Воскресенье, Август 25, 2013

Божхона тизими: ҳар бир мурожаат эътиборда

 Мустақиллик йилларида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва унинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланди. Бу борада самарали ҳуқуқий база яратилди. Аввало, Конституциямиз нормаларида мамлакатимиз тарихида илк бор инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ҳамда қадр-қиммати энг олий қадрият эканлиги белгиланди.

 Ўз навбатида, фуқароларимиз онг-тафаккурида юз бераётган ўзгаришлар ва бугунги кундалик ҳаётимизда рўй бераётган янгиланишлар тақозосига кўра миллий қонунчилигимиз ҳам замон талабларидан келиб чиқиб такомиллашиб бормоқда. 

  Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 декабрда кучга кирган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни ҳам айнан бугунги замон талабларининг маҳсулидир.

 Қонун билан тобора ривожланиб бораётган фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек, юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ҳуқуқий бўшлиқ тўлдирилди.

  Қонун жамият ҳаётида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан боғлиқ сиёсий-ижтимоий ҳуқуқлари таъминланишининг янада такомиллашувига сабаб бўлди. Хусусан, жисмоний ва юридик шахсларнинг ортиқча харажатларсиз давлат идоралари қабулига бормасдан уйдан ёки ишхонадан туриб интернет орқали электрон шаклда юборадиган мурожаатларини ҳам ёзма ва оғзаки мурожаатларга тенглаштирилганлигини буни яққол исботи дейиш мумкин.

  Яъни, мамлакатимизда ахборот технологиялари ривожланиши билан боғлиқ равишда кенг тарқалаётган электрон мурожаатларни кўриб чиқиш ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.

  Энг муҳим жиҳатлардан яна бири давлат органларининг, мансабдор шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва ҳал этишдаги масъулияти оширилди.

  Ушбу қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги Намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида” 2015 йил 31 мартдаги 73-сон қарори талабларидан келиб чиқиб, Давлат божхона қўмитаси томонидан 2015 йил 1 майдан бошлаб ички идоравий ҳужжат асосида “Божхона органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги Низом” кучга кирди. Мазкур Низом билан божхона органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби белгиланди.

  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, шаҳар ва туманлари ҳокимларининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонун талабларини сўзсиз бажариш юзасидан жавобгарлиги тўғрисида” 2016 йил 27 октябрдаги 366-сон қарори бу йўналишда олиб борилаётган чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқмоқда. Қарорда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини сўзсиз ва ўз вақтида бажариш вазирлик ва идораларнинг асосий вазифалардан бири эканлиги алоҳида қайд этилган.

  Қарор талабларидан келиб чиқиб, Давлат божхона қўмитаси ва ҳудудий божхона бошқармаларни раҳбарияти томонидан аҳоли ва тадбиркорлар учун кунлик соат 8 дан 17 гача шахсий қабуллар ташкил қилинмоқда.

  Аҳоли ва тадбиркорлар томонидан мурожаатларни ўз вақтида ва тезкорлик билан кўриб чиқиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси веб-сайтидаги “Савол йўллаш” хизмати негизида “Виртуал қабулхона” ташкил қилинди.

  Давлат божхона қўмитаси веб-сайти орқали тез-тез йўлландиган долзарб саволлар ва уларнинг жавоблари сайтнинг “Сўраган эдингиз!” рукни орқали эълон қилиб борилмоқда.

  Шунингдек, сайтда Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти томонидан жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларини қабул қилиш жадвали, республикамиз бўйлаб сайёр қабул қилиш жадвали, мурожаатлар шакллари ва уларни кўриб чиқиш тартиби, давлат божхона хизмати органлари фаолиятига доир маълумотларни олиш бўйича сўровларни кўриб чиқиш Регламенти, кўриб чиқилган мурожаатлар бўйича статистик маълумотлар мавжуд.

  Веб-сайтда божхона органларининг республика (120-76-33) ва вилоятлар миқёсида фаолият олиб бораётган барча ишонч телефонлари, тадбиркорлар ва ТИФ иштирокчилари учун жорий қилинган доимий ишонч телефони (120-76-27) рақамлари ҳам алоҳида саҳифада жойлаштирилган. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Давлат божхона қўмитасига ишонч телефонларига 44 та мурожаатлар келиб тушган.

  Жойларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ишлашни тубдан қайта кўриб чиқиш ва уларнинг муаммолари ва эътирозларини жойида ҳал этиш, аҳоли билан ишлаш маданиятини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов томонидан тасдиқланган жадвал асосида ДБҚ раҳбариятининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида  жисмоний ва юридик шахсларни сайёр қабул қилиш, уларни қизиқтирган саволларига жавоб топиш ҳамда мавжуд муаммоларни ечиш бўйича учрашувлари ташкил этилмоқда.

  2016 йилнинг ўтган 10 ойи давомидаДБҚ раҳбарияти томонидан жами 115 маротаба жисмоний шахслар ёки юридик шахсларнинг вакиллари қабул қилиниб, кўтарилган масалалари ижобий ҳал этилган.

  Бундан ташқари, ДБҚ марказий аппарати ҳамда ҳудудий бошқармаларда асосий эътибор жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, қонуний ҳал этиш, уларга асосланган жавоб хатларини юбориш, шу билан бирга чуқур таҳлил қилиш, ариза ва шикоятларни келиб чиқиш сабабларини ўрганиш (айниқса такрорий мурожаатларни), уларнинг олдини олиш ва келгусида такрорланмаслигини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда.

  Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида ДБҚга жисмоний ва юридик шахслардан жами 959 та (жисмоний шахслар - 490 та, юридик шахслар - 468 та) мурожаатлар келган. Шундан 412 таси ёки 42,9% Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали келиб тушган.

  Келиб тушган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатадики, божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари бўйича 85 та, ишдан (ўқишдан) ноқонуний бўшатилганлиги ва ишга (ўқишга) тиклаш тўғрисида 149 та, божхона назоратини ўтказиш ва расмийлаштирув тўғрисида 485 та, божхона тўловларидан озод қилиш ва имтиёзлар тўғрисида 91 та, мусодара этилган товар-моддий бойликлари ёки жарималарни қайтариш тўғрисида 31 та ва 118 та бошқа масалаларга доир мурожаатлар келиб тушган.

  Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси орқали жорий йилнинг 10 ноябрига қадар жисмоний  ва юридик шахслардан божхона органларига 241та (жисмоний шахслардан - 204 та, юридик шахслардан - 37 та)  мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг 92 таси божхона органларида ишга ёки ўқишга тиклаш масалаларини қамраб олган бўлса, божхона назорати ва расмийлаштируви, божхона имтиёзларини қўллашга доир мурожаатлар 63 тани ташкил қилган. Мурожаатларнинг 43 таси эса мусодара этилган товар-моддий бойликлари ёки жарималарни қайтариш тўғрисида, 27 таси божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари бўйича, 16 таси турли масалаларга оиддир.

 ДБҚда қайд этилган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатадики, аксарият ҳолларда жисмоний ва юридик шахсларни божхона расмийлаштируви ҳамда имтиёзлар билан боғлиқ масалалар қизиқтиради. Жумладан 2016 йил 10 ой давомида келиб тушган мурожаатларнинг 576 таси ёки жами мурожаатларнинг 60% айнан божхона расмийлаштируви ёхуд божхона тўловларидан имтиёзлар қўллаш масалаларига доирдир.

  Масалан, Давлат божхона қўмитасига ёзма равишда мурожаат қилган “Sonora” компанияси раҳбари Н.Йонасснинг мурожаати ижобий ҳал қилиниб, унга тегишли товарларни расмийлаштириш чоғида ортиқча тўланган 512 минг сўмдан ортиқ божхона тўловлари қисқа фурсатда қайтариб берилди.

  Давлат божхона қўмитаси веб-сайти орқали мурожаат йўллаган Р.Феттаев ўз мурожаатида у фаолият юритаётган “Асака Коттон Импекс” МЧЖ хорижий давлатдаги ҳамкори билан товарларни экспорт қилиш бўйича экспорт шартномасини имзолаганини маълум қилган. Шартнома имзоланиб, “Ангрен” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ҳисобга қўйилади. Шу орада хорижий шерикларнинг банк реквизитлари ўзгаргани боис томонлар шартномага қўшимча келишувни имзолашади. Аммо, мазкур келишув аввалги реквизитлар асосида ҳисобга қўйилгани боис тадбиркорнинг товари хорижга чиқмай туриб қолади.

  Мазкур мурожаат зудлик билан ўрганиб чиқилиб, Ташқи савдо операцияларининг ягона ахборот тизимидаги маълумотларга тегишли тузатишлар киритилади. Натижада, тадбиркор мурожаат қилган куннинг ўзидаёқ юклариии хорижга экспорт қилишга муваффақ бўлади.

  Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Навоийдан мурожаат йўллаган “Навоий пряжа” ишлаб чиқарувчи савдо фирмаси директори В.Жукова жун ва сунъий толани қайта ишлаш учун 350 минг АҚШ долллари қийматидаги янги замонавий технологик асбоб-ускуналарни олиб кирмоқчи эканлигини маълум қилади ва мазкур товарларнинг божхона расмийлаштирувини амалга оширишда амалий ёрдам сўрайди.

  В.Жукованинг мурожаати ўз вақтида кўриб чиқилиб, “Навоий” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости томонидан мазкур ташкилотга тегишли юкларнинг божхона расмийлаштируви қисқа фурсатда амалга оширилди. Энг муҳими, мазкур жараёнларда унга божхона тўловларидан 213 млн. сўмдан ортиқ миқдорда божхона имтиёзлари қўлланилди.

  Бир сўз билан айтганда ҳар бир мурожаатнинг замирида шахсни ўйлантираётган муаммолар, тадбиркорлар фаолиятига ҳалал бераётган турли омиллар мужассам. Уларнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши эса аҳолининг давлат идораларига нисбатан ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

Ҳусен Тангриев

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати катта инспектори

Ўқилган 263 маротаба

Похожие материалы (по тегу)