Banner Top

Вилоят тўртинчи сектори брифинг ташкил этди

 Хива шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан вилоят тўртинчи сектори томонидан журналистлар учун брифинг ташкил этилди.

  Тадбирда вилоят тўртинчи секторига қарашли ҳудудларни жадал иқтисодий ривожлантиришда уларнинг табиий ва иқтисодий салоҳияти, қурилиши тугалланмаган обектлар, бўш турган ишлаб чиқариш ва ер майдонларидан оқилона фойдаланиш, ҳудуднинг экспорт имкониятларини кенгайтириш, жойларда замонавий бозор инфратузилмасини ташкил этиш ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, хизмат кўрсатиш, туризм соҳаларини ривожлантириш, тадбиркорлик субектларига амалий ёрдам кўрсатиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда жойларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилаётган профилактик тадбирларнинг амалий ечимига асосий эътибор қаратилди.

  Брифингда вилоят тўртинчи сектори раҳбари, давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ж.Темуров сўзга чиқди. Маърузада мазкур секторга бириктирилган шаҳар ва туманлардаги барча маҳаллаларда «Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак» шиори остида жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ташкил этилаётган тадбирларнинг амалий натижаси юзасидан аниқ мисоллар асосида маълумот тақдим этилди.

  Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида биргина Қўшкўпир туманининг 13 та маҳалласи, яъни «Иқбол», «Ўртаёп», «Адолат», «Ифтихор», «Кўназей», «Тагалак», «Олтинвоҳа», «Ёшлик», «Боғзор», «Шихобод», «Амирқум» маҳалла фуқаролар йиғинлари умуман жиноят содир этилмаган осойишта ҳудуд деб қайд этилди. Бунда мактаб, коллеж ва академик лицейларда олиб борилаётган тарғибот тадбирлари янада самара бермоқда.

  Шунингдек, ҳар пайшанба эрталаб соат 8.00 да вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳудудида масъул раҳбарлар иштирокида хизматолди йўриқномаси тадбирлари ўтказилиши ташкил этилган. Бу йилнинг ўтган даврида умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида 1328 та «Давомат» ташкил этилган. Ушбу тадбирлар натижасида дарс машғулотларига сабабсиз қатнашмаётган 100 нафар ўқувчининг барчаси таълим муассасаларига қайтарилган. Бу борада ўта масъулиятсиз бўлган 118 нафар ота-онага маъмурий ва 20 та таълим муассасаси раҳбарларига нисбатан интизомий жазо қўлланилган.

  Брифингда қиш-баҳор мавсумида аҳолини сифатли озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўла таъминлаш, маҳсулотлар нархи, хавфсизлиги юзасидан жойларда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ижросига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

  -Бугунги тадбирда вилоят тўртинчи секторига қарашли шаҳар ва туманларда қилинаётган ишлар, мавжуд муаммолар ҳамда аҳолининг турмуш тарзини янада яхшилашга қаратилаётган эътибор хусусида батафсил маълумотга эга бўлдик, - дейди «Ўзбекистон» телерадиоканали вилоят мухбири Дилмурод Рахматуллаев. - Сектор раҳбарларининг журналистлар билан учрашув ва брифинглар ташкил этиши, албатта, ушбу соҳанинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда, ҳамда жойларда мавжуд муаммоларга янада эътиборли бўлишда, секторлар фаолиятини кенг жамоатчиликка етказишда катта амалий ёрдам беради.

  Брифингда Қўшкўпир, Хива туманлари ҳамда Хива шаҳрида тўртта сектор томонидан оилалар, маҳаллалар, корхона-ташкилот ва муассасаларда аниқланган камчиликларни бартараф қилиш, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан орқада қолаётган маҳаллаларни ривожлантиришнинг муаммоли масалаларини ҳал этиш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш борасида фойдаланилмаётган имкониятларни тўлиқ ишга солиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп болали оилаларда ташкил этилаётган вилоят тўртинчи сектори, давлат солиқ бошқармасининг эсдалик кутубхоналари ҳақида батафсил маълумот бериб ўтилди.

  - Тадбирда тўртинчи секторга қарашли шаҳар ва туманларнинг барча сектор раҳбарларининг иштироки биз журналистлар учун жуда ўринли бўлди, - дейди, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги вилоят мухбири Аҳмеджон Шокиров. - Сабаби, ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва солиқ хизмати органларига тегишли мавзулардаги саволларимизга шу соҳа раҳбарларидан аниқ ва батафсил жавоб олиш имкониятига эга бўлдик. Бу эса, ўз навбатида, журналистик материалларимизда амалий ёрдам беради. Шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан оммавий ахборот воситаларининг ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

  Вилоят тўртинчи сектори томонидан ташкил этилган брифингда Хоразм вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Сапаев иштирок этди ва сўзга чиқди.

 

Дилрабо Курязова,

Хоразм вилоят давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены