Воскресенье, Август 25, 2013

Конституция – адолат қомуси

 Давлат божхона қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда ДБҚ Марказий аппарати ходимлари, Тошкент шаҳри ва вилояти божхона бошқармалари, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси, Олий ҳарбий божхона институти, Миллий кинология маркази вакиллари, божхона фахрийлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

 Давлатимиз мадҳияси садолари остида бошланган тадбирда Давлат божхона қўмитаси раиси З.Дусанов сўзга чиқиб, Конституция - ҳар бир мамлакатнинг суверенитети, миллий давлатчилиги ривожини, фуқаролари ҳаётини, жамиятдаги ўрни ва турмуш тарзини белгилаб берадиган Асосий Қонуни эканлигини таъкидлади.

 Дарҳақиқат, Бош қомусимиз халқимизнинг инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини ифода этиб, миллий давлатчилигимиз ривожи, демократия ва ижтимоий адолат ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидаларига асосланган инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг мустаҳкам йўлини белгилаб берган.

  Мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар, фуқароларимизнинг турмушини яхшилашга, қудратли давлат барпо этишга, халқ хўжалигининг барча соҳаларини тараққий эттиришга, бир сўз билан айтганда, обод ва фаровон ҳаёт қуришга, бунёдкорликка қаратилган.

  Айниқса, хусусий мулкни хуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг қўламли ислоҳотларни амалга оширишда Давлат божхона қўмитасининг, хусусан унда сидқидилдан хизмат қилаётган кўплаб жонкуяр ходимларнинг ҳам ҳиссаси бор.

  Жумладан, божхона органларида жорий этилган автоматлаштирилган ахборот тизимларидаги мавжуд мантиқий назорат функцияларини такомиллаштириш, тадбиркорлар учун жорий қилинган электрон хизматлар сони ва сифатини ошириш, хусусан товарларни божхонада электрон декларациялашнинг йўлга қўйилиши божхона расмийлаштируви жараёнларини янада соддалаштириш имконини бериб, тадбиркорлар учун кенг қулайлик ва имкониятларни вужудга келтирмоқда.

  Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида давлатимиз томонидан тадбиркорлар учун божхона тўловларидан 12 трлн. сўмдан ортиқ имтиёзлар қўлланилди, 9,4 млрд. сўм миқдоридаги божхона тўловларини эса кечиктириб тўлашга рухсат берилди.

  Бу эса тадбиркорларга ўз фаолиятларини янада кенгайтириш, замонавий технологияларни жалб қилиш ва мавжуд иш ўринларини ошириш имконини бермоқда.

 Мамлакатимизда божхона қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш, иқтисодий хавфсизлигимизни мустаҳкамлаш ва божхона қоидабузарликларнинг олдини олиш борасида давлат божхона хизмати органлари томонидан доимий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

  Натижада жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилиши бўйича 18 мингга яқин ҳолатлар аниқланиб, қиймати салкам 63 млрд. сўмлик товар-моддий бойликлари ушлаб қолинди. Шунингдек, 585 кг.дан ортиқ наркотик моддалари ва салкам 6 минг дона психотроп воситалар ноқонуний муомаладан олинди.

  Тадбирда Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган кафолатлар ва ифода этилган нормаларни кундалик ҳаётда қарор топтириш, жамиятда қонун устуворлигига эришиш, иқтисодиётнинг жадал суръатлар билан ўсишига ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг Конституциявий бурчимиз эканлигига эътибор қаратилди.

  Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллиги тантаналари арафасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов Фармони асосида тақдирланган божхона ходимларига давлатимизнинг юксак мукофотлари тантанали равишда топширилди.

  Шунингдек, хизмат фаолиятида ўрнак кўрсатиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари ҳамда божхона фахрийлари байрам муносабати билан мукофотланди.

  Ўзбекистон Республикаси Прездиентининг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида» 2016 йил 25 августдаги Фармони асосида тақдирланган божхоначилар рўйхати

   «Дўстлик» ордени билан

  Абдуганиев Бахтиёр Ермахаматович - Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Марказий божхона лабораторияси бошлиғи

«Мардлик» ордени билан

  Муханов Бахрам Вахабович - Давлат божхона қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш бўлими бошлиғи

«Жасорат» медали билан

  Жалилов Санжар Акбарович - Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Контрабандага қарши курашиш бош бошқармаси бўлинма бошлиғи

«Содиқ хизматлари учун» медали билан

  Парпиев Одилжон Азадович - «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси «Тошкент халқаро аэропорти» чегара божхона пости бошлиғи ўринбосари

«Шуҳрат» медали билан

  Қаҳҳоров Фаррух Бахтиёрович - Давлат божхона қўмитаси Миллий кинология маркази директорининг илмий ва машқ ишлари бўйича ўринбосари

 

Ўқилган 264 маротаба