Воскресенье, Август 25, 2013

“Дийдор” театр студиясида “Юлдузли тунлар” асари асосида саҳналаштирилган спектакль намойиш этилди

 25 декабрь куни “Дийдор” театр студиясида Примқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи асосида саҳналаштирилган янги спектакль намойиш этилди.

 Спектакльни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев саҳналаштирган.

 Заҳириддин Муҳамамад Бобур ролини актёр Адиз Ражабов, Шайбонихон ролини Бобур Йўлдошев, Қутлуғ Нигорхоним образини ёш актриса Назокатхон Нарзиева, Бобурнинг ёшлигини актёр Суннат Умаров, Ҳонзодабегим ролини актриса Юлдуз Ражабова ижро қилди.

 Томошабин сифатида театрга ташриф буюрган Бобур Зокировнинг фикрича, асар профессионал тарзда саҳналаштирилган бўлиб, ўша замон руҳини ўзида акс эттира олган. “Биз кўпроқ Бобур бобомизнинг муваффақиятларини ёдга олиб ўрганганмиз, аммо спектакльда давлат арбоби, саркарданинг энг қийин вақтлардаги изтироблари, қайғулари инсон юрагига етиб 

борадиган даражада гавдалантирилган”, - дейди суҳбатдошимиз.

Томошабинларнинг маълум қилишича, театр студиясининг ўзига хос жиҳатларидан бири актёрларга гул олиб кириш, унга тақдим этиш мумкин эмаслигидир.  

 “Юлдузли тунлар” романи асосида саҳналаштирилган спектакльда Ҳонзодабегим ролини ижро этган Юлдуз Ражабова янги ташкил этилган театр студияси ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

 “Умуман ушбу даргоҳ кўнглимдан ўзгача жой эгаллаган. Бу ерда биринчи навбатда актёр ўзи учун излаб юрган ҳақиқий ижод бор, бу ерда интизом бор, асосийси Баҳодир Йўлдошевнинг ўзига хос мактаблари. Мен учун “Дийдор” театр студияси муқаддас даргоҳга айланди”.

 

Б.Шамсутдинов 




Ўқилган 209 маротаба Сўнги ўзгартириш Душанба, 26 Декабрь 2016 16:03