Воскресенье, Август 25, 2013

Сергелида божхоначиларга байрам туҳфаси сифатида хизмат уйлари топширилди

 Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 25 йиллиги ва “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан божхона органларида хизмат қилаётган бир гуруҳ божхона ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига Сергели туманида қуриб битказилган 40 хонадондан иборат замонавий барча шарт-шароит ва қулайликларга эга бўлган янги хизмат уйларининг калитларини тантанали равишда топшириш тадбири бўлиб ўтди.

 Ушбу хизмат уйлари атрофи ободонлаштирилиб, сўлим гўшага айлантирилди ҳамда республикамизда ишлаб чиқарилган мебель ва маиший техника буюмлари билан жиҳозланишига алоҳида эътибор қаратилди.

  Шу муносабат билан ташкил этилган ушбу хизмат уйларининг тантанали очилиш маросимида Давлат божхона қўмитаси Марказий аппарати, Тошкент шаҳри ва вилоят божхона бошқармалари, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси, Олий ҳарбий божхона институти, Миллий кинология маркази ходимлари, божхона фахрийлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

  Тадбирда Давлат божхона қўмитаси Раии ўрибносари Ғ.Шукуров сўзга чиқиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан аҳолининг, шу жумладан божхона органларида хизмат қилаётган ходимларнинг турмуш фаровонлигини янада ошириш борасида бошлаб берилган изчил ва кенг кўламли ислоҳотлар йўли муносиб давом эттирилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

  Ватанимиз тинч, ҳаётимиз осуда, осмонимиз мусаффо бўлиши, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши энг аввало мамлакатимиз божхона чегараларининг дахлсизлиги ва иқтисодий хавфсизлигимизни таъминлашга боғлиқ.

  Давлатимиз томонидан барча соҳаларда бўлгани каби, божхона соҳасида ҳам ходимларни доимий равишда моддий ва маънавий рағбатлантириш, хусусан, соҳа инфратузилмасини тубдан такомиллаштириш, ходимлар учун меҳнат ва яшаш шарт-шароитларини янада яхшилаш борасида ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда.

  Сўнгги йилларда иқтисодий хавфсизлигимиз посбонларини уй-жой билан таъминлаш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар самарасида Қорақалпоғистон Республикасининг иқлим шароити оғир, Устюрт даштлигида жойлашган олис масофадаги “Қорақалпоғистон” ва “Даут-ота” божхона постлари яқинида барча қулайликларга эга хизмат уй-жойлар мажмуаси, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида хизмат қилаётган ходимларнинг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида бир қатор хизмат уйлари фойдаланишга топширилган эди.

  Бу гал Сергели туманида қуриб битказилган ушбу хизмат уйларининг божхона ходимларига топширилиши Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 25 йиллиги ва “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни”да эсдан чиқмас муносиб совға бўлди.

  Зеро, кўрсатилаётган бу каби юксак ғамхўрликка жавобан божхона ходимлари ҳарбий ва божхоначи қасамёдига содиқ қолиб, ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан ва виждонан бажаришларида янада куч ва ғайратларини аяшмайди.

Ўқилган 1446 маротаба