Banner Top

Иқтисодиётнинг стратегик сектори

  Тамаддун дунё халқлари ҳаёт тарзи, яшаш хусусиятларида ҳам туб бурилиш ясади. Масалан, ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожи, аҳоли турмуш даражаси юксалиши, урбанизациянинг кучайиши туризмга бўлган эҳтиёж ортишига олиб келди. Зеро, сафар уюштириш, саёҳатга чиқиш, табиат қўйнида дам олиш бугунги замон кишилари ҳаётининг таркибий қисми, айни чоғда саломатликни мустаҳкамлаш ва бўш вақтни мазмунли ўтказишнинг муҳим шаклига айланди.

  Дарҳақиқат, Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг маълумотларига қараганда, ҳар йили ўртача 1,2 млрд. нафар киши саёҳатга чиқади. Ваҳолонки, бундан 10 йил муқаддам рўйхатга олинган туристлар сони 576 млн. нафарни ташкил этган, холос. Мазкур соҳа жадал ривожланишининг кўплаб омиллари бор, албатта. Улар ичида энг асосийси — бу дунёни билиш, тарбия ва соғ­ломлаштиришни ўзида мужассамлаштирганидир. Қолаверса, у бундай хизматларни ташкил этувчиларга катта даромад олиш имконини беради. Ҳозирги ­вақтда дунё туризмининг жаҳон ялпи ички маҳсулотидаги улуши 10 фоиз, хизматлар экспортида 30 фоиз, савдо ҳажмида 6 фоизга етгани, меҳнатга лаёқатли аҳолининг 8 фоизи шу жабҳада меҳнат қилаётгани бунинг яққол далилидир.

  Шу маънода, Ўзбекистонда сайёҳлик соҳаси тараққиётининг бугунги аҳволи қандай?

  Аввало, шуни айтиш жоизки, мамлакатимизда мустақиллик йилларида туризмнинг бозор муносабатларига асосланган янги ҳуқуқий ва иқтисодий асослари яратилди. Замонавий инфратузилма объектлари барпо этилиб, туризмнинг жаҳон андозалари даражасидаги янги йўналишлари жорий қилинди. Мавжуд тарихий-маданий ёдгорликлар таъмирланиши баробарида, улар кенг кўламда тарғиб этилди. Бу каби тизимли чора-тадбирлар кутилган самарани бериб, юртимизнинг сайёҳлик салоҳияти тобора ошмоқда. Бунга яқинда Буюк Британиянинг дунёда маш­ҳур “Financial Times” газетасида чоп этилган мақола мисол бўла олади.

  Гап шундаки, унда 2017 йилда жаҳон бўйлаб саёҳатга чиқиш истагидагилар учун энг қизиқарли йўналишлар рўйхати эълон қилинди. Газетада таъкидланган тўққизта давлат орасида Ўзбекистон жаҳондаги энг диққатга сазовор сайёҳлик йўналишлари рейтингида иккинчи ўринда қайд этилди.

  Бу бежиз эмас, албатта. Негаки, Ўзбекистон сайёҳлик кўлами ва тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи давлатлар сирасига киради.  Мамлакатимизда 7 мингдан зиёд нодир тарихий ёдгорликлар ҳамда бетакрор архитектура намуналари мавжудлиги, сўлим қўриқхоналар фаолият кўрсатаётгани, миллий маданият, санъат ва ҳунармандчиликнинг кўп аср­лик анъаналари асраб-авайлаб келинаётгани хорижликларнинг юртимизга бўлган қизиқишини янада кучайтирмоқда. Бироқ мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланилмаётганлиги туфайли соҳанинг хизмат кўрсатиш ва ­экспортдаги ҳиссаси, аҳолини иш билан таъминлашдаги ўрни ­жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада орқада.

  Давлатимиз раҳбари мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида бу ҳақда тўхталар экан, туризмдек сердаромад соҳа ривожи эътибордан четда қолиб келаётгани, унинг Ўзбекистон иқтисодиёти тараққиётига қўшадиган ҳиссасини ошириш, тарихий ва маданий қадриятларимизни ­тарғиб қилиш, шунингдек, валюта захираларини тўлдириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилиши зарурлигини алоҳида таъкидлади. 

  Давлат статистика қўмитаси маълумотларида келтирилишича, айни пайтда туризмнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши жуда паст — атиги 2 фоиз атрофида. Туризм фаолиятини амалга оширган фирма ва ташкилотларнинг сони эса қарийб 400 та бўлиб, уларнинг асосий қисми Тошкент шаҳри (73,4 фоиз), Самарқанд (13,1 фоиз), Бухоро (4,5 фоиз) ва Хоразм (1 фоиз) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Бошқача айтганда, Ўзбекистондаги сайёҳлик хизматлари кўрсатишга ихтисослаштирилган фирма ва ташкилотларнинг 92 фоизи, сайёҳларнинг 93,1 фоизи ушбу 4 та ҳудудга тўғри келади.

  Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони соҳада учраётган хато ва камчиликларни бартараф этиб, уни изчил ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бинобарин, ушбу ҳужжатда туризмни мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида тараққий топтириш учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, ҳудудларнинг ушбу йўналишдаги салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш, тармоқни бош­қаришни тубдан такомиллаштириш, миллий туризм маҳсулотларини яратиш ва уларни жаҳон бозорларида тарғиб қилиш, Ўзбекистоннинг ижобий сайёҳлик қиёфасини шакллантириш йўналишлари белгилаб берилган. Уларнинг изчил ижроси  юртимизни жаҳон туризмининг муҳим марказларидан бирига айлантириш имконини яратади.

  Қадимги Буюк Ипак йўли ор­қали кўплаб мамлакатларнинг ­туризм маршрутлари туташган халқаро чорраҳада жойлашган ўлкамизда сайёҳликнинг барча турини ривожлантириш мумкин.  Улар орасида экотуризм энг истиқболли йўналиш ҳисобланади. Бунинг учун ғоят хилма-хил ҳамда бой ландшафт, табиий экотизим ва ресурслар, улкан рекреация-туризм салоҳиятига эгамиз. Қолаверса, юртимизнинг қуруқ субтропик иқлими, фасллар ўз ўрнида алмашиши йил давомида, ҳар мавсумга хос ва мос экологик туризм хизматлари кўрсатиш имконини беради.

  Ваҳолонки, ҳозирги вақтда ­дунёнинг кўпгина мамлакатларида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (МЭТҲ)нинг иқтисодий фаолият учун муҳим аҳамиятга эга эстетик табиий манзаралари, маданий-этнографик мерос ва қулай экологик ресурс салоҳияти имкониятларидан экологик туризмни ривожлантиришда фойдаланиш асосий йўналишга айланган. Шу маънода, республикамизда экотуризмга асос бўладиган ноёб объектлар жуда кўп. Масалан, 36 та МЭТҲ мавжуд бўлиб, уларнинг умумий майдони 2604,2 минг гектарни ташкил этади. Бундан ташқари, сирли ғорлар, ғаройиб шаклли қоялар, даралар, ер қатламлари очилиб қолган жойлар, шаршаралар, шифобахш булоқлар, улкан дарахтлар, нафосатли ландшафтлар, музликлар ҳам бор. Фақат уларни туризмда фойдаланишга қаратилган инвентаризация ва классификациялаш, шунингдек, мавжуд салоҳиятни тиббий-биологик, туризм-иқтисодий баҳолашни амалга ошириш ­талаб қилинади, холос.

  Таъкидлаш керакки, туризм ривожида, айниқса, соҳанинг ­бошқарув тузилмаси муҳим ўрин тутади. Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги Фармонига асосан, янгидан ташкил этилган Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолияти, энг аввало, назорат ва маъмуриятчилик вазифаларини амалга оширишга эмас, балки туризмда тадбиркорлик фаолиятини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Яъни қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, сайёҳликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган ғов ва тўсиқларни бартараф этиш, хизматлар бозорида рақобатни ривожлантириш, лицензиялаш, сертификатлаш ҳамда бошқа рухсатномалар бериш унинг зиммасига юкланди.

  Ўз навбатида, Фармонда Ўзбекистонда яқин вақтда туризм соҳасини ўрта муддатли истиқболда ривожлантириш концепция­си, 2017 — 2021 йилларда концепцияни амалга ошириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, туризм инф­ратузилмасини такомиллаштириш, соҳа корхоналарига қўшимча имтиёз ва преферен­циялар бериш бўйича ҳам долзарб тадбирларни амалга ошириш белгиланган. Унга кўра, яқин истиқболда хорижий инвестиция­ларни кенг жалб қилган ҳолда, республикамизнинг барча ҳуду­дида туризм инфратузилмасининг замонавий объектлари, энг аввало, меҳмонхоналар, транспорт-логистика тузилмалари, муҳандислик-коммуникация объект­лари бунёд этилади. Бу жараёнда янги объектларнинг халқаро андозалар, туристлар талаб ва эҳтиёжларига тўлиқ ­жавоб бериши инобатга олинади.

 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари” деб номланган учинчи йўналишида туризм индустриясини жадал равнақ топтириш бўйича дастурий вазифалар белгилаб берилган.

  Соҳа истиқболига қаратилаётган ана шундай жиддий эътибор туфайли янги-янги туризм марказлари вужудга келаяпти. Тошкент вилоятини, ҳеч иккиланмасдан, ана шулар сафига киритиш мумкин.

  Гап шундаки, ҳудуд табиий имкониятлари ҳамда хориж тажрибаси ўрганилган ҳолда, вилоятнинг туристик салоҳиятини ошириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда. Масалан, 700 дан зиёд маданий мерос объектлари мавжудлиги сайёҳликнинг зиёрат йўналишини ривожлантиришда қўл келаётган бўлса, ноёб табиат обидалари, фусункор ўрмон ва ландшафтлар экологик, пурвиқор тоғлар эса экстремал сайёҳлик истиқболига кенг йўл очиб бераяпти. Бундан ташқари, этнотуризм ҳам изчил ривожланаётир. Шу боис 2017 — 2021 йиллар давомида мазкур соҳада 200 дан зиёд лойиҳалар амалга оширилади. Улар доирасида янги инфратузилма объектлари, хусусан, 40 та меҳмонхона қурилиши кўзда тутилган. Янги меҳмонхоналар сайёҳлар оқими нисбатан кўп бўлган Паркент, Бўстонлиқ ва Зангиота туманлари, Ангрен ҳамда Чирчиқ шаҳарларида бунёд қилиниши белгилангани эътиборга моликдир.

  2017 йилнинг ўзида биргина Паркент туманида 80 ўринли мўъжаз меҳмонхона, оилавий дам олиш мажмуасини фойдаланишга топшириш бўйича ишлар ­жадал давом эттирилаяпти. Умуман олганда, беш йил мобайнида шу каби мақсадлар рўёби учун 400 миллиард сўмдан ортиқ инвестициялар жалб қилиниб, қарийб 2 мингга яқин иш ўрни яратилади. Пировардида вилоятда туризм хизматлари кўрсатиш ҳажми 2,5 баробар ошади.

  Ҳаракатлар стратегияси ва ­бошқа тегишли ҳужжатларнинг изчил ижроси Ўзбекистонни тез орада йирик ҳамда жозибадор сайёҳлик марказларидан бирига, туризмни эса иқтисодиётимизнинг етакчи соҳасига айлантиришга мустаҳкам замин яратиши муқаррар.

Обид ҲАМИДОВ,

иқтисод фанлари номзоди, доцент.

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены