Воскресенье, Август 25, 2013

“Coca-cola” ва “Fanta” нинг сохтаси фош қилинди

 Бугунги кунда республикамиз божхоначилари томонидан мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, ички бозоримизни тартибга солиш, товарлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда кенг кўламли тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

 Хусусан, давлат стандартларига жавоб бермайдиган, санитария-гигиена қоидаларига зид равишда ишлаб чиқилган, энг аянчлиси, инсонлар саломатлигига жиддий хавф етказувчи истеъмолга яроқсиз бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва турли ичимликларни хуфиёна тарзда қўлбола цеҳларда ишлаб чиқаришга қарши кураш олиб борилмоқда.

  Яқинда Жиззах вилояти божхона бошқармаси ҳодимлари томонидан олинган текзор маълумотлар асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Жиззах туманида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида сохта тадбиркорлар фош қилинди.

  Мазкур туманда истиқомат қилувчи К.Бектурдиевнинг (мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган) яшаш хонадони кўздан кечирилганда, у ўз хонадонида яширин цех фаолиятини йўлга қўйгани аниқланди. Бу ерда қўлбола усулда оддий ичимлик сувига турли синтетик аралашмаларни қўшилган ҳамда ҳосил бўлган суюқлик кислород баллони орқали газланган. Сўнгра “тайёр” маҳсулот “Coca-cola”, “Fanta” каби таниқли савдо белгиларининг ёрлиғи туширилган 1,5 л ҳажмдаги елим идишларга қуйилган. Шу тариқа контрафакт маҳсулотлар савдо расталарига йўл олган ва харидорларни алдаш йўли билан пуллаб келинган.

  Тезкор тадбир давомида ушбу “цеҳ”да қиймати салкам 2 млн. сўмлик қўл бола усулда тайёрланган ва табиийки, истеъмолга яроқсиз 124 дона “Coca-cola” ва 210 дона “Fanta” контрафакт ичимликлари, 1 дона кислород баллони, турли кимёвий аралашмалар ва бошқа воситалар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

  Шунингдек, Жиззах туманида яшовчи яна бир фуқаро Ж.Болтаеванинг ҳам қинғир қилмишларига чек қўйилди. Амалдаги тартибларга мувофиқ ва холислар иштирокида унинг хонадони кўздан кечирилганда, бу ерда ҳам яширин цех фаолият олиб бораётгани аниқланди. Юқоридаги “хамкасби”дан фарқли ўлароқ Ж.Болтаеванинг тутган йўли бироз бошқачароқ. У бозорда нисбатан арзон бошқа номдаги, яъни “Aqua-cola” ичимликларини “Coca-cola” идишларига қуйиш ва қўшимча газлантириш орқали қимматроқ пуллаш билан шуғулланиб келган.

  Ушбу хонадондан, қиймати 1,2 млн сўмдан ортиқ қўлбола усулда тайёрланган, истеъмол учун яроқсиз 213 дона “Coca-cola” ичимликлари ва кислород баллони ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

  Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

  Рақамларга мурожаат қилсак, 2016 йилнинг ўтган даври мобайнида Жиззах вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 89 та божхона қоидабузарликларини натижасида салкам 120 млн. сўмлик товар-моддий бойликларининг ноқонуний ҳаракатланишига чек қўйилди. Мазкур ҳолатларнинг 9 таси юзасидан жиноий ишлари қўзғатилди.

 Жиззах вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати

Ўқилган 502 маротаба