Banner Top

3D-принтерлар: Кеча тасаввурга сиғмаган нарсалар бугун ҳақиқатга айланмоқда

  Сўнгги йилларда фан-техника жадал ривожланиб, шундай ихтиролар, инновацион ишланмалар, замонавий технологиялар яратилдики, улар ҳаётимиздан чуқур ўрин олиб, яшаш сифатини бутунлай янги босқичга олиб чиқди. Замонавий технологиялар кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Бинобарин, авваллари хаёлимизга ҳам келмаган нарсалар бугун ҳақиқатга айланиб, жамиятимизнинг барча жабҳасида ривожланишга йўл очмоқда.

  Узоққа боришнинг ҳожати йўқ. 1961 йили 12 апрель куни Юрий Гагарин фазога учган эди. Бу инсоният тарихида мисли кўрилмаган воқеа бўлганди ўшанда. Бугун эса халқаро космик кемада фазогирлар жамоаси навбатма-навбат коинотга сафар уюштириши оддий ҳолга айланиб улгурди. Тўғри, уларнинг исмини ҳамма ҳам ёддан айтиб бера олмаслиги мумкин, бироқ, энг асосийси, фазони ўз­лаштиришда янгидан-янги ютуқлар қўлга киритилмоқда.

  Сир эмас, ҳозир ҳаётимизни мунтазам равишда ­такомиллаштириб борилаётган компьютер ва интернетсиз тасаввур этиш мушкул.Яқин-яқингача одамлар ишхонада замонавий компьютерларда ишлашни орзу қилган бўлса, бугун нафақат офисларда, айни пайтда ­ноутбуклар, нетбуклар, планшетлар ва “гаджет”лар деб аталадиган бошқа қурилмалар ҳар бир хонадондан ўрин олди.

  Ҳозирги давр одамлари компьютерлару ноутбукларга, смартфонларга боғланиб қолган. Чунки ушбу қурилмалар шунчаки мулоқот воситаси эмас, балки кўп қиррали вазифаларни бажармоқда. Улар орқали қўнғироқ қилиш, хабар ёки расм ­юбориш/қабул қилиш, онлайн харидни амалга ошириш, янгиликлар билан танишиш, керакли маълумотларни олиш, фото ёки видео олиш, томоша қилиш, мусиқа эшитиш, турли ўйинларни ўйнаш мумкин.

  Бугунги кунда дунёда шундай ихтиролар борки, улар ҳали ҳам ҳаётга кенг татбиқ этилмаган бўлса-да, бир кун келиб, смартфонлар ҳамда компьютерлар сингари одамлар турмушининг ажралмас қисмига айланиб кетмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Ана шундай кашфиётлардан бири шу кунларда оммавий ахборот воситаларида бот-бот тилга олинаётган 3D-принтерлардир.

  Гап шундаки, бизда “Принтерлар фақатгина матн ва суратни чоп қилади холос”, деган фикр шаклланиб қолган. Аммо мутахассисларнинг айтишича, принтерларнинг имкониятлари жуда кенг бўлиб, яқин келажакда мазкур технология жамият ҳаётининг барча жабҳасида қўлланилади.

  Унинг афзаллиги шундаки, зарур материаллар ҳамда дастурий таъминот ёрда­мида уй қуриш, протез ва имплантатлар тайёрлаш, қимматбаҳо эсдалик буюмлар, тақинчоқлар ишлаб чиқариш мумкин. Масалан, Хитой, АҚШ, Буюк Британия, Нидерландияда ушбу йўналишда амалий натижаларга эришилган. Яъни 3D-принтерлар тураржойлар ҳамда уларнинг қисмларини — конструкциялари, ички деворлари, турли шаклдаги ҳимоя тўсиқларини ҳеч қандай қолипларсиз “чоп этмоқда”. Хусусан, ­Хитойда узунлиги 150 метр, кенглиги 10 метр бўлган 3D-принтер яратилди. Ушбу қурилма бир неча соат ичида баландлиги олти метр бўлган бинони “барпо қилиши мумкин”. Бунда у “сиёҳ” ўрнида кучайтирилган шиша толали цементдан фойдаланади. Шундай бўлса-да, ҳозирча бу усулда йирик ­иншоотларни қуриш синов тариқасида олиб борилмоқда. Ландшафт дизайни ва аҳоли ­пунктларини ободонлаштириш учун кичик архитектура шаклларини тайёрлашда 3D-принтерлар имкониятидан тобора жадал фойда­ланилмоқда.

  Тиббиётда 3D-принтерларни қўллаш истиқболлари ҳам жуда катта. Мисол учун, бундай йўсинда тайёрланадиган протезлар бемор танасининг илғаш қийин бўлган индивидуал жиҳатларини ҳам ҳисобга олиш имконини беради. Стоматологияда вақтинчалик тиш қопламаси ёки жағ имплантатларини яратишда 3D-принтерлардан кенг фойдаланилмоқда. Тиббиётнинг бош­қа соҳаларида ҳам ушбу қурилмани қўллаш бўйича изланишлар олиб борила­ётир. Мутахассисларнинг билдиришича, келажакда инсон органларини “чоп этиш” имкониятлари ҳам йўқ эмас.

  3D-принтерларга кичик бизнес катта қизиқиш билдираётгани диққатга сазовор. Дейлик, мазкур қурилма ёрдамида ҳар қандай уч ҳажмли суратларни айнан ўзидек кўпайтириш мумкин. Машҳур футболчилар, кино юлдузлари, мультфильмлар қаҳрамонларининг шаклини ясаш орқали маркетинг ­лойиҳаларини рўёбга чиқариш имконияти бор. Қурилма ёрдамида эсдалик учун ўзи, яқинларининг қиёфаларини шакллантирса бўлади. Ушбу технологияга, айниқса, оригинал ва ноёб тақинчоқлар ҳамда аксессуар ишлаб чиқарувчилар катта қизиқиш билан қараяпти. Қайд этиш керакки, энг сўнгги русумдаги 3D-принтерлар “сиёҳ” сифатида нафақат пластик материални, айни пайтда олтин, кумуш ва платиналарни ҳам ишлата олади. Буюртмачи эса тақинчоқнинг шакли ва усулини таъбига қараб танлаши мумкин.

  Бугун 3D-принтерларни қўллаш соҳаси ҳамда кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Бунда замондан ортда қолиб кетмаслик лозим.

  Мамлакатимизда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот техноло­гиялари университетининг профессор-ўқитувчилари ва иқтидорли талабалари томонидан 3D-принтерлар ёрдамида қатор лойиҳалар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Мультимедиа технологиялари кафедраси ассистенти Жонибек Тожиев 3D-принтер ор­қали одамдек ҳаракатлана оладиган махсус робот яратган. “Ақл гимнастикаси” бўлмиш шахмат ўйнай оладиган робот, қўл протези ҳам ана шундай изланишлар самарасидир. Буларнинг барчаси ишлаб чиқариш ҳамда тиббиётнинг турли жабҳаларида кенг қўлланилиши мумкин. Масалан, “шахматчи робот” кимёвий реакциялар ва физикавий жараёнларни бош­қаришга мўлжалланган. Чунки у мантиқий фикрлай олади, вазиятни баҳолаш ҳамда таҳлил қилишга қодир.

  Ёки одамдек юрадиган ­роботни олайлик. “Серво” ­моторидан фойдаланилгани туфайли у бемалол ҳаракатланиб, йўлдаги тўсиқларни аниқлайди ва уларни ҳатлаб ўта олади. Қолаверса, бу робот ҳатто тўп ўйнаши ҳам мумкин. Қурилма дастурлаштирилган топшириқ ҳамда ҳаракатларни бажаради, одам кириши қийин бўлган ёки аҳоли саломатлигига хавф солиши мумкин бўлган вазифаларни бажаришда қатнашиш хусусиятига эга. Кимё саноати корхона­ларида ёхуд фавқулодда ҳолатлар оқибатларини бартараф этишда ҳам унинг хизматидан фойдаланиш мумкин. 

  — Талабалар, университет ходимлари ҳозирча иккита 3D-принтердан фаол фойдаланишмоқда, — дейди ­Жонибек. — Ҳамкасбларимиз ушбу соҳага шу даражада шўнғиб кетишганки, ҳар куни турли инновацион ишланмалар устида бош қотиришади, мазкур қурилманинг имкониятларини турли шароитларда синаб кўришмоқда. Биз 3D-принтерлардан моделлаштириш учун фойдаланамиз. Бундай қурилмалар бир қатор олий таълим муассасаларидагина ишлатилади, холос. Ваҳолонки, дунёнинг турли ­мамлакатларида ­улардан кенг фойдаланилаяпти. Биз ҳозирча тиббиёт соҳасида, аниқроқ айтадиган бўлсак, замонавий протезлар тайёрлашда 3D-принтер­лардан фойдаланишга кўпроқ урғу бераяпмиз. ­Келажакда истиқболли йўналишларда ҳам ушбу қурилмани жадал қўллаш чораларини кўрамиз.

  Ҳақиқатан ҳам, республикамизда 3D-принтерлар айрим олий таълим муассасаларидагина мавжуд бўлиб, улар тор доирада ишлатилаяпти. Аммо мутахассисларнинг фикрича, 3D-моделлаштириш бўйича кадрлар тайёрлаш ҳақида бугундан бош қотириш лозим. Зеро, ушбу соҳада дунё миқёсида талаб тобора ўсиб бораяпти. Табиийки, яқин истиқболда юртимизда ҳам унга эҳтиёж юксалади. Бинобарин, инновацион ишланмалар ва ­илғор технологияларни яратиш ҳамда ҳаётимизнинг барча ­жабҳасига жорий қилиш давлатимиз сиёсати ­даражасига кўтарилганлиги ҳам бежиз эмас.

 

Собир АЛИЕВ.

 

Сўнги ўзгартириш: Жума, 12 Май 2017 12:13

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены