Banner Top

Спорт курашлари бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпионатида 15 та медалга сазовор бўлди

  15-18 июнь кунлари Хитой Тайпейи мамлакатида эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича ёшлар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси ҳам тўлик таркибда иштирок этди. Спортчиларимиз қитъа чемпионатида жами 15 та медалга сазовор бўлишди. Уларнинг 3 таси олтин, 3 таси кумуш ва 9 таси бронза медалларидир.

  Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда. Эркин кураш бўйича терма жамоамиз аъзоларидан Жаҳонгирмирзо Туробов (-55 кг.) ва Ҳасан Раҳимов (-120 кг) мусобақада барча рақибларини мағлубиятга учратиб Осиё чемпионлигини тантана қилган бўлишса, Иса Шапиев (-74 кг.) ҳал қилувчи беллашувда имкониятни бой бериб, кумуш медали билан чекланди. Рустамбек Жўраев (-50кг.), Аббос Раҳмонов (-60 кг.) Жавраил Шапиев (-84кг.) ва Иброҳим Илҳомжонов (-96кг.) бронза медалларига сазовор бўлишди. Натижада эркин кураш бўйича терма жамоамиз умумжамоа ҳисобида Осиё чемпионатини Эрон термасидан сўнг фахрли 2-ўринда якунлади. Учинчи ўриндан эса қозоғистонлик полвонлар жой олишди.

  Юнон-рум кураши бўйича ўтказилган беллашувларда ҳам мамлакатимиз спортчилари муваффақиятли иштирок этишди ва 4 та медалга эга чиқишди. -96 кг. вазн тоифасида гиламга чиққан Темур Мирзо Мамажонов барча рақиблари курагини ерга текказиб олтин медални қўлга киритган бўлса, Жалгасбай Бердимуратов (-74 кг.) кумуш медалига сазовор бўлди. Жасурбек Ортиқбоев (-50 кг.) ва Маҳмуд Бахшиллоев (-66 кг.) эса бронза медалига лойиқ кўрилишди. Якунда классик услубдаги полвонларимиз умумжамоа ҳисобида Эрон, Қозоғистон ва Ҳиндистон терма жамоаларидан сўнг 4-ўринни эгаллашди.

  Ва ниҳоят аёллар кураши бўйича терма жамоамиз аъзолари делегациямиз ҳисобига 1 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўшиб қўйишди. Бахтигул Балтаниязова (-67 кг.) фақатгина финал баҳсида рақибасига имкониятни бой бериб кумуш медаль билан кифояланди. Актенге Кеунимжаева (-48 кг.), Нодира Собирова (-51кг.) ва Хадича Нажимова (-59кг.)лар мусобақани кучли учликда якунлаб, бронза медалларига сазовор бўлишди. Юнон рум ва аёллар кураши бўйича терма жамоамиз аъзолари пойтахтимизга кеча қайтиб келишди. Эркин курашчиларимиз эса эртага, 20 июнь куни Тошкентга етиб келишади.

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены