Banner Top

2016 йил учун давлат бюджети муҳокама этилди

  2015 йилнинг 3 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмиталари томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил учун давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларига бағишлаб ўтказилган қўшма йиғилишда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, меҳнат, фан, таълим, маданият ва спорт, соғлиқни сақлаш соҳалари бўйича кўзда тутилган параметрлар муҳокама қилинди. Унда депутатлар, алоқадор вазирлик ва идоралар мутасадди раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

  Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабар бермоқда. 2016 йилда таълим муассасаларини жорий сақлаш харажатлари бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси ҳамда Олий ўқув юртларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси ҳаражатларисиз ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4,8 фоизни ташкил қилади.

  Давлат бюджетининг 2016 йилги лойиҳасида маданият муассасаларини сақлаш ва спорт тадбирларини ўтказиш харажатларининг ҳажми жорий йилга нисбатан 1,16 баравар оширилган. Республиканинг тарихий-меъморий, ижтимоий-маданий ва туризм салоҳиятини эҳтиётлаб сақлашни таъминлаш, шунингдек янада оммалаштириш ва тарғиб қилиш мақсадида, мамлакатимиздаги маданий ва археология мероси объектларида консервациялаш ва реставрация қилиш ишларини ўтказиш бўйича дастурни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 22 млрд. сўм маблағ ажратиш таклиф этилмоқда.

  Бу борада парламентимиз томонидан соҳага оид қонунчилик ҳужжатларининг изчил такомиллаштириб бориш, уларнинг ижро механизмларини кучайтиришга ва ижроси юзасидан доимий назоратни амалга оширишга эътибор қаратиб келинаётгани ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

  Йиғилишда Фан соҳаси харажатлари 2016 йилги Давлат бюджети лойиҳасида жорий йилга нисбатан 1,36 бараварга оширилган ҳолда кўзда тутилган бўлиб, бу фанни янада ривожлантириш ва давлат илмий-техникавий дастурлари доирасида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши давом эттирилиши алоҳида таъкидланди.

  2016 йилда соғлиқни сақлаш харажатлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,8 фоизни ташкил этиб, мазкур тизимни ислоҳ қилиш ва аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш юзасидан қабул қилинган дастурлар доирасида барча тадбирларнинг молиялаштирилишини таъминлаш имконини беради. 2016 йилнинг Давлат бюджети лойиҳасида соғлиқни сақлаш ташкилотларининг дори-дармон ва озиқ-овқат харажатлари 2015 йил тасдиқланган бюджетига нисбатан 1,15 баравар ўсиш билан назарда тутилиши таклиф этилмоқда. Давлат бюджетининг ижтимоий таъминот харажатлари жорий йилга нисбатан 1,16 баравар оширилиш кўзда тутилган.

  “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурига асосан энг зарур маҳсулотлар ҳажми ва турларини кўпайтиришни назарда тутган ҳолда бериладиган маҳсулотлар тўпламини қайта кўриб чиқиш йўли билан ёлғиз қарияларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш ва энг зарур маҳсулотлар билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга Давлат бюджетидан 5,2 млрд. сўм маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.

 2016 йилда кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ҳамда компенсация тўловларига Давлат бюджети харажатлари, аҳоли фаровонлигини ошириш ва кам таъминланган оилаларга ижтимоий ёрдамнинг манзиллилигини кучайтириш бўйича сўнгги йилларда амалга оширилган чора-тадбирларга мувофиқ ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,1 фоиз миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда, – дейди Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Н.Раджапов, – шунингдек,фуқароларнинг ўз пенсияларига бўлган ҳуқуқларини шакллантиришда иштирокини ошириш, республика бўйича ўртача пенсия миқдорини кўпайтириш, иш стажини пенсия миқдори билан янада узвий боғлаш мақсадида ёшга доир пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган иш стажининг энг кам миқдорини босқичма-босқич 5 йилдан 10 йилга ошириш таклиф этилмоқда.

 Депутатлар йиғилишда бюджетдан ташқари жамғармалар орқали соҳага ажратилиши кўзда тутилган лойиҳаларни ҳам муҳокама қилдилар. Жумладан, 2016 йилда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш Жамғармаси ҳисобидан таълим ва тиббиёт муассасаларини қуриш ва қайта тиклаш ишлари ва жиҳозлаш мақсадлари учун

  1,5 трлн.сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилмоқда – дейди Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси А. Абдуқодиров, -шундан, 28 та янги мактабларни қуриш, 339 та умумтаълим мактабларини реконструкция ва мукаммал таъмирлаш, уларни мебель, ўқув лаборатория асбоб-ускуналари ва спорт жиҳозлари билан таъминлаш режалаштирилган. Йиғилиш иштирокчилари 2016 йилнинг прогноз кўрсаткичларда 120 та академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ҳамда касб-ҳунар коллежларининг ўқув ишлаб чиқариш устахонларини 1223 тўплам замонавий дастгоҳлар ва 661 тўплам инглиз тили фани хоналари учун мультимедия жиҳозлари билан таъминлашга етарли маблағлар йўналтирилиши кўзда тутилаётганлигини эътироф этишди. Бундан ташқари, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларни зарур спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси орқали 98,9 млрд.сўм маблағлар ажратиб берилади. Олий ўқув юртларининг моддий-техника базасини ривожлантириш мақсадида мақсадида Давлат бюджети ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 2016 йилда 14 та олий таълим муассасаларининг 52 та объектларида қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

  Давлат бюджетининг 2016 йилги лойиҳаси муҳокамасида тегишли вазирлик, идоралар вакилларининг ахборотлари тингланди. Қизғин кечган баҳс-мунозараларда депутатлар бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни ҳамда жойларда қонунлар ижросини тўлиқ таъминлаш борасида амалий таклифларни билдирдилар.

  Йиғилиш сўнгида муҳокама этилган масала юзасидан ҳар иккала қўмитанинг қўшма қарори қабул қилинди.

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены