Banner Top

Мурожаат, ижро, назорат, натижа

  Бугун юртимизда тадбиркорлар учун яратилган кенг имтиёз ва қулайликлар самараси натижасида ушбу соҳа вакилларининг юртимиз иқтисодиётидаги улуши янада ортиб бормоқда. Бироқ, ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўз фаолиятини мавжуд қонун талаблари асосида ривожлантириш ўрнига турли хил қонунбузарлик йўллари билан даромадини оширишни кўзловчи «тадбиркор»лар ҳам афс уски учраб туради.

  Қуйида давлат солиқ органлари томонидан жорий йилнинг 8 июнидан 15 июнига қадар ўтказилган назорат тадбирлари натижалари билан таништириб ўтамиз.

  «ИШОНЧ ТЕЛЕФОН»ЛАРИ ЭШИТАДИ...

  Давлат солиқ хизмати органларида фаолият кўрсатаётган «Ишонч телефон»ларига бўлаётган мурожаатлар ўз вақтида қабул қилиниб, изчил ўрганиб, таҳлил этиб борилмоқда. Хусусан, «Ишонч телефон»лари орқали ўтган ҳафта давомида 263 та, шундан 5 та юридик ва 258 та жисмоний шахсларнинг мурожаатлари қабул қилинди.

  Ушбу мурожаатларнинг барчаси рўйхатга олиниб, белгиланган тартибда ижрога қаратилган.

ҚАРОР ИЖРОСИ НАЗОРАТДА

  Давлат солиқ органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралдаги «Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2777-сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан изчил иш олиб борилмоқда. Хусусан, ўтган ҳафта давомида жойларда назорат-касса машинаси ва тўлов терминалидан фойдаланмаслик ҳамда тушумларни банк кассаларига тўлиқ топширмаслик ҳолатлари бўйича 857 та текшириш ўтказилиб, уларнинг барчасида қоидабузарлик ҳолатлари аниқланди.

  Жумладан, фуқаролар мурожаати асосида Андижон вилояти Балиқчи тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ўтказилган текширишда якка тартибдаги тадбиркор А.К.га қарашли савдо шохобчасида ўтказилган назорат тадбирида касса ходими кунлик савдодан тушган 85 минг 500 сўм нақд савдо пулини назорат-касса машинаси (НКМ) хотирасига кирим қилмаганлиги ҳамда 258 минг сўмни НКМга кирим қилмай банкка топшириб юборганлиги маълум бўлди. Ушбу ўзбошимчалик юзасидан баённома тузилиб, чора кўриш учун тегишли суд органига юборилди.

  Яна бир мисол. Избоскан туманидаги якка тартибдаги тадбиркор М.А. ҳам савдо қоидаларини унутган чоғи, фаолияти давомида жами 5 миллион 682 минг 812 сўм савдо тушумини НКМга кирим қилмаган экан.

  Бухоро вилоятининг Когон тумани Бухоро шох кўчасида жойлашган «Петромарузгаз» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонага тегишли автомобилларга суюлтирилган газ қўйиш шохобчасида ўтказилган текширишда шохобча сотувчиси харидорга 12 минг сўмга харид чеки бермаганлиги, шохобча кассасида НКМ хотирасига кирим қилинмаган 1 миллион 425 минг сўм нақд пул борлиги маълум бўлди.

  Ана шундай ҳуқуқбузарлик Когон тумани «Туткунда» қишлоғида жойлашган «Дисконт» масъулияти чекланган жамиятига тегишли автомобилларга суюлтирилган газ қўйиш шохобчасида ҳам кузатилган.

  Бу ерда ўтказилган текширишда шохобча сотувчиси томонидан харидорга 10 минг сўмга харид чеки берилмаганлиги ҳамда шохобча кассасида НКМ хотирасига кирим қилинмаган 1 миллион 703 минг 300 сўм нақд пул борлиги аниқланди.

  Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида фаолият кўрсатиб келаётган «Абдуллаева Гавҳар» хусусий корхонасига қарашли пайнет шохобчасида, оператор томонидан харидорга 2 минг сўмга НКМ чеки берилмаганлиги ва НКМ хотирасига кирим қилинмаган 22,5 минг сўм нақд пулнинг борлиги маълум бўлди.

  Ана шундай ҳуқуқбузарлик Зарбдор туманида фаолият кўрсатиб келаётган якка тартибдаги тадбиркор Т.Ш.га қарашли савдо шохобчасида ҳам кузатилди. Ўтказилган назорат тадбирида харидорга 14 минг сўмга харид чеки бермаслик ва савдодан тушган 45 минг сўм нақд пул НКМга кирим қилмаслик ҳолати аниқланди.

  Зафаробод туманида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркор А.Б.га қарашли шохобчада эса харидорга хариди учун 9,5 минг сўмга харид чеки бермаганлик ҳолати бўйича ўтказилган текширишда тадбиркор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги 306-сонли қарори талабига зид равишда савдо дўконига назорат-касса машинаси ўрнатмасдан савдо фаолиятини амалга ошираётганлиги аниқланган.

  Шунингдек, фуқаролар мурожаати асосида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар Савдо комплекси, 10-блок 206-дўконда ўтказилган назорат тадбирида харидорлар учун тўлов терминали ўрнатилмаганлиги, дўкон сотувчиси томонидан харидорга маҳсулотни пластик картага бошқа дўкондан устама нарх эвазига олиб бериш ҳолати аниқланди.

  Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида фаолият кўрсатиб келаётган якка тартибдаги тадбиркор Х.Ш.га қарашли шохобчада тадбиркор томонидан харидорга 5 минг сўмга НКМ чеки бермаганлиги ва НКМ хотирасига кирим қилинмаган 150 минг сўм нақд пул борлиги маълум бўлди. Ана шундай ҳуқуқбузарлик Миришкор туманида фаолият кўрсатиб келаётган якка тартибдаги тадбиркор С.А.га қарашли савдо дўконида тадбиркор томонидан харидорга 4 минг 500 сўмга НКМ чеки бермаганлиги аниқланди. Шунингдек, шохобча ғазнасида НКМ хотирасига кирим қилинмаган 1 миллион 200 минг сўм нақд пул борлиги маълум бўлди.

  Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида фаолият кўрсатиб келаётган якка тартибдаги тадбиркор А.С.га қарашли шохобчада ўтказилган назорат тадбирида тадбиркор томонидан харидорга 32 минг сўмга НКМ чеки берилмаганлиги ва НКМ хотирасига кирим қилинмаган 3 миллион 739 минг 500 сўм нақд пулнинг борлиги аниқланди. Ана шундай ҳуқуқбузарлик Гулистон шаҳрида фаолият кўрсатиб келаётган «Ҳумо» масъулияти чекланган жамият шохобчасида ҳам кузатилган. Ўтказилган назорат тадбирида шохобчада савдодан тушган 104 минг сўм нақд пул борлиги аниқланган.

  Сурхондарё вилояти давлат солиқ бошқармаси ходимлари томонидан Узун туманида фаолият кўрсатиб келаётган «К.Ж.С» хусусий фирмасига қарашли шохобчада ўтказилган назорат тадбирида шохобча сотувчиси харидорга 5 минг сўмга НКМ чекини бермаганлиги, ғазнада НКМ хотирасидан ўтказилмаган 1 миллион 265 минг сўм нақд савдо пули борлиги аниқланди.

  Термиз шаҳрида фаолият кўрсатиб келаётган «А.С.С.» хусусий корхонасига қарашли савдо шохобчасида ўтказилган назорат тадбирида ҳам савдо қоидалари қўпол равишда бузилаётганлиги маълум бўлди. Яъни, савдодан тушган 5 миллион 173 минг сўм нақд пул НКМ хотирасидан ўтказилмаганлиги ошкор бўлди.

  Хоразм вилояти Урганч шаҳар, Жиззах кўчасидаги 5-блок савдо мажмуасида жойлашган якка тартибдаги тадбиркор А.У.У. фаолиятида ўтказилган текширишда шохобча НКМ ва тўлов терминали билан жиҳозланмаганлиги, 12 минг сўмга НКМ чеки берилмаганлиги ҳамда кассада НКМга кирим қилинмаган 269 минг сўм нақд пул борлиги аниқланди.

  Наманган вилояти Наманган шаҳар ҳудудида фаолият кўрсатиб келаётган якка тартибдаги тадбиркор А. Д.га қарашли шохобчада ўтказилган солиқ текшируви давомида тадбиркор томонидан НКМ ва банк тўлов терминали ўрнатмасдан фаолият юритилаётганлиги аниқланди.

  Ана шундай ҳуқуқбузарлик Наманган шаҳар ҳудудида фаолият кўрсатиб келаётган якка тартибдаги тадбиркор О. Ага қарашли савдо шохобчасида тадбиркор томонидан харидорга хариди учун ҳамда кунлик савдодан тушган 140 минг сўмга НКМ чеки берилмаганлиги аниқланди.

  Шунингдек, Учқўрғон тумани ҳудудида фаолият кўрсатиб келаётган «О. Ҳ. Ж» хусусий корхонасига қарашли савдо шохобчасида тадбиркор харидор хариди учун кунлик савдодан тушган 183 минг сўмга НКМ чеки берилмаганлиги маълум бўлди.

  Айни пайтда аниқланган ушбу ноқонуний ҳолатлар юзасидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

ҲУҚУҚБУЗАРЛИК УЧУН ЖАЗО МУҚАРРАР

  Ўтказилган солиқ назорати натижаларига кўра, ўтган ҳафта давомида 4894 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган.

  Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатларига йўл қўйган 3474 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.

  Шу жумладан:

  - савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузган 1513 нафар, шундан:

  а) харидорга товарлар, маҳсулотларни (хизматларни) чек (квитанция, счет) бермасдан сотиш (хизмат кўрсатиш) бўйича 937 нафар;

  б) назорат-касса машиналарини қўллаш тартибига риоя этмаслик бўйича 420 нафар;

  в) тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартибига риоя этмаслик бўйича 151 нафар;

  г) нархларни асоссиз равишда ошириш бўйича 5 нафар;

  - бинони, иншоотни ёки уларнинг бир қисмини, турар жойни нотариал тасдиқланган шартномасиз ижарага ёки текин фойдаланишга берган 52 нафар;

  - уй-жойга доир мулк ҳуқуқини кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларда ўз вақтида расмийлаштирмаган 286 нафар;

  - даромадлар тўғрисида декларацияни солиқ органига ўз вақтида тақдим этмаган 153 нафар;

  - ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган 277 нафар;

  - автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланган 300 нафар фуқаролар;

  - солиқ ҳисоботини солиқ органига ўз вақтида тақдим этмаган 651 нафар;

  - дебиторлик қарзи муддатлари ўтказиб юборилган корхоналарнинг 23 нафар;

  - солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатаётган банкка ўз вақтида тақдим этмаган 219 нафар мансабдор шахслар маъмурий жазога тортилган.

  Бундан ташқари ўтказилган назорат тадбирлари давомида солиққа оид ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этиб, унинг оқибатларини аниқланган пайтдан бошлаб ўттиз кунлик муддат ичида бартараф этган ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан, пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қоплаган 1295 та тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахслари ва якка тартибдаги тадбиркорлар маъмурий жавобгарликдан озод этилди.

  Шунингдек, ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини биринчи марта содир этиб, ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан бошлаб ўттиз кунлик муддат ичида тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган ва давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қоплаган 125 нафар жисмоний шахс ҳам судлар томонидан маъмурий жавобгарликдан озод этилган.

 

Музаффар Юсуф НАЗАРОВ,

Давлат солиқ қўмитаси Ахборот хизмати бошлиғи

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены