Banner Top

Хоразмда тегишли ҳужжатлари бўлмаган 67 млн. сўмлик товарлар тадбиркорларга қайтариб берилди

  Хоразм вилояти божхона бошқармасида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида вилоятда фаолият юритаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун навбатдаги очиқ мулоқот ташкил қилинди.

  Очиқ мулоқотда Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 29 декабрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-418-сон Қонуни муҳокамалар марказида бўлди.

  Тадбир давомида мазкур қонун Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрда “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг узвий давоми сифатида ишлаб чиқилганлиги ва Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги айтиб ўтилиб, уларнинг барчаси тадбиркорларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда янги даврни бошлаб бермоқда.

  Таъкидланганидек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган шахсларга нисбатан эндиликда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жазо қўлланилмайди.

  Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаб, тадбиркорлик субъектининг рўйхатдан ўтказилишини таъминласа ва зарур бўлган рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштирса жавобгарликдан тўлиқ озод этилади.

  - Жорий йилнинг 1-ярим йиллиги давомида мазкур Қонун амалиётга жорий этилиши муносабати билан вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидананиқланган жами қиймати 67 млн. сўмдан ортиқ бўлган товарларнинг йўл-юк хужжатларидан ортиқча ёки йўл-юк хужжатларидан кўрсатилмаганлиги билан боғлиқ 10та божхона қоидабузарликлари ҳолатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 11-банди бўйича судлар томонидан маъмурий ишлар тугатилган ва товарлар эгаларига қайтариб берилган, - дейди бошқарманинг Божхона текширувлари ва суриштирув бўлими бошлиғи Умидбек Рўзметов. -Ўз навбатида тадбиркорлар мазкур ҳолатларда ортиқча келган юкларга тегишли хужжатларни белгилаган тартибда ўз вақтида тақдим қилишди ва бунинг натижасида давлат бюджетига 19,8 млн сўмлик божхона тўловлари ундирилиши таъминланди.

  Шунингдек, тадбирда “Божхонада интерактив хизматлар – коррупцияни олдини олишда муҳим қадам” мавзусида ҳам сўз бориб, Давлат божхона қўмитаси томонидан бугунги кунда кўрсатилаётган электрон хизматларнинг афзаллиги, унинг корупция билан курашишдаги аҳамияти тўғрисида атрофлича тушунтиришлар берилди.

 Айтиб ўтилганидек, тадбиркорлик субектларига божхона расмийлаштирувига доир бир қатор енгиллик ва қулайликлар яратиш мақсадида ДБҚ веб сайтида  ҳамда  Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 22 турдаги интерактив хизматлар амалиётга жорий этилган.

  Ушбу хизматлар тадбиркорлик субъекларига вақтни ва қоғоз харажатларини тежаш, товарларни божхона расмийлаштируви жараёнида инсон омилини кескин камайтириш орқали коррупцияни олдини олиш, божхона органларига бормасдан ўз иш жойларидан интернет орқали керакли маълумотларни йиғиш ҳамда расмийлаштириш каби бир қанча қулайликлар яратиб келмоқда.

  Биргина, 2014 йилда “Товарларни электрон декларация қилиш” интерактив хизмати орқали товар ва транспорт воситаларига оид ҳужжатлар ҳамда ҳисоботларни божхона органларига масофадан туриб электрон тақдим этиш ва расмийлаштириш имконияти йўлга қўйилган бўлса, ушбу хизматдан Хоразм вилояти божхона бошқармаси томонидан хизмат жорий қилингандан буён божхона юк декларациялари 100% электрон шаклда расмийлаштирилди. Бунинг натижасида тадбиркорлик субъектларининг ҳаражатлари ва вақти тежалишига эришилди.

  2015 йилнинг 1 декабридан бошлаб, “Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларини автомобиль транспортида олиб ўтишда юк ташувчилар томонидан олдиндан маълумот тақдим этиш” интерактив хизмати жорий этилган. Хоразм вилояти божхона бошқармаси божхона постлари орқали 2016 йил давомида жами юк билан ҳаракатланган автотранспорт воситаларининг 92,8 фоизи ва 2017 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида юк билан ҳаракатланган автотранспорт воситаларининг деярли барчаси мазкур хизмат туридан фойдаланилган ҳолда олдиндан хабар берилган.

  Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси вакили А.Ташмухамедов иштирок этди.

  Йиғилишда тадбиркорларўзларининг фаолиятида учраётган муаммо ва таклифлари ҳамда уларни қизиқтираётган саволлар юзасидан атрофлича жавоблар олишди.

 

Хоразм вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены