Banner Top

Мансабдор шахслар жиноятчилигининг давлатлар иқтисодиётига салбий таъсири ҳақида

  Бугунги кунда мансабга боғлиқ иқтисодий жиноятлар муаммосига жаҳоннинг ҳар бир мамлакатида дуч келиш мумкин. Ушбу турдаги жиноятларнинг вужудга келиш сабаблари турли мамлакатларда турлича бўлиб, тарихий босқич ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёт даражаси билан белгиланади. Ушбу тоифадаги жиноятларни олдини олиш ва унга барҳам беришнинг универсал жиноий-ҳуқуқий воситаларини ишлаб чиқиш деярли мумкин эмас. Шу сабабли мазкур жиноятларни фош этиш ва уларга қарши кураш тизими доимий такомиллаштириб боришни талаб қилади.

 Ушбу жиноятларнинг ижтимоий хавфлилиги бошқа жиноятлардан анча юқори. Содир этилган ижтимоий хавфли қилмишнинг объекти бир томондан давлатнинг иқтисодий асослари бўлиб, буни содир этилган иқтисодий жиноятлар оқибатида етказилган моддий зарарда кўриш мумкин. Иккинчи томондан, ушбу жиноятларнинг объекти ҳокимят ва бошқарув органларининг нормал фаолияти бўлиб, жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига маънавий-руҳий, жисмоний ёки бошқа тарздаги зарар ҳам етказилади.

 Ҳалқаро аудиторлик компанияси “PricewaterhouseCoopers” томонидан амамлга оширилган тадқиқот натижаларига кўра, 2015 йилда дунёда содир этилган жиноятларнинг 36%ни иқтисодий жиноятлар ташкил этиб, мазкур жиноятларни мансабдор шахслар томонидан содир этилиш ҳолатлари кузатилмоқда (Global Economic Crime Survey 2016-Adjusting the Lens on Economic Crime - p.1.).

 Мансабдор шасхлар томонидан содир этилган жиноятларнинг аксарияти ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож этиш, компютер-техникаси воситаларидан фойдаланган ҳолда талон-торож этиш, савдо ва ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги фирибгарлик ва жиноий йўл билан топилган даромадларни легаллаштириш жиноятларидан иборат.

 Жумладан, сўнгги икки йил давомида Россия Федерацияда ҳисобга олинган иқтисодий жиноятларнинг деярли ярми (48%) мансабдор шахслар томонидан ёки уларнинг иштирокида содир этилганлиги қайд этилган (2014 йилда 60%).

 Жиноятчилик турлари кесимида олинганда, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож этишнинг 72%, савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги фирибгарликнинг 33%, бухгалтерлик хужжатларини сохталаштириш ва компютер-техникаси воситалари ёрдамида талон-торож этишнинг 23%, жиноий йўл билан топилган даромадларни легаллаштиришнинг 12% мансабдор шахслар томонидан содир этилган.

  Жиноят содир этган ушбу мансабдор шахсларнинг 31% бошланғич (кичик таркибдаги), 42% (аксарият) ўрта бўғиндаги, 15% эса юқори лавозимдаги раҳбар ходимлардан иборат.

  Мансабдорларнинг аксари (62%) 31-40 ёш оралиғидаги, олий маълумотга эга бўлган (72%) эркаклардир (77%). 

  Жиноятлар оқибатида эса давлат ташкилотларига турли миқдорда зарар етказилган. Жабрланган ташкилотларнинг 44% 100 минг АҚШ долл.гача, 25% 100 мингдан 1 милл.долл.гача, 23% эса 1 милл. долл.дан ортиқ моддий зарар кўрган (Российский обзор экономических преступлений за 2016 год-Взгляд в будущее с умеренным оптимизмом-ст.-6-7).

  Мамлакат ҳукумати иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабати билан яхши танилган Сингапурда эса 2015 йилда содир этилган иқтисодий жиноятларнинг 22% мансабдор шахслар томонидан содир этилган. Ушбу кўрсаткич дунё бўйича қайд этилган иқтисодий жиноятлар кесимида нисбатан камчиликни ташкил этади (36%).

  Экспертларнинг фикрига кўра, мазкур кўрсаткич мамлакатда корпаратив бошқарувнинг яхши ривожланганлиги ва коррупциянинг пастлиги билан баҳоланмоқда.

  Ушбу турдаги жиноятларда, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож этишнинг 61%, компютер-техникаси воситалари ёрдамида талон-торож этишнинг 43%, савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги фирибгарликнинг 35%, жиноий йўл билан топилган даромадларни леггаллаштиришнинг 26% да мансабдор шахслар иштирокида содир этган.

  Ушбу даврда Франциянинг 68% давлат ва хусусий сектор ташкилотлари иқтисодий жиноятларнинг жабрланувчига айланган. Мазкур жиноятларда фаол ёхуд пассив даражада мансабдор шахсларнинг иштирокчилиги аниқланган.

  Фаолият турлари кесимида олинганда: молия соҳасида 48%, истеъмол товарларини тарқатиш ва телекоммуникация соҳасида 44%, транспорт ва логистика хизматида 42%, мудофа, аэрокосмика, энергетика ва суғурта соҳасида 37%, курилиш-инженеринг соҳасида 30%, туризм, фармацевтика ва автомобил соҳасида қайд қилинган жиноятларнинг 39% да мансабдор шахсларнинг у ёки бу тарздаги дахлдорлиги қайд қилинган.

  Содир этилган ушбу жиноятлар ўзлаштириш ва растрата йўли билан (56%), компютер-техникаси воситаларидан фойдаланган ҳолда (33%), савдо ва хизмат кўрсатиш жараёнида фирибгарлик йўли билан (25%), жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш орқали (23%), бухгалтерлик хужжатларини сохталаштириш (13%) йўли билан содир этилган.

  Мазкур тоифадаги жиноятлар оқибатида эса компанияларнинг 53%га 100 минг долл.гача, 22% га 100 минг долл.дан 1 млн. долл.гача,  13% га 1 млн.долл.дан 100 млн. долл.гача, 1% га 100 млн. долл.дан ортиқ зарар етказилган.

  Жиноят содир этган мансабдор шахсларнинг аксарияти 31-40 ёш оралиғидаги (44%), 10 йил иш стажига эга (40%), олий маълумотга эга эркак кишилардир (76%) (La fraude explose en France – р.12).

  2014-2015 йиллар давомида Буюк Британияда содир этган иқтисодий жиноятларнинг 55% мансабга боғлиқ иқтисодий жиноятлар ташкил этган. Мансабдор шахсларнинг 31% турли иқтисодий компанияларда фаолият олиб борувчи шахслар, 60% эса давлат хизматчиларидан иборат.

  Жиноят содир этган ушбу мансабдор шахсларнинг 18% юқори лавозимдаги, 36% ўрта бўғиндаги, 28% эса кичик таркибдаги раҳбар ходимлардан иборат (Old Dogs, New Tricks-Crime Survey 2016: UK report-р.1).

  Содир этилган иктисодий жиноятлардан ўзлаштириш  ва растрата йўли билан талон-торож этишнинг 49%да, компютер техникаси воситаларидан фойдаланиш йўли билан талон-торож этишнинг 44%да, товар ва хизматлар кўрсатишдаги фирибгарликнинг 18%да, бухгалтерлик ҳисоботларини сохталаштириш жиноятларининг 16%да мансабдор шахслар иштирок этган.

  Америка  Қўшма Штатлари. Ушбу даврда АҚШ компанияларининг 1/3 қисми (36%) мансабга боғлиқ иқтисодий жиноятларнинг жабрланувчисига айланган.

  Анаънавий тарзда мансабдор шахслар томонидан содир этилган ушбу жиноятларнинг аксарияти (55%)  ўзлаштириш ва растрата йўли содир этилган. Шунингдек, компютер техникаси воситаларидан фойдаланган ҳолда талон-торож этиш ҳам АҚШда мансабдор шахсларнинг асосий жиноят содир этиш усулларидан ҳисобланади (54%).

  Бундан ташқари, ушбу турдаги жиноятлар савдо ва хизмат кўрсатиш жараёнида фирибгарлик йўли билан (22%), жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш орқали (15%), бухгалтерлик хужжатларини сохталаштириш (16%) йўли билан содир этилган.

  Мансабдор шахсларнинг 18% юқори лавозимдаги, 29% ўрта бўғиндаги, 24% бошланғич таркибдаги рахбарлардан иборат.

  Ушбу жиноятлар оқбатида давлат иқтисодиётига етказилган зарар жуда катта. Жумладан компанияларнинг 25% га 100 минг долл.дан 1 милл. долл.гача,  21% 1 милл. долл.дан  100 милл. долл.гача, 3% га эса 100 милл. долл.дан юқори зарар етказилган.

  Мансабга боғлиқ иқтисодий жиноятларни содир этишнинг бир неча омиллари мавжуд. Лекин мазкур жиноятларни содир этишнинг асосан уч хил омили кўплаб кузатилган. Улар қуйидагилардан иборат:

  - биринчидан, мансабдор шахс мазкур жиноятни содир этишдан манфаатдор ёки мажбур бўлиши лозим;

  - иккинчидан, мансабдор шахс ноқонуний ҳаракатни содир этиш ёки шу каби қарор қабул қилиш имкониятига эга бўлиши лозим;

  - учинчидан, жиноятни содир этилиши объектив ҳолат сифатида  асослантириши ёки ўзини оқлашга ҳаракат қилиши.

  Давлатларда содир этилган иқтисодий жиноятларнинг омиллари ўрганилганда, жиноятларнинг аксарияти ижтимоий хавфли қилмишни содир этиш ёки шу каби қарор қабул қилиш имкониятига эга бўлган мансабдор шахслар томонидан содир этилганлигининг гувоҳи бўлиш мумкин. Жумладан, жиноят содир этганларнинг Россияда 84%, АҚШда 57%, Англияда 44%, Францияда 53% ва Сингапурда 23 % ушбу имкониятга эга бўлган мансабдор шахслардир.

  Юқорида қайд этилган маълумотлардан хулоса қилиш мумкинки, мансабдор шахслар томонидан содир этилаётган жиноятларда ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож этиш ҳолатлари бошқа жиноятларга нисбатан кўпдир. Мутахассисларнинг фикрига кўра, ушбу турдаги жиноятларнинг латентлик даражаси бошқа турдаги иқтисодий жиноятлар (коррупция ва порахўрлик)га нисбатан анча пастдир. Шу сабабли мазкур жиноятларни аниқлаш осонроқ.

  Шунингдек, сўнгги йилларда иқтисодий жиноятлар орасида кибержиноятлар, яъни компютер техникаси воситаларидан фойдаланган ҳолда талон-торож этиш ҳолатларининг кўпайиши кузатилмоқда. Криминологлар ушбу жиноятларнинг ўсиш тенденциясини замонавий ахборот-технологиялари соҳасининг ривожланиши билан баҳолаб, келажакда ушбу турдаги жиноятларнинг янада кўпийишини тахмин қилишмоқда.

 

 

Мустақил тадқиқотчи

Ботиржон Зокиров

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены