Banner Top

1 апрелдан четдан келтириладиган айрим товарлар учун акциз солиғи пасайтирилди

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 31 мартдаги ПҚ-2862-сон Қарори билан халқаро амалиётда умумэътироф этилган ташқи савдо фаолиятини божхона-тариф йўли билан тартибга солиш методларини қўллаш асосида маҳаллий ишлаб чиқаришни барқарор ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб республикамизга четдан келтириладиган акциз солиғига тортиладиган товарларга нисбатан қўлланиладиган акциз солиғи ставкаларида бир қатор ўзгартиришлар амалга оширилди.

  Бунда энг муҳим икки жиҳат инобатга олинган. Яъни, ушбу ўзгаришлар аввало аҳолини муҳим ва сифатли озиқ-овқатлар билан таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, юртимизга четдан олиб кириладиган айрим хом-ашёлар учун акциз солиғининг туширилиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизни қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнайди.

  Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида” 2016 йил 27 декабрдаги ПҚ-2699-сон Қарорига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

  Масалан, буғдой уни учун товарнинг божхона қийматидан 11 % миқдорида ундириб келинган акциз солиғи эндиликда 5 %ни ташкил қилади.

  Кунгабоқар ёғи, сафлор (махсар) ёғи ва уларнинг фракциялари учун бу кўрсаткич илгари 20 % ни ташкил қилган бўлса, ҳозирда 10 % га (бироқ 1 кг учун 0,16 АҚШ долларидан кам эмас) камайтирилди.

  Тайёр ёки консерваланган, уксус ёки уксус кислотаси қўшилмаган, музлатилмаган бошқа сабзавотлар (Ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасидаги 2006 товар позицияси маҳсулотларидан ташқари учун акциз солиғи) 50 % дан 10 % га, мева ва сабзавот шарбатлари (ананас ва цитрус шарбатларидан ташқари) учун эса 70 % дан 30 % гача (лекин л. 0,50 АҚШ долларидан кам эмас) туширилди.

  Шунингдек, соуслар тайёрлаш учун маҳсулотлар ва тайёр соуслар; таъм берувчи қўшимчалар ва аралаш зираворлар; хантал кукуни ва тайёр хантал (горчица) учун акциз солиқлари ҳам сезиларли равишда яъни, 70 %дан 25 % гача туширилди.

  Энг муҳим янгиликлардан яна бири двигателининг ҳажми 2 800 куб. см.дан кўп бўлмаган янги юк ташиш автомобиллари учун акциз солиғи эндиликда 30 % (муқаддам 70 % эди) қилиб белгиланди.

  Бундан ташқари, соя ёғи ва унинг фракциялари, макарон маҳсулотлари, айрим турдаги полиэтилен, тунука ва ёғочдан тайёрланган маҳсулотлар учун акциз солиғи бутунлай бекор қилинди.

  Табиийки, ушбу янгиликлар эндиликда бу каби товарларни республикамизга олиб кирадиган импортёрлар учун мазкур имтиёзлар натижасида тежаб қолинган маблағларни ўз фаолиятларини янада кенгайтиришга йўналтиришлари билан ҳам аҳамиятлидир.

  Масалан, 2016 йилнинг биргина 2 чорагида олиб кирилган бундай товарлар учун давлат бюджетига салкам 13 млн. АҚШ доллари эквивалентидаги акциз солиғи ундирилган бўлса, жорий йилнинг ушбу чорагида ўтган йилнинг мос давридаги импорт ҳажми сақланиб қолгудек бўлса, у ҳолда салкам 33 млрд. сўм миқдоридаги маблағ эндиликда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ўз ихтиёрларида қолиши кутилмоқда.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены