Banner Top

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимояси янги босқичда давом этмоқда

  Инсон  ҳаётида шундай босқичлар борки, бу даврда ҳар қандай одам оила, давлат, жамиятнинг меҳр-эътибори, кўмагига эҳтиёж сезади. Бу болалик ва кексалик йилларидир. Қолаверса, тақдир тақозоси билан туғма хасталик ёки ҳаёт давомида орттирилган бирор оғир касаллик ва фавқулодда ҳолатлар туфайли меҳнат қобилиятини йўқотган инсонга  ўзгаларнинг доимий кўмаги, меҳр-эътиборига муҳтож бўлади.

  Маълумотларга кўра, бугун сайёрамизда  салкам 1 миллиардга яқин ана шундай ногиронлиги бор шахслар  ҳаёт кечирмоқда. Юртимизда уларнинг сони  670 минг нафардан ортиқни ташкил этади.

  Мамлакатимизда аҳолининг эҳтиёжманд қисмини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш давлат ижтимоий сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланди. Кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган болалар ва катталарга тиббий-ижтимоий ёрдам беришнинг барқарор тизими жорий этилган.

  Тараққиёт тобора илгарилаб бораётган бугунги давримизда бу борада давлат ва жамият олдида янги-янги вазифалар пайдо бўлмоқда. Маълумотларга кўра, яқин-келажакда, яъни, 2025 йилга бориб 60 ёш ва ундан катталар сони ер шарида 1 миллиард 100 миллион нафардан ошиб кетади. Шунингдек, аҳоли орасида ногиронлик кўрсаткичларида ҳам ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Бу жамиятда инсон ҳуқуқ ва манфаатларига йўналтирилган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, аҳолининг  эҳтиёжманд қатламига кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини ошириш, соҳага янги инновацион технологияларни жорий этишни тақозо этмоқда.

  Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 декабрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони жамиятимизда бу йўналишда амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтариш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш, улар учун қулай ва мақбул муҳитни таъминлаш, кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар самарадорлигини оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. Шу йилнинг 2 май куни  Президентимизнинг ушбу фармони мақсади ва моҳиятини ўрганишга бағишланган конференцияда ҳам бу ҳақда алоҳида қайд этилди.

  Тадбирда таъкидланганидек, Президент фармонида ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар қамраб олинган.

  Бу борада белгиланган чора-тадбирлар изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилиши натижасида фақатгина 2017 йилнинг ўзида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларидан  100 минг нафар фуқароларга турли хилдаги ижтимоий хизматлар кўрсатилди. Тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронлиги  бўлган 15 минг нафар шахсларга уйларида ижтимоий хизмат кўрсатиш ишлари амалга оширилди. 19,5 минг нафар эҳтиёжманд фуқаролар реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия маҳсулотлари билан таъминланди. Ногиронлар бемалол ҳаракатланиши учун бино ва иншоотларда пандус ва тутқичлар ўрнатилмоқда. Шунингдек, 35 минг нафар пенсионер ва ногиронлиги бўлган шахслар санаторияларда соғломлаштирилди. 20 минг нафардан зиёд ногиронлиги бўлган шахсларга реабилитация хизматлари кўрсатилди.

  Маълумки, 1941-1945 йиллардаги  уруш қатнашчиларига ўз соғлиғини тиклаш учун ҳар йили санатори бепул йўлланма берилади. Агар улардан бирортаси ушбу имкониятдан фойдаланмаса, ушбу фахрийларга йўлланманинг пулини  тўлаш жорий қилинди. Бундан мақсад, нуронийларнинг тиббий-ижтимоий ҳимоясини кучайтиришдир.

  Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 мартдаги қарори асосида  Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиши жамиятимизда амалга оширилаётган ижтимоий ҳимоя тадбирлари самарадорлигини янада юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу жамғарма маблағлари ногиронлиги бўлган шахсларга кўмак бериш, инклюзив таълимни ривожлантириш, реабилитация сифатини ошириш ва бошқа тиббий-ижтимоий лойиҳаларга йўналтирилади.

  — Ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар доимий тиббий-ижтимоий кўмакка эҳтиёж сезади, —  дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий-ижтимоий ёрдам муассасалари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Алишер Иноқов. —  Ҳозирги кунда мамлакатимизда аҳолининг ушбу қатламига бу йўналишда тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида 11 та   реабилитация қилиш ва протезлаш марказлари, 8 та санаторий хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, 33 та “Мурувват” ва “Саховат” уйлари фаолият юритяпти. Ушбу тиббий-ижтимоий муассасалар ҳозирда қарийб 70 мингга яқин эҳтиёжманд инсонларни қамраб олмоқда. Аҳолининг тиббий-ижтимоий ёрдамга кундан-кунга ўсиб бораётган эҳтиёжини тўлиқ қондириш учун бу имкониятлар билан чекланиб бўлмайди. Бунинг учун тиббий-ижтимоий муассасалар тузилмасини модернизациялаш, қабул қилиш имкониятларини кенгайтириш, ўринлар сонини кўпайтириш, соҳага илғор техника ва технологиялар, илм-фан ютуқларини кенг татбиқ этиш муҳим аҳамиятга эга.   

  Юқорида зикр этилган фармон билан тасдиқланган дастурнинг 46- бандида ушбу йўналишдаги устувор вазифалар белгилаб берилган эди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018-2022 йилларда тиббий-ижтимоий муассасаларини қуриш ва жиҳозлаш, уларнинг ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ночор қатламларини қабул қилиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

  Бу лойиҳа  ўз ичига кўплаб муҳим вазифаларни қамраб олган.  Хусусан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига кўрсатилаётган  тиббий-ижтимоий  ва реабилитация  ёрдами самарадорлигини янада ошириш, “Мурувват” ва “Саховат” уйларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тиббий-ижтимоий соҳаси мутахассисларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, бу борадаги илмий изланишларни чуқурлаштириш, протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари сифатини тубдан яхшилаш ва турларини кенгайтириш вазифалари белгиланган.

  Лойиҳада белгиланганидек, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишни янада кучайтириш ва кенгайтириш чора-тадбирлари комплекси ҳамда тиббий-ижтимоий муассасаларни қуриш, реконструкция қилиш ишлари учун жами 429,2 миллиард сўм ва 42,0 миллион АҚШ доллари йўналтирилиши режалаштирилган.

  Мазкур қарор лойиҳасида кўзда тутилган вазифалар ижро этилиши натижасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида фаолият юритаётган тиббий-ижтимоий муассасалар 10 тага кўпайиб, улар сони 62 тага етади. Аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларини тиббий-ижтимоий хизмат билан қамраб олиш кўрсаткичи қарийб юз минг нафарга тенг бўлади.

 Бу чора-тадбирлар ногиронликнинг олдини олиш, жамиятимизда инсон манфаатларига йўналтирилган ислоҳотларни чуқурлаштириш, аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларини ҳуқуқий, тиббий-ижтимоий муҳофазалашни кучайтиришда яна бир муҳим қадам бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

                                                                           Ахборот хизмати

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены