Banner Top

Болгариядан хушхабар: Ёш математикларимиз иккита олтин медаль соҳиби бўлдилар

  Болгария давлатида шу йил 31 июль – 6 август кунлари ўтказилган 24-халқаро математика олимпиадасида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Математика факультети 4-курс талабалари Ҳакимбой Эгамберганов ва Шоҳруҳ Ибрагимовлар иккита олтин медални қўлга киритиб, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилдилар!

  Ортимизда қолган тунда ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилган ва Ҳайъат аъзолари ёш ўзбек математикларининг бўйниларига олтин медалларни тантанали равишда тақиб қўйганлар.

  “Математика – фанларнинг шоҳи”, деган гап бежиз айтилмаган. Ўнлаб алломалар етишиб чиққан юртимизда аждодлар изидан боришаётган иқтидорли ёшлар кам эмас. ЎзМУ талабалари Ҳакимбой Эгамберганов тўртинчи, Шоҳруҳ Ибрагимов иккинчи бор мана шундай нуфузли халқаро олимпиадаларнинг олтин медалларини қўлга киритганлари барча тенгдошлари ва устозларига ғурур бахш этади.

  Бир неч йил бурун Болгарияда талабалар ўртасида ўтказилган 22-халқаро олимпиадада олтин медалга сазовор бўлган Ҳакимбой Эгамберганов 8-синфда ўқиб юрган кезларидаёқ Шовот туманида жойлашган Ал-Хоразмий номидаги 1-Ихтисослаштирилган мактаб интернатида ўқишни давом эттирган. Бу ерда таълим берган ўқитувчиси Аҳмед Собиров математиканинг жозибали сирларини маҳорат билан ўргатган. Шу тариқа ёш иқтидор соҳиби илк бор 2014 йил мактаб ўқувчилари ўртасида Олмаота шаҳрида ўтказилган X-халқаро Жаутиков олимпиадасида олтин медалга сазовор бўлган. У иккинчи олтин медални 2015 йилда Болгариянинг Влагоевград шаҳрида талабалар ўртасида математика фани бўйича халқаро олимпиадада қўлга киритган. Мазкур ғалабаси учун Ҳакимбой Эгамберганов Буюк Британиянинг нуфузли олий таълим муассасаси — University College London ва Германиядаги математикага ихтисослашган олий таълим муассасаси магистратура босқичига таклиф этилган.

  Ҳакимбойнинг учинчи олтин медали Кипр давлатининг Протарас шаҳрида математика фани бўйича ўтказилган 10-халқаро “SEEMOUS 2016” олимпиадасида қўлга киритилган. Мазкур халқаро олимпиадада 20 дан ортиқ мамлакатнинг 43 та университети жамоаларидан 150 дан ортиқ энг иқтидорли талабалар иштирок этдилар. Муросасиз ўтган беллашувлар аслида бугунги дунё ёшларининг илмга қанчалик интилишидан дарак берарди. Мусобақа шартларига кўра ёш математикларга бир кун давомида 4 та масалани ечиш талаб этилди. Инглиз тилидаги масалалар алгебра ва сонлар назарияси, геометрия, математик анализ ва комбинаторика каби фанлар бўйича танланди. Юртимиз шарафи қалбларига ғурур бахш этган ЎзМУнинг Математика факультети талабалари Ҳакимбой Эгамберганов ва Шоҳруҳ Ибрагимов ўша масалаларни ечишда ўзларига хос янги усулни танладилар. Эътиборли жиҳати шундаки, уларнинг усуллари турлича бўлиб, стандартдан, яъни анъанавий ечимлардан анча фарқ қиларди! Ўзбек талабаларининг инглиз тилида ёзиб топширган бу янги усулдаги ечимларига Ҳайъат аъзолари ва бошқа экспертлар тан бердилар!

  – Математика фанига мен болалик давримдан жуда қизиққанман. Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институти қошидаги 2-сон академик лицейида ўқиб юрган кезларимда 2014 йилда Болгарияда бўлиб ўтган халқаро «Balkan» математика олимпиадасида кумуш медаль соҳиби бўлган эдим,– дейди Шоҳруҳ Ибрагимов.– Кипр давлатида бўлиб ўтган халқаро олимпиадада олтин медални қўлга киритиш янги зафарларга илҳомлантирмоқда. Келгусида навбатдаги халқаро олимпиадаларда буюк аждодларимиздан мерос қолган ўзбек математика мактаби шуҳратини бутун дунёга намоён этишда давом этаверамиз.

  Айтиш жоизки, Европа, Кипр, Болгария, Руминия математика жамиятлари томонидан ташкил этилаётган математика фани бўйича 10-Халқаро “SEEMOUS 2016” олимпиадасида Ўзбекистон Миллий университети жамоаси биринчи марта иштирок этаётганларига қарамай шундай натижаларга эришаётганлари таҳсинга лойиқдир.

  – Дунёга довруғи достон буюк аллома Мирзо Улуғбек бобомизнинг табаррук номи билан аталаётган Миллий университетимизда аллақачон математика илмий мактаби яратилганини ортиқча изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак,– дейди халқаро олимпиада ғолиби бўлган талабаларнинг илмий раҳбари Давлатбой Жумабоев.– Ўтган асрда бу мактабга Қори Ниёзий, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Сағди Сирожиддинов каби академиклар асос солган бўлсалар, янги асримизни уларнинг ишларини кимлар давом эттиришлари бугун кундек равшан бўлиб қолаётгани барчамизга чексиз фахр-ифтихор бахш этмоқда.

  – Миллий университетимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган хайрли ишлар, таълим ва ўқув жараёнларидаги ислоҳотлар талабаларимизнинг янада пухта билим эгаллашларига, интеллектуал салоҳиятлари ошишига хизмат қилмоқда,– дейди ғолиб талабаларнинг яна бир илмий раҳбари Карим Раҳимов.– Анжуман доирасида қатор ривожланган давлатлар университетлари профессор-ўқитувчилари билан ўзаро суҳбатда бўлиб, таълим тизими юзасидан ўзаро фикр ҳам алмашдик. Келгусида ўша университетлар билан халқаро алоқалар, илмий ҳамкорликлар ҳамда талабалар алмашинувини йўлга қўйишга ҳаракат қиламиз.

  Оққан дарё оқаверади, гул унган жойда турфа гуллар унаверади, деганларидек, азалдан илм-маърифат бўстони сифатида ном қозонган Миллий университетимизда буюк аждодларга мана шундай муносиб ворислар етишиб чиқаверадилар. Бугунги Улуғбек издошларининг шода-шода олтин медаллари эса жонажон Ўзбекистонимиз мустақиллигининг 26 йиллиги ва университетимизнинг 100 йиллик тўйига муносиб туҳфадир!

 

Улуғбек УСМОНОВ,

ЎзМУ газетаси мухбири,

Жалолиддин ЮСУБОВ,

Иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены