Муҳаммад Исо Абдулҳаиров, Сайёра Юнусова каби бир қатор таниқли ва ёш актёрлар турли образларни яратишган.

  Маълумот учун, айни вақтда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига асосан «Дадам бетоб» (Зулфиқор Мусоқов), «Иснод» (Риҳсивой Муҳаммдажов, Абдувоҳид Ғаниев) ва «Ришта» (Мирмақсуд Охунов) филмларини суратга олиш ишлари давом этмоқда.

 «Муқаддас истак» (Ҳилол Насимов) ва «Маъсума» (Ёлқин Тўйчиев) филмларини ишлаб чиқариш якунланган. “Маъсума” филмининг тақдимоти жорий йилнинг 26 декабр куни ўтказилади.

 

Ўқилган 220 маротаба