Banner Top

Қисқа сатрларда. Гиёҳвандлар, буқаламун ранги ўзгариши сабаби, дарахтзорлаштириш

 Латвия уюшган жиноятчиликка қарши курашиш ташкилоти ходимлари томонидан 100 килограмм миқдорида гашиш моддаси мусодара қилинди. Бугунги кунда ушбу гиёҳванд модданинг қора бозордаги нархи 1 миллион 200 минг еврони ташкил этади.

 Полиция ходими Томс Садовскиснинг сўзларига кўра, микроавтобус ичида гиёҳванд моддалар борлиги ҳақидаги маълумотни уларга чет эллик хамкасблари хабар қилган. Аввалига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан   қўлга олинган микроавтобусдан 30 килограмм гашиш излаб топилган. Сўнгра божхона хизмати ходимлари жалб қилингач, махсус техникалар ёрдамида яна 70 килограмм оғу қўлга киритилди. Тергов натижасида маълум бўлишича, гиёҳванд моддалар Латвия бозорларида сотишга мўлжалланган бўлиб, жиноятчилар Россия ҳамда Шарқий Европа мамлакатларига ҳам олиб ўтишни мақсад қилганлар. Эндиликда қўлга олинган жиноий гуруҳ вакилларига нисбатан 15 йил озодликдан маҳрум бўлиш хавфи таҳдид қилмоқда.  

***

  Биофизика соҳасида фаолият юритувчи олимлар томонидан буқаламун жонивори, яъни хамелеоннинг ўз рангини ўзгартиришга сабаб бўлувчи омиллардан яна бири аниқланди.

 Унга кўра, буқаламун тусини ўзгартираётган чоғда нафақат тери пигментларидан, балки рангларни бошқара оладиган нанокристаллардан ҳам кенг фойдаланар экан. Мутахассислар томонидан зангори – яшил рангдан алвон қизил ранггача ўз тусини ўзгартира оладиган Мадагаскар буқаламунлари устидан тажриба ўтказилди. Женева университети олими Мишель Милинковичнинг сўзларига кўра, жониворларнинг ўзгаришида уларнинг тўқималарида ранглар акс этмайди, балки, тери устида геометрик тузилишдаги нанокристаллар тўлқинсимон бўлиб ҳаракатлангани боис у турланади.

  Шунингдек, ушбу кристаллар иссиқ ва нам иқлим шароитида хамелеонларнинг асосий ҳимоя воситаси ҳамдир. Олимларнинг фикрича, ушбу ҳайвон териси тузилма ва таркиби жиҳатидан ўта ноёб ҳисобланади. Айтиш жоизки, баъзи – баъзида табиат мўжизалари олдида олимлар ҳам лол қолиши табиийдир.  

***

  Хитой пойтахти Пекинда кейинги 34 йил мобайнида “Дарахтзорлаштириш Халқаро ҳаракати” лойиҳаси доирасида 197 миллион туп кўчат ўтказилди.

  2014 йил якунларига кўра эса пойтахтдаги кўкаламзорлаштириш ишлари 47 фоизга ортган. Кейинги йилларда эса Пекинда экологик вазиятни янада яхшилаш ҳамда ҳар бир аҳолини кўчат ўтқазиш ишларига кенг жалб қилиш мақсадида бир қатор чора тадбирлар олиб борилди. Хусусан, мазкур ишларга йўналтирилган махсус пунктлар ташкил қилиниб, улар турли хил мевали ва манзарали кўчатлар ҳамда керакли асбоб анжомлар билан таъминланган.

                        

Дилором Мирходиева

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены