Воскресенье, Август 25, 2013

Давлат солиқ қўмитаси томонидан соҳадаги янги ўзгаришлар бўйича 6 кунлик кўргазмали семинар ўтказилди

  Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда 2017 йилни юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинган ҳамда бу борада энг долзарб ва устувор вазифалар белгилаб берилган эди.

 Унга асосан давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари тизимини қайта кўриб чиқиш, аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини ҳаётга татбиқ этиш белгиланди.

  Ушбу вазифалардан келиб чиқиб Давлат солиқ қўмитаси томонидан пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ» мажмуасида 6 кунлик кўргазмали семинар ташкил этилди.

 Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилги асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятидан тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда кенг жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилишдан иборатдир.

 Республикамизда тадбиркорлик субъектларига қулай шароитлар яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ имтиёзларини бериш ва солиқ маъмурчилигининг самарадорлигини ошириш тенденцияси 2017 йилда ҳам сақланиб қолинди.

 Хусусан, ўтган 2016 йил якунида “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги 2699-сонли қарори ҳамда бошқа бир қатор Фармон ва қарорлар қабул қилиниб, уларга асосан турли йўналишлар бўйича енгилликлар, имтиёзлар яратилди шунингдек қонун ҳужжатларига асосан берилган имтиёзлар муддати узайтирилди.

  Жумладан, хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасида фаолият юритувчи юридик шахсларни фойда ва ягона солиқ тўлови тўлашдан озод этиш тарзидаги солиқ имтиёзлари 12 та фаолият турларини, шундан 4 таси республиканинг барча ҳудудларида ва 8 таси қишлоқ жойларда амалга оширганлик учун 2020 йил
1 январгача татбиқ этилиши белгиланди.

  Миллий реестрга киритилган дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқувчилар учун ҳамда республикамизда автомобиль саноатини янада ривожлантириш мақсадида берилган солиқ имтиёзларининг муддати 2020 йил 1 январгача, оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ва нашриётлар учун берилган солиқ имтиёзларининг муддати 2019 йил 1 январгача узайтирилди.

  Ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаш тартибларини бирхиллаштириш мақсадида, 2017 йил 1 январдан бошлаб бошқа тадбиркорлик субъектлари учун белгиланган ягона ижтимоий тўловни ҳар бир ходим учун ойига минимал иш ҳақига каррали миқдорда ҳисоблашнинг амалдаги тартиби чакана савдо, умумий овқатланиш ва қурилиш соҳаси корхоналарига ҳам татбиқ этилиши белгиланди.

  Асосий солиқ турлари бўйича ставкалар 2017 йилда ҳам 2016 йил даражасида сақланиб қолинди. Жумладан, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, юридик шахсларнинг фойда (7,5%), мол-мулк (5%), ягона ер ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш (8%), шунингдек экспорт қилувчи корхоналар учун фойда солиғи, ягона солиқ тўлови ставкалари ва мол-мулк солиғининг регрессив ставкасини қўллаш тартиби сақлаб қолинди.

  Якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолият турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ ставкалари 2016 йил даражасида сақлаб қолиниши баробарида 2017 йил 1 январдан бошлаб, ҳунармандларга (қонунчиликда белгиланган рўйхат бўйича) энг кам иш ҳақининг 0,5 баробари миқдорида қатъий белгиланган солиқни тўлаш жорий этилди. Давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалар бўйича тўловлар ставкалари ўтган йил даражасида қолдирилди.

  Республикамизда ўртача турмуш даражаси ва энг кам иш ҳақи миқдори ошганлиги ҳамда инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда, айрим солиқларнинг ставкалари индексация қилинди.

  Солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва солиқ солиш билан боғлиқ бошқа масалалар бўйича Солиқ кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, юридик ва жисмоний шахслар томонидан солиқ қарзи бир йил мобайнида тўланмаган тақдирда, қарзни ундиришни мол-мулкига қаратиш учун белгиланган энг кам миқдордан оз бўлган (юридик шахслар энг кам иш ҳақининг 20 баробаригача, жисмоний шахслар учун 5 баробаригача) ҳолларда ҳам мажбурий ундирувга қаратиш тартиби белгиланди.

  Нотижорат ташкилотлари томонидан бошқа даромадлари бўйича солиқ мажбуриятларини бажаришда турли хил талқин этишларни олдини олиш мақсадида Солиқ кодексининг 7 та моддасига ўзгартириш киритилди. Йил мобайнида ягона солиқ тўловига ўтаётган умумбелгиланган солиқ тўловчилар учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, мол-мулк солиғи ва ер солиғидан аввал топширилган йиллик ҳисоб-китоб бўйича мажбуриятлар қайта ҳисобланиши лозимлигидан келиб чиқиб, Солиқ кодексининг 3 та моддасига мазкур ҳисоб-китобларни тақдим этиш муддатларини белгиловчи ўзгартиришлар киритилди.

  Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4848-сонли Фармони белгиланган меъёрларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида
  2016 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниб, унга асосан 13 та қонун ҳужжатларига, шу жумладан, Жиноят, Жиноят процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Солиқ кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

  Хусусан, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинди. Лекин, юридик шахслар мурожаатига асосан корхона тугатилаётганида ўтказиладиган текширишлар сақланиб қолинди. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича берилган мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига биноан қисқа муддатли (яъни 8 соатдан ошмайдиган) текширишлар ўтказилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

  Молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширишда тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этса ва бу ҳуқуқбузарлик инсоннинг соғлиғи ва ҳаётига зарар етказмаса, у етказилган зарарни белгиланган тартибда ва муддатларда ихтиёрий равишда қопласа, яъни солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўласа, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялардан (пенядан ташқари) озод қилинади.

  Шунингдек, ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахслар ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва рухсат этувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этилиши белгиланган.

  Шундан келиб чиққан ҳолда Жиноят кодексининг 7 та моддасидаги жиноят турлари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41 та, шундан маъмурий жазо қўллаш солиқ органлари ваколатида 9 та моддасидаги жавобгарлик чоралари либераллаштирилди.

  Жиноят кодексида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган шахсларга нисбатан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жазо тайинламаслик белгилаб қўйилди.

  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Молия вазирлиги, ҳамда бошқа мутасадди вазирлик, идоралар масъул ходимлари иштирок этган кўргазмали семинарда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари вакиллари томонидан ўртага ташланган барча муаммоли саволларга мутасадди ходимлар томонидан батафсил жавоблар берилади.

  Тадбирда шунингдек, тадбирда солиқ мажбуриятларини ўз вақтида тўлаб, солиқ қонунчилигига риоя этадиган, шунингдек ишлаб чиқаришни ривожлантириб янги иш ўринлари ташкил этган, республика иқтисодиёти юксалишига муносиб хисса қўшиб келаётган намунали солиқ тўловчиларнинг бир гуруҳи Давлат солиқ қўмитасининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

 

Давлат солиқ қўмитаси  Ахборот хизмати

Ўқилган 199 маротаба