Banner Top

Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ташкил этилди

  Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони эълон қилинди.

  13 апрель куни имзоланган фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги этиб қайта ташкил қилинди.  

  Янги ташкил этилган вазирлик ташқи савдо соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш учун масъул ҳисобланиши ҳамда ташқи савдо фаолиятини тартибга солиш соҳасида давлат бошқаруви органлари ишини мувофиқлаштириши белгиланган.

  Ҳужжатнинг 3-бандида Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

  ташқи савдо фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

  жаҳон бозорларининг комплекс маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш дастурларини амалга оширишда кўмаклашиш, ташқи бозорлардаги талаб-эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган юқори қўшилган қийматли маҳсулотларнинг рақобатдошлигини кучайтириш ва ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

 хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури ва хилларини тизимли асосда таҳлил қилиш, ташқи бозорларда унинг рақобатдошлиги даражасини аниқлаш, тегишли маълумотлар базасини шакллантириш;

 товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар билан савдо ҳамкорлигини кенгайтириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашиш, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган товарлар, ишлар ва хизматларнинг ташқи бозорларга чиқиши учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш, сотиш бозорларини диверсификациялашга йўналтирилган тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

  ишончли хорижий савдо шерикларини излаш ва танлашда хўжалик юритувчи субъектларга, шунингдек, маҳаллий корхоналарнинг тендер савдоларида, ҳалқаро савдо-саноат кўргазмалари, ярмаркаларида ва хорижий мамлакатларда ўтказиладиган бошқа шундай тадбирларда иштирок этишларига амалий ёрдам кўрсатиш;

 импорт бўйича келтириладиган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг ҳажми ва таркибини чуқур таҳлил қилиш, маҳаллий хомашё негизида импорт ўрнини босадиган тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқариш ҳамда уларни маҳаллийлаштириш масалалари юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини ошириш бўйича концепция ва дастурлар ишлаб чиқишда қатнашиш;

  ташқи савдо асосий кўрсаткичлари параметрларини шакллантиришда ва Ўзбекистон Республикасининг божхона-тариф сиёсатини такомиллаштиришда иштирок этиш, ташқи савдони либераллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

  товарлар (ишлар ва хизматлар), шу жумладан, ўзига хос товарлар ва саноат маҳсулотлари ташқи савдоси, шунингдек, ташқи савдода тариф ва нотариф бошқаруви чораларини қўллаш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш билан боғлиқ тадбирларни мувофиқлаштириш;

  ташқи иқтисодий фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш чораларини амалга ошириш бўйича таклифлар киритиш;

 Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо инфратузилмасини ривожлантириш, хусусан, транзит салоҳиятини, логистика ва транспорт йўлакларини ривожлантириш масалалари бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены