Banner Top

Бир неча фуқаролар ўз ихтиёри билан ҳужжати бўлмаган қуролларни топширди

  Ўқ-отар қуроллар инсон ҳаёти ва жамиятимиз осойишталиги учун хавфли ҳисобланади. Шунинг учун ҳам уларни ноқонуний равишда сақлаш, олиб юриш ва божхона чегаралари орқали олиб ўтиш қатъиян ман этилган.

  Фарғона вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан бу борада кенг кўламли тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Ноқонуний қурол сақлаш жиноят эканлигини тушуниб етган фуқаролар уларни ўз ихтиёрлари билан ички ишлар бўлимига топширмоқда. Миллий хавфсизлик хизмати ва ички ишлар идоралари томонидан  ўтказилган профилактик тадбир давомида бир неча фуқаро ўз ихтиёри билан мазкур масалада мурожаат қилди.

  Бешариқ туманида яшовчи Абдурафиқ Қўзиев кутилмаган ҳолатга дуч келди. У ўзи истиқомат қиладиган уйни таъмирлаётиб, пол тагидан елим халтаган ўралган, марҳум отасидан қолган номаълум ов қуролини топиб олди. Ҳеч қандай ҳужжати бўлмаган қуролни у ўз ихтиёри билан ички ишлар бўлимига топширди.

  Шунингдек, мазкур туманда яшовчи Эргашали Ўринов ҳам ўқ отар қурол топиб олгани ҳақида ички ишлар бўлимига мурожаат қилди. У ҳам таъмирлаш ишлари жараёнида 1 дона ов қуроли топиб олган. Ноқонуний қурол сақлаш жиноят эканини яхши билган фуқаро бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга маълум қилди ва қуролни топширди.  

  Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибларга мувофиқ, қурол ва ўқ дориларни ноқонуний равишда сақлаш жарима, қамоқ ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Модомики, шахс ушбу буюмларни ўз ихтиёри билан топширса, жавобгарликдан озод этилади.

 

Маъсуджон Сулаймонов

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены