Banner Top

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Россиянинг собиқ жосуси Скрипалга хужум уюштирилиши бўйича шошилинч мажлис чақирди

  БМТ Хавфсизлик Кенгаши Россия Бош Разведка бошқармаси собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлияга ҳужум уюштирилгани юзасидан тергов бошлаш учун шошилинч мажлисга тўпланди. Улар 4 март куни Солсберида асаб-фалажлантирувчи моддададан заҳарланиш аломатлари билан топилган эди. Хавфсизлик Кенгашининг шошилинч мажлисини ўтказишни Буюк Британия талаб қилди.

  Буюк Британиянинг БМТдаги вакили Жонатан Аллен ўз чиқишида Россия Скрипаль ва унинг қизи заҳарлангани айтилаётган асаб-фалажлантирувчи «Новичок» моддаси ҳақидаги дастур ҳақида маълумот бермаганини айтди. Шу тариқа Москва кимёвий қуролларни таъқиқлаш тўғрисидаги Конвенцияни бузди, деди Аллен. Унинг сўзларига қараганда, моддани ишлаб чиқариш мураккаб жараён бўлиб, бу «Новичок»нинг ишлаб чиқарилишига давлатнинг иштироки борлигини кўрсатмоқда.

  Ўз навбатида АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Хейли баёнот бериб, Вашингтон Лондон билан бирдам эканини таъкидлади. Хейлининг сўзларига қараганда, АҚШ расмийлари Солсберига қилинган ҳужум учун жавобгарлик Россия зиммасида эканини айтишади. Хейли Москвага мурожаат қилиб Скрипалнинг заҳарланиши юзасидан олиб борилаётган тергов билан ҳамкорлик қилишга чақирди.

  Россиянинг БМТдаги вакили Москва Солсбери билан боғлиқ ҳодисага алоқаси йўқлигини таъкидлади. Василий Небензя Россия «Новичок» шартли ном остида илмий изланишлар олиб бормаганини маълум қилди. У Скрипаль заҳарланган кимёвий модда Буюк Британиянинг ўзида ишлаб чиқарилган бўлиши эҳтимолини таҳмин қилди. Небензя Россия Британия томонидан БМТ Конвенцияси асосида сўровнома олмаганини айтди. Шу билан бирга доимий вакил Москва Лондон билан “Скрипаль иши” бўйича олиб борилаётган терговда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

  14 март куни Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй Скрипалнинг заҳарланишида Россияни айблади ва россиялик 23 нафар дипломатни чиқариб юборилиши борасида эълон қилди . Россия ТИВ баёнот бериб, Россия ҳам яқин ораларда жавоб чораларини кўришини маълум қилди.

  Сергей Скрипаль – Россия Бош Разведка бошқармасининг собиқ полковниги. Россияда уни Буюк Британия фойдасига жосуслик қилганликда айблашди. 2010 йилда у АҚШда ушланган россиялик агентларга алмаштирилди. 4 март куни Скрипаль ва унинг қизи Юлия асаб-фалажлантирувчи моддадан заҳарланиши туфайли оғир аҳволда шифохонага ётқизилди. Шифохонага тергов билан шуғулланаётган полиция ходимлари етиб келди. БРБнинг собиқ зобити заҳарланишдан бир неча кун аввал ўзининг ҳаёти хавф остида экани борасида Британия полициясини хабардор қилган.

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены