Воскресенье, Август 25, 2013

Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари лавозимига Содиқ Сафоев сайланди

 Олий Мажлис Сенатининг 13 декабрь куни бўлиб ўтган саккизинчи ялпи мажлисида сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар ва туризм соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.

 Жаҳон миқёсида миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ва илгари суриш борасидаги ташқи сиёсий фаолиятни амалга ошириш масалаларида парламент ролини янада кучайтириш, халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакат минтақаларига хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилиш, туризмни ривожлантириш, жаҳон майдонида мамлакатимиз нуфузини ошириш, шунингдек, ушбу соҳада парламент назоратини кучайтириш мақсадида сенаторлар томонидан Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари лавозимини жорий этиш, унинг зиммасига ушбу соҳадаги фаолиятнинг мувофиқлаштирилишини ташкил этиш, дастурлар ва иш режалари ижро этилишини назорат қилиш вазифаларини юклаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси этиб қайта ташкил этилди.

  Хусусан, халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар ва туризм соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг, дастурлар ва режаларнинг марказда ва жойларда рўёбга чиқарилиши устидан мунтазам парламент назоратини амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳадаги халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонун ҳужжатларига татбиқ этиш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, халқаро майдонда Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини илгари суриш каби вазифалар мазкур қўмитанинг зиммасига юклатилди.

  Ушбу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

  Сенат аъзолари С.Сафоевни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари этиб сайлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар. Тегишли қарор қабул қилинди.

 Шундан кейин сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Конституциявий қонунга, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги ва “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунларга мувофиқ аҳоли ва ҳудудларни табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш, шунингдек, саноат хавфсизлиги ва радиациявий хавфсизлик соҳасидаги қонун ҳужжатларининг ижроси тўғрисида “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси бошлиғи Б.Гулямовга юборилган парламент сўровига берилган жавобни кўриб чиқдилар ҳамда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Х.Мирзахидовга “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этишга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши тўғрисида парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилдилар.

 

 

Ўқилган 364 маротаба