Banner Top

Қозоғистонлик ўзбек миллиардери Ўзбекистонга инвестиция киритмоқчи

Хорижий интернет нашрларида ўзбек миллиардери Фаттоҳ Шодиевнинг 8 апрель куни Тошкентга келгани кенг муҳокама қилинмоқда. Қозоғистоннинг Тенгриньюс интернет нашри Шодиев таваллуд айёмини беш юлдузли “Hyatt” меҳмонхонасида катта тантана билан нишонлаганлиги ҳақида ёзмоқда.

15 апрель куни 64 ёшни қарши олган тадбиркор томонидан ташкил этилган маросимда кўплаб йирик бизнесменлар, жумладан Александр Машкевич ва Тельман Исмоиловлар иштирок этишган. Шунингдек хабарда, бу ташриф Шодиев томонидан Ўзбекистонга инвестиция киритиш нияти  борлигидан дарак бериб тургани, яқин вақт ичида у она юртида ҳам фаолиятини бошлаши мумкинлиги ҳақида ёзилган.

Айни вақтда бошқа бир қатор интернет нашрларида ҳам Фаттоҳ Шодиевнинг Ўзбекистонга инвестиция киритиши борасидаги хабарлар кенг муҳокама қилинмоқда. Шуни айтиш лозимки, дунё миқёсидаги йирик тадбиркорнинг юртимизда иш бошлаши албатта Ўзбекистон иқтисодиётига фойдасини бериши тайин.

Фаттоҳ Қаюмович Шодиев 1953 йилнинг 15 апрелида Жиззах вилоятида таваллуд топган, меҳнат фаолиятини “Сирдарё ҳақиқати” газетасида мусаҳҳиҳликдан бошлаган. 1976 йилда МГИМОни “Халқаро ҳуқуқ” йўналиши бўйича тамомлаган. У яна бир ўзбек миллиардери Алишер Усмонов ҳамда  сиёсий арбоб, ўз вақтида Россия президенти ёрдамчиси бўлиб ишлаган Сергей Ястржембскийлар бир курсда таҳсил олган. Ўқишни тамомлагач Собиқ Иттифоқнинг Япониядаги савдо вакили маслаҳатчиси ва совет-япон муносабатлари бўйича мутахассис сифатида ишлаган.

Иттифоқ парчаланганидан сўнг Қозоғистонда бизнес билан шуғуллана бошлаган. 1992 йилда Александр Машкевич ва Алижон Иброҳимов билан бирга Eurasian National Resources Corporation (ENRC) холдинг компаниясига асос солган. Бу компания Қозоғистонда электроэнергия ишлаб чиқариш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш билан шуғулланади. Forbes маълумотларига кўра Шодиевнинг бойлиги 3,7 миллиард долларни ташкил этади. Фаттоҳ Шодиев, 1997 йилдан Бельгия фуқароси ҳам ҳисобланади.

Сўнги ўзгартириш: Якшанба, 16 Апрель 2017 11:08

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены