Banner Top

Қисқа сатрларда. Ажал йўлаги, Қадимий ёзувлар, Сайёҳлар шаҳарчаси

 Маъумки, бирор бир мамлакатга ташриф буюрган сайёҳларни нафақат у ернинг тарихи ва маданий ёдгорликлари, балки ўзига хос ғаройиб саргузаштлар ҳам бефарқ қолдирмайди.

 Айниқса тоғ ён бағирларида барпо этилган хавфли йўллар қўрқинчли бўлса-да, баъзи сайёҳлар таваккал қилишдан ҳам тоймайди. Масалан, Боливиянинг Юнгас провинциясида жойлашган “Ажал йўлаги” дунёдаги энг манзарали ва энг хатарли йўл ҳисобланади. Маълумотларга кўра, мазкур тоғ ёнбағри йўлида ҳар йили 100 нафардан 200 нафаргача инсонлар ҳалок бўлади.

 Ноқулай об-ҳаво шароити ҳамда тор йўлакдан йўловчи автобусларнинг қатнаши нохуш холатларга сабаб бўлмоқда. 1983 йилда бу ерда содир бўлган ҳалокатда ҳам 100 нафардан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмган эди. Қримдаги Ай-Петри тоғида хизмат кўрсатувчи осма йўл, яъни канатли йўл ҳам сайёҳларнинг адреналин ҳис этишларига мажбур қилади. Тоғларга тегай-тегай деб ҳаракатланадиган гондолалар юқори тезликда сайёҳларни тоғ чўққисига элтиб қўяди. Яна бир хавфли йўллардан бири 1820-1825 йиллар морбайнида Австрия империяси томонидан бунёд этилган, Италиядаги Стельвио довонидан ўтувчи йўл ҳисобланади. Бу йўлдан юрган автомобиль ҳайдовчилари 75 та хавфли бурилишга дуч келишади. Хуллас сайёҳларни ўзига жалб қилаётган тоғлардаги бу каби хатарли йўллар, шунингдек, Мексика, Ҳиндистон, Канада, Швейцария, Покистон, Хитой ҳамда Руминия давлатларида ҳам мавжуд.

***

   Буюк Британиялик археолог олимлар Жерси оролидаги Ла-Манш кўрфазида қадимий ёзувлар битилган қояга дуч келишди.

  Маълумотларга кўра, мазкур қадимий ёдгорликлар бундан 14 минг йил муқаддам ёзиб қолдирилганлиги аниқланган. Археологлар гуруҳининг раҳбари Чантел Коннеллернинг таъкидлашича, тахминларга кўра мазкур ҳудудда қадимда овчиларнинг лагери жойлашган бўлиши мумкин.

  Шунингдек, топилмалар палеолит даврида Франция, Испания, Швейцария, Бельгия Германия ва Британия ороллари ҳудудларида кенг тарқалган маданият намуналарининг яққол кўриниши ҳамдир. Бу қадимий ёзувлар айни кунда энг ноёб топилмалардан бири ҳисобланади. Қоядаги қадимий ўймакорлик санъати Буюк Британия тарихидаги энг қадимий топилмалардан бири бўлиши айтилмоқда. Бундан аввал ҳам Британиялик археолог олимлари томонидан Европа қитъаси ҳудудида бир неча қадимий ёзувларга дуч келинган эди. 

***

  Дубайнинг “Buroj Property Development” қурилиш компанияси томонидан Босния ва Герцоговинада сайёҳлар учун янги шаҳарча қурилиши режалаштирилмоқда.

  Янги лойиҳанинг қиймати 5 миллиард 100 миллион АҚШ доллари деб баҳоланмоқда. Маълумотларга кўра, сайёҳлар шаҳарчаси 2 минг нафар аҳолиси мавжуд бўлган Трново  посёлкаси яқинида барпо этилади. Майдони 1,3 миллион квадрат метрдан иборат бўлган янги шаҳарчанинг қурилиш ишлари 2016 йилдан бошланиши кутилмоқда. Шарқий Европадаги энг йирик лойиҳа ҳисобланмиш мазкур лойиҳа доирасида бир неча минглаб аҳоли турар жойлари, савдо марказлари, шифохоналар, кўнгилочар масканлар барпо этилади. Шаҳар марказида эса улкан мусиқали фаввора ўрнатилади. Манбааларда қайд қилинишича, учта ётоқхонали виллаларнинг баҳоси 263 минг АҚШ доллари деб белгиланган. Маълумки, сўнгги вақтларда кўпгина араб давлатлари Босниянинг сайёҳлик инфратузилмаси ривожига катта миқдорда пул сармояларини ажратмоқда. Хусусан, 2016 йилнинг охирида Саудия Арабистони компанияларининг бири томонидан Сараева яқинида барпо этилаётган 200 та вилланинг қурилиш ишлари якунланади. 

 

Дилором Мирҳодиева

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены