Banner Top

Трамп АҚШнинг Эрон бўйича ядро Битимидан чиқишини эълон қилди

  АҚШ Эроннинг ядро дастури бўйича ҳаракатлар умумий Қўшма режасидан чиқади. Бу ҳақда Оқ уйда бўлиб ўтган матбуот анжуманида АҚШ президенти Дональд Трамп баёнот берди.

  "Битим фақат Эронга ўзининг ядро дастурни кенгайтириш имконини берди. Битим асосини хомҳаёллик ташкил қиларди. Бизда Эроннинг ваъдалари ёлғон эканлигини исботловчи далиллар бор. Бу тинчлик олиб келмаган бир томонлама қарор эди. Бу битим ҳеч қачон тинчлик олиб келмайди. Агар мен Битимда қолиш имконини яратиб берсам, у ҳолда бутун Яқин Шарқда ядро қуроллари пойгаси бошланиб кетади. Мен АҚШнинг мазкур ядро келишувидан чиқишини эълон қиламан", – деди Трамп.

  АҚШ президентининг сўзларига қараганда, Эрон расмийлари мазкур Битим талабларини қайта кўриб чиқишдан воз кечган. У шунингдек, агар Теҳрон расмийлари фикрдан қайтса, у ҳолда ўзи мулоқотга тайёр эканини, янги талаблар асосида янги келишувга эришишга рози эканини билдирди.

  Трампнинг эълон қилишича, Эронга қарши санкцияларнинг тикланишига қаратилган фармонни зудлик билан имзолайди ва санкциялар тез орада кучга киради.

  У Эрони терроризм ҳомийси, "Хезболлоҳ", "Хамас", "Толибон" ва "Ал Қоида"ни қўллаб-қувватловчиси, шунингдек ўз фуқароларини қийноққа солувчи давлат дея атади. Шу билан бирга  Трамп АҚШ “Авторитар режим эгаллаб олган” Эрон фуқароларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

  Эрон расмийлари Трамп матбуот анжумани ўтказишдан аввал баёнот бериб, агар ўзларининг хуқуқлари АҚШ томонидан инкор қилингудек бўлса, у ҳолда “кескин” жавоб қайтаришларини билдиришди. Шундан сўнг Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху баёнот бериб Исроил махсус хизматлари Эрон ҳарбийларининг Суриядаги ҳаракатларини фош қилганини маълум қилди.

  Бундан аввал Битимини имзолаган Европа давлатлари ва Россия Эроннинг ядро дастури бўйича ҳаракатлар умумий Қўшма режаси Эронни тийиб туришнинг бирдан бир имконияти эканлиги ҳақида баёнот беришган эди.

  Кўптомонлама Битим Эрон ва жаҳоннинг етачи давлатлари томонидан 2015 йилда имзоланган эди. Бу битимга кўра Эрон томонидан ядровий дастур тўҳталиши эвазига Теҳронга нисбатан жорий қилинган иқтисодий санкциялар бекор қилиниши керак эди.

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены