Banner Top

Остона Миллий фонд активларининг “музлатилиши” масаласида Бельгия судининг қарорини кутмоқда

  Қозоғистон Адлия вазири Марат Бекетаев Остонада журналистларга Қозоғистон Миллий фондининг хориждаги активларининг музлатилиши масаласида Брюсселдаги суд қарорини кутаётганини маълум қилди.

  Ўтган йил охирларида ОАВ Қозоғистоннинг табиий ресурслардан тушган пул тушумларини сақловчи бош идоранинг 22 миллиард долларлик  активлари молдовалик тадбиркор Анатол Стати ва унинг компанияси даъвоси бўйича New York Mellon  банки томонидан “музлатилгани” борасида хабар тарқатган эди.

  Вазир Бекетаевнинг сўзларига қараганда, жума куни Бельгия суди “хатловни бекор қилиш ёки қилмаслик масаласини кўриб чиқди, аммо пулларнинг кейинги тақдири масаласини ҳал қилмади”.

  «Шахсан мен маблағнинг ҳаммаси — 22 миллиард [доллар] — хатловда қолишига шубҳа билан қарайман. Барча маблағлар музлатилишдан озод қилинади, — деди Бекетаев. — Агарда маблағлар аста-секин музлатилишдан чиқарилса, бу пуллар бирданига Стати фойдасига ўтишини англатмайди. Бу дегани судларда кўриб чиқилгунга қадар пуллар хатловда туришини англатади».

  Вазирнинг айтишича, бу пулларни қўлга киритиш учун Стати яна бир нечта суд инстанциялари жараёнидан ўтиши керак. «Ҳар бир босқичда биз ўз қарашларимизни билдирамиз, қаршилик кўрсатамиз ва ўз талабларимизни билдирамиз», — деди вазир Бекетаев журналистларга.

  Қозоғистон молдовалик бизнесмен Анатол Стати, унинг ўғли Габриэл Стати ва улар назоратидаги Ascom Group ва Terra Raf Trans Trading компаниялари томонидан уюштирилган хориждаги суд жараёнларида иштирок этиб келади. Улар Қозоғистондан тўрт миллиард  доллар талаб қилмоқда. Қозоғистон нефтгаз тармоғига сармоя ётқизган Статилар  баёнот бериб, ўзлари ҳукумат томонидан уюштирилган ҳаракатларнинг қурбонига айланганликларини  ва кўрилган зарар қайтарилишини айтишмоқда. Остона бу айбловларни инкор қилади.

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены