Banner Top

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигида янги намунадаги ҳарбий кийимлар қўшин амалиётидан ўтмоқда

  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 28 августда Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Каттақўрғон умумқўшин полигонида ҳарбий хизматчилар билан учрашувида ҳарбий хизматчиларнинг кийим-кечаклари ва анжомларини ишлаб чиқаришда паст сифатли матолардан ҳамда эскирган технологиялардан фойдаланилаётгани танқидий баҳоланиб, тегишли вазирлик ва идораларга 2018 йил давомида ҳарбий уст-бош кийимларни тикиш учун Ўзбекистон Республикасининг табиий иқлим шароитларига мос келадиган енгил ва пишиқ толалардан тўқилган махсус матолар ишлаб чиқариш вазифаси юклатилган эди.

  Шунга кўра Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Моддий-техник таъминот бош бошқармаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликда Мудофаа вазирлиги қўшинлари учун янги намунадаги кийим-кечакларни жорий қилиш масалалари ишлаб чиқилди.

  Кийим-кечак намуналарини ишлаб чиқишда соҳада илғор тажрибага эга бўлган ривожланган хорижий давлатларнинг ҳарбий кийим-кечаклари ўрганилди (Туркия, Покистон, Россия, Озарбайжон, Хитой, Германия, Италия). Ушбу кийим-кечак намуналари маҳаллий ишлаб чиқарувчилар “Апитекст” МЧЖда аралаш толали матонинг тажрибавий партиясидан фойдаланиб, ишлаб чиқарилди. “Смарт-Текс” (“Бахмал-Груп”) МЧЖда мазкур матога ранг берилди ҳамда “Идеал” ва “Наримтекс” МЧЖларда янги кўринишдаги ҳарбий кийимларнинг намунавий нусхалари тайёрланди.

  2018 йил 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Самарқанд шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирига амалга оширган ташрифи давомида Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия қўшинлари учун таклиф қилинаётган янги намунадаги кийим-кечак намуналарининг тақдимоти билан таништирилди.

  Таклиф қилинаётган янги кийим-кечак намуналарини кўздан кечириш вақтида давлатимиз раҳбари томонидан “Ҳарбий кийим-бош намуналарини ишлаб чиқишда шошилинч қарорлар қабул қилмасдан энг замонавий хориж тажрибалари қўллансин. Ҳарбий хизматчининг янги кийим-боши унинг ўзига хос “ташриф қоғози” бўлиши ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари нуфузи ва обрўсини янада оширишга хизмат қилишини назарда тутсин. Зарурат бўлса, яратилган янги кийим-бош вариантлари бўйича мамлакат аҳолисининг, айниқса чақириқ ёшидаги ўсмирларнинг фикрини ўрганиш мақсадида жамоатчилик муҳокамасига қўйилсин.” деб таъкидланди.

  Президентнинг 2018 йил 31 март куни “Фориш” тоғ-дала полигонига ташрифи давомида янги намунадаги таклиф этилаётган ҳарбий кийим-кечакларнинг намунавий нусхалари куч тузилмаларига эга вазирлик ва идораларнинг алоҳида бўлинмаларида 2018 йил мобайнида қўшинлар синовидан ўтказилиши белгиланди.

  Ҳозирги кунда Мудофаа вазирлигида таклиф қилинаётган янги намунадаги дала кийимларининг икки хил намунавий нусхалари Самарқанд гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмларнинг ҳарбий хизматчиларига шу йилнинг 1 апрель санасидан қўшин амалиётидан ўтказиш учун берилди.

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены