Banner Top

Инсон руҳиятига кучли таъсир кўрсатувчи дори-дармонларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

  Мамлакатимизда инсон манфаатлари олий қадрият сифатида қаралади. Инсон саломатлигини асраш, муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан биридир. Саломатлигимизни мустаҳкамлашда дори-дармон воситалари ҳам муҳим аҳамиятга эга.

  Аммо, минг афсуски, сифати кафолатланмаган, инсон руҳиятига кучли таъсир кўрсатувчи, шифокор рецептисиз берилмайдиган дори-дармон воситаларини ноқонуний равишда сотиш йўли билан мўмай даромад орттирмоқчи бўлган шахслар ҳамон учраб турибди.

  Яқинда Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бош бошқармаси ходимлари Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда юртимиз ҳудудига муқаддам айланма йўллар орқали олиб кирилганкўп миқдордаги “Лирика” номли дори воситаларнинг ноқонуний айланмасига  чек қўйишди.

  Ўтказилган тадбир давомида, пойтахтимизда фаолият юритаётган масъулияти чекланган жамиятга қарашли дорихона сотувчиси фуқаро Ф.Исаев (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) мижозга 2 дона “Лирика” номли дори воситасини ҳар бир донасини 18 000 сўмга назорат касса аппарати чекисиз ва шифокор рецептини талаб қилмасдан сотаётганлиги фош этилди.

  Ушбу дорихонани белгиланган тартибда кўздан кечириш давомида ноқонуний равишда сотиш учун мўлжалланган жами 135 дона “Лирика” номли дори воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

  Шунингдек, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари  Миллий хавфсизлик хизмати ҳамда давлат солиқ инспекцияси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида “Трамадол” дори воситасининг олди-соттиси билан шуғулланувчи бир гуруҳ шахслар фаолиятига чек қўйилди.

  Инсон саломатлигига таъсир қилувчи бу каби дори воситаларини жамоат жойлари, турли кафе ва ресторанларда хуфиёна сотиш орқали  яхшигина даромад орттириб келаётган фуқаролар М.Азимов, Я.Бобоев, А.Мирзаевлар энди қонун олдида жавоб беришади.

  Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ушбу шахслар 201 та конвалютадаги, жами 2010 дона “Трамадол” дори воситаларини 3.050.000 (уч миллион эллик минг) сўм эвазига ноқонуний равишда сотаётган вақтда қўлга олинди.

  Шунингдек, тадбир давомида фуқаро А.Мирзаев ўзининг яшаш хонадонидан яна 150 дона конвалютадаги, жами 1500 дона “Трамадол” таблеткаларини ихтиёрий равишда топширди. 

  Ушбу холат бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан холислар иштирокида тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тадбир давомида аниқланган жами 351 та  конвалютадаги, 3510 дона “Трамадол” дори воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

  Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

 

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены