Banner Top

Ота-оналар орзу-умидлари ифодаси

  Фарзандларимизнинг баркамол инсонлар бўлиб вояга етишида, уларни умумтаълим босқичига ­тайёрлашда мактабгача таълим муассасаларининг ўрни бениҳоя катта. Чунки боланинг ижтимоий ҳаёт ҳақидаги илк тасаввурлари айнан боғчада шаклланади, жамиятга ­мослашиши йўлида дастлабки қадамлар ташланади.

  Маълумки, ушбу тизимда аҳолини ўйлантираётган, айрим ўринларда эътирозларга сабаб бўлаётган ­масалалар тўпланиб қолган эди. ­Чунончи, юртимизда, айниқса, қишлоқ жойларда боғчаларнинг қиёфаси, ­фаолияти давр талаб ва меъёрларига жавоб беради, дейиш жуда қийин. Олис, чекка ҳудудларда ­болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш долзарблигича қол­моқда.

  Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрда қабул қилинган “2017 — 2021 йилларда мактабгача таълим ­тизимини янада ­такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ­қарори мавжуд муаммо­ларни тизимли ҳал этиш, мактабгача ёшдаги ­болаларни тарбиялаш жараё­нига энг самарадор педагогик техноло­гияларни ­жорий қилиш, бунинг учун барча ташкилий-техник шароитни яратиш, юрт ­келажагини ўз зиммасига олишга қодир авлодни вояга етказиш масаласида янги саҳифа очди.

 “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларидан маълум бўлишича, мазкур қарор билан тасдиқланган Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган дастурни, ҳақиқатан ҳам, халқимиз долзарб ҳисоблайди. ­Респондентларнинг мутлақ кўпчилиги, яъни 85,3 фоизи ушбу саъй-ҳаракатларни тўла қўллаб-қувватлашини билдирган. Юртдошларимиз мактабгача таълимни ислоҳ қилиш бўйича чора-тадбирлар баркамол авлодни тарбиялаш мақсадида қабул қили­наётганини чуқур англашади ва уларнинг фикрича, мазкур чора-тадбирлар ота-оналар, педагоглар ҳамда кенг жамоатчилик дилидаги гап бўлди.

  Дастурга мувофиқ, галдаги беш йил мобайнида мактабгача таълим муассасалари тармоғини 50 та янги қурилиш ҳамда мавжуд муассасаларнинг 1 минг 167 тасини реконструкция қилиш, 983 тасини мукаммал таъмирлаш орқали янада кенгайтириш аниқ мақсад сифатида белгилаб қўйилган. Бунинг учун эса жами 2,2 триллион сўм миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Ху­сусан, жорий йилнинг ўзида 301 мактабгача таълим муассасасида 265,4 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади. Мазкур комплекс тад­бирларнинг бажарилиши натижасида болаларнинг мактабгача таълимга қамрови бир ярим баробар ­ошади. Бошқача айтганда, 2021 йилга бориб, республикамизда мактабгача таълим муассасалари 1 мил­лион 109 минг нафардан ортиқ болажонларни ўз ­бағрига олади.

  Юртдошларимиз фикрига кўра, мактабгача таълимни тубдан ислоҳ қилиш бўйича чора-тадбирлар ўз вақтида кўрилмоқда. Унинг изчил рўёбга чиқарилиши кўплаб оилалар ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. Чунки айнан мактабгача таълим мактабда болаларнинг муваффақиятли ўқиши, ёш авлоднинг келажак ҳаётдаги ­ижтимоийлашувида ҳал қилувчи роль ўйнайди.

  Юқорида қайд этилганидек, ушбу тизимда чиндан ҳам одамларни ташвишга солаётган муаммолар бор. Сўровда аён бўлишича, қишлоқ аҳолиси мактабгача таълим муассасалари ­моддий-техника ҳолатидан қониқмайди. Қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган юртдошларимиз ­болалар боғчалари ёмон исити­лишини, иссиқ сув таъминоти йўқлигини, бинолар таъмирталаб бўлиб қол­ганини маълум қилганлар. 

  Шаҳарларимиз, айниқса, пойтахт аҳолиси боғчалар ходимларининг болаларга эътиборсиз муносабатига, болаларни мактабга тайёрлаш ­масалаларида тарбиячилар касбий савиясининг пастлигига кўпроқ ­эътибор қаратишди.

  Тадқиқот натижалари жамоатчиликни, айниқса, қишлоқ жойларда ёш ота-оналарни ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти билан кенг таништириб бориш заруратини кўрсатади. Бунда марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

  Умуман, ёш авлодга пухта таълим бериш, уларни ҳар томонлама етук инсон этиб тарбиялашни мақсад ­қилган ислоҳотларимизда, жумладан, болаларни умумтаълимга тайёрлаш жараёнида сусткашлик ёки лоқайдликка асло йўл қўйиб бўлмайди. ­Шунинг учун ҳам юртдошларимиз Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган дастурни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Уларнинг фикрича, мазкур ­дастурда белгиланган чора-тадбирлар ­фар­зандларимизнинг интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривож­ланиши учун барча шарт-­шароитни ­яратишга қаратилгани ­билан ­аҳамиятлидир.

  «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази материаллари асосида тайёрланди.

 

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены