Banner Top

Остонада 30-31 октябрь кунлари Сурия бўйича музокоралар бўлиб ўтади

  Остона жараёни доирасида 30-31 октябрь куни Остонада Сурия бўйича тинчлик музокораларининг навбатдаги раунди бўлиб ўтади. Бу галги музокораларда гаровдагиларни, маҳбусларни озод қилиш,  ўлдирилганларнинг жасадини топшириш ва бедарак йўқолганларни қидириш масаласида Ишчи гуруҳи қоидаларини тасдиқлаш режалаштирилмоқда, дея хабар берди Қозоҳистон ташқи ишлар вазирлиги.

  Қозоғистон ТИВ хабарида таъкидланишича, Россия,Туркия ва Эрон сингари кафил-мамлакатлар халқаро терроризмга қарши кураш масаласини муҳокамма қилиб, Сурияни миналардан тозалаш  бўйича қўшма баёнот қабул қиладилар. “Ўзаро манфаатларни назарда тутувчи бошқа масалалар” ҳам муҳокама қилиниши мумкин, дейилади ТИВ матбуот хизмати хабарида.

  Бундан аввалги, ҳисоб бўйича музокораларнинг олтинчи раунди Остонада 14-15 сентябрь кунлари бўлиб ўтган ва иштирокчилар томонидан Суриянинг Идлиб вилоятида хавфсизлик ҳудуди ташкил этилгани эълон қилинган эди. Ўшанда Сурия муҳолифати Эронни Сурияда кескинликни юмшатиш ҳудудларида хавфсизликни таъминлашда кафил бўлишини тан олмаслиги ҳақида  баёнот берган эди.

  4 май куни кафил-мамлакатлар томонидан қабул қилинган меморандумга биноан, Россия ташаббуси билан ташкил этиладиган  «кескинликни юмшатиш ҳудудлари»  Шарқий  Гуте, Хомс вилояти шимолий туманлари, Латакия, Хама ва Алеппо ҳамда Сурия жанубидаги айрим туманларда жойлашади.

  Россия, Туркия ва Эрон Остонада ўтаётган Сурия бўйича музокораларнинг ҳомийлари ҳисобланади. Бу музокоралар БМТ воситачилигида Женевада ўтаётган сурияликлараро музокоралардан алоҳида ўтказилмоқда. Сурияда олти йилдан бери давом этаётган фуқоролар урушида Россия ва Эрон президент Башар Асад бошчилигидаги ҳукуматни қўллаб-қувватлайди. Туркия ва Қўшма Штатлар эса турли исёнкорлар гуруҳларига ён босади. Суриядаги  фуқоролар уруши оқибатида 330 мингдан ортиқ  киши  ҳалок бўлди.

Сўнги ўзгартириш: Пайшанба, 19 Октябрь 2017 19:22

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены