Воскресенье, Август 25, 2013

Хоразмда таркибида гиёҳванд модда мавжуд ўсимлик ўстирган шахс 7 йилга озодликдан маҳрум этилди

 Халқимизнинг “Нимани эксанг, шуни ўрасан”, деган нақли нақадар топиб айтилганига Хива тумани "Гандимён" қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Фарходов Сардор (мақолада исм шарифлар ўзгартирилган) мисолида яна бир бор ишонч ҳосил қиласан киши.

 Қирқ саккиз ёшга кириб, ҳаётнинг анча-мунча аччиқ-чучугини тотган бу кимса ўзининг ғараз нияти қурбонига айланди. Гарчи юқоридаги нақл мажозий маънода айтилган бўлса-да, “қаҳрамонимиз”нинг қилмишида ўзининг реал ифодасини топди. Одамлар томорқасида рўзғори учун зарур сабзавот, полиз маҳсулотлари етиштиришса. Ушбу шахс эса ерида таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган каннабис ўсимлигини ўстирди.

 Хоразм вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими тезкор вакиллари ва Хива тумани ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Хива тумани худудида ноқонуний равишда тақиқланган экинларни етиштириш билан шуғулланаётган шахсларни аниқлаш юзасидан ўтказилган тадбир натижасида Хива тумани “Гандимён” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Фарходов Сардорнинг яшаш уйи томорқа ерида таркибида гиёҳванд модда бўлган 7 туп каннабис ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб парваришлаб келаётганлиги аниқланди.

  Шунингдек шу вақтнинг ўзида фуқаро Фарходов Сардорнинг яшаш уйининг боғи кўздан кечирилганда, боғида турган тахталар устида вазни 216,08 грамм бўлган кўп миқдордаги “Марихуана” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сақлаб қўйганлиги аниқланди.

  Жиноят ишлари бўйича Хива тумани судининг ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига биноан фуқаро Фарходов Сардор етти йилга озодликдан маҳрум этилди. Қилмиш—қидирмиш, деганлари рост. С.Фарҳодовга ўзи эккан ёвузлиқ уруғлари энди аччиқ мевасини бермоқда.

 

Хоразм вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати

 

Ўқилган 319 маротаба