Banner Top

Номингизга доғ тушмасин!

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралдаги «Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2777-сонли қарори чакана савдо ва аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш соҳасида нақдсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада такомиллаштириш, нақд пул маблағлари тўлиқ ҳисобга олиниши ва банк айланмасига жалб этилишини, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

  Ушбу қарорга мувофиқ, 2017 йилнинг 1 мартидан бошлаб чакана савдо ва аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар аҳолидан тўловларни пластик карточкалар ёрдамида қабул қилинишини таъминлайдиган, ўрнатиш мажбурий бўлган ҳисоб-китоб терминалларини ўрнатмаган тақдирда ўз фаолиятларини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмасликлари белгилаб қўйилди.

  Агар чакана савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари сотилаётган товарлар нархини ҳамда кўрсатилаётган хизматлар ҳақини нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар бўйича тўлаш шаклига қараб сунъий равишда оширган ёки пасайтирган тақдирда уларга нисбатан энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима солиниши белгилаб қўйилди.

  Шунингдек, давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлик субъектларини нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар бўйича тўлов шаклига қараб нархларни сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш, назорат-касса машиналарини, ҳисоб-китоб терминалларини ишлатиш, шунингдек, ўрнатилган тартибда талон ва чеклар бериш, нақд пул тушумни ўз вақтида ва тўла ҳажмда инкассация қилиш масалалари юзасидан ўтказиладиган текширувлар, белгиланган тартибга мувофиқ, назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашининг махсус рухсатномасини талаб этадиган солиқ текшируви ҳисобланмаслиги қайд этиб ўтилди.

  Афсуски, бу борада ҳудудий давлат солиқ инспекциялари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари ўртасида мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот, тушунтириш, огоҳлантириш ишларининг олиб борилишига қарамасдан, улар орасида белгиланган савдо қоидаларига риоя қилмаётган «ишбилармонлар» ҳам учраб турибди.

  Жумладан, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, вилоятда фаолият кўрсатаётган 802 та шохобчада ўтказилган назорат тадбири чоғида уларнинг барчасида савдо қоидаларининг бузилиши ҳолатлари аниқланди.

  Текширишлар натижасида назорат-касса машинасидан фойдаланмасдан 188,7 миллион сўмлик савдо амалга оширилганлиги, 32 та ҳолатда 8,7 миллион сўм савдо ва хизмат кўрсатишдан тушган нақд пул маблағини банк кассаларига топширмаслик ҳамда 6 миллион сўмлик сифат сертификатига эга бўлмаган маҳсулотларни сотиш ҳолатлари аниқланди.

  Фуқаролар мурожаати асосида ўтказилган назорат тадбирида Яккабоғ туманида фаолият кўрсатиб келаётган якка тартибдаги тадбиркор Н.Ж.га қарашли савдо дўконида шохобчада харидорга 40 минг сўмга назорат-касса машинаси чеки берилмаганлиги аниқланди. Шунингдек, шохобча ғазнасида назорат-касса машинаси хотирасига кирим қилинмаган 429 минг сўм нақд пул борлиги маълум бўлди.

  Бундан ташқари фуқаролар мурожаати асосида ўтказилган назорат тадбирида Шаҳрисабз туманида фаолият кўрсатиб келаётган якка тартибдаги тадбиркор Э.К.га қарашли шохобчада тадбиркор 22 минг сўмлик сотиб олинган маҳсулот учун назорат-касса машинаси чеки бермаганлиги ҳамда шу куни назорат-касса машинаси хотирасига кирим қилинмаган 595 минг 500 сўм нақд пулнинг борлиги маълум бўлди.

  Шунингдек, Косон туманида фаолият кўрсатиб келаётган якка тартибдаги тадбиркор А.Х.га қарашли савдо дўконида сотувчи томонидан харидорга 15 минг сўмга назорат-касса машинаси чеки берилмаганлиги, шохобча ғазнасида назорат-касса машинаси хотирасига кирим қилинмаган 125 минг сўм нақд пул борлиги аниқланди.

  Бундай ҳолатни Миришкор туманида ҳам учратиш мумкин. Туманда фаолият кўрсатиб келаётган якка тартибдаги тадбиркор С.К.га қарашли савдо дўконида тадбиркор томонидан харидорга 4 минг 500 сўмга назорат-касса машинаси чеки берилмаганлиги аниқланди. Шунингдек, шохобча ғазнасида назорат-касса машинаси хотирасига кирим қилинмаган 1 миллион 200 минг сўм миқдоридаги нақд пулнинг борлиги маълум бўлди.

  Ўтказилган назорат тадбирлари давомида юқоридаги ҳолатлар юзасидан 686 та хўжалик юритувчи субъектига нисбатан 3107,8 миллион сўм миқдорида молиявий жарима қўлланилди.

  Аниқланган қоидабузарликлар бўйича тўпланган материаллардан 685 та ҳолатда қоидабузарликларга йўл қўйган шахсларга нисбатан 205,2 миллион сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилиб, 2 нафар шахсга нисбатан тўпланган ҳужжатлар чора кўриш учун тегишли суд органларига тақдим этилди.

  Буюк Амир Темур бобомизнинг шундай гапи бор: «Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир». Бу сўзлар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Шундай экан, ишбилармонман деган ҳар бир фуқаро белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилиши, тадбиркор деган номга доғ туширмаслиги керак.

 

Давлат солиқ қўмитаси Ахборот хизмати

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены