Banner Top

Тинчлик – энг олий неъмат

  Инсоният тинч-тотув, осойишта ҳаётни энг олий неъмат, деб қадрлайди.

  Иккинчи жаҳон урушида қон кечган оталаримизнинг ҳам ягона мақсади – ана шу ҳаёт неъматига эришиш ва уни авлодларига етказиш бўлганини яхши биламиз. Бу мавзуда наинки китобларда ўқиб, фильмларда кўрганмиз, айни вақтда ана шу қаҳрамон оталар билан ҳамнафас эканлигимиздан бахтиёрмиз.

  Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Уч авлод учрашуви” деб номланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилиши ўзига хос анъанага айланган.

  Бу гал ана шундай файзли учрашувлар уруш ветеранлари истиқомат қилаётган хонадонларда бошланди. ЎзМУ ректори, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Олмазор туман кенгаши депутати Авазжон Мараҳимов бошчилигида бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар ва талабалар Беруний маҳалласида истиқомат қилаётган 96 ёшли Ширинбек Оразимбеков хонадонига ташриф буюрдилар.

  Бу файзли хонадонда бугун ажойиб маросим бўлаётгангандек. Илгарироқ Олмазор туман ҳокимлиги ва бошқа муассасалардан ҳам вакиллар ташриф буюриб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига биноан 5 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти, давлатимиз раҳбарининг туҳфаси – қимматбаҳо соат тақдим этилганидан отахон устоз беҳад шодлиги сезилиб турибди.

  Бахтиёр кексалик гаштини сураётган бу пиру бадавлат отахон тарих фанлари номзоди, доцент сифатида кам эмас – 70 йил ЎзМУда ёш авлодга муносиб таълим-тарбия берган. Бугун жонажон Миллий университети жамоаси томонидан ҳам бир даста гул, қимматбаҳо совғаларни мамнуният билан қабул қилар экан, давлатимиз раҳбари ғамхўрлигидан, қадрдон жамоасининг бундай эътиборидан ёшариб кетаётганини мамнуният билан таъкидлади.

  – Менинг ҳали орзуларим жуда кўп,– дейди отахон устоз ижодхонасидан бир даста газета, журнал ва китобларни чиқариб кўрсатар экан.– Миллий университетимиз тарихи билан боғлиқ бўлган жуда кўп маълумотларни тўплаб юрибман. Бир аср мобайнида бу таълим даргоҳида шу қадар кўп ишлар амалга оширилганки, уларнинг кўпчилигига ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлганмиз. Энди ҳаммасини бир бошдан ёзаверсам, бир нечта китобга жо бўлиб кетса ажабмас.

  Навбатдаги учрашув шу маҳаллада яшовчи 94 ёшли Абдураҳмон ота Абдураҳимов хонадонида давом этди.

  Иккинчи жаҳон урушида ўнг қўлидан жудо бўлиб қайтган бу собиқ офицер умрини илм-фанга бахшида этган. Тошкент кимё технологиялари институтида ярим асрдан ортиқ давр мобайнида оддий ўқитувчиликдан фан доктори, профессор даражасигача етиб, умрини ёш авлодга таълим-тарбия беришдек эзгу ишларга бахшида этган.

  Бугун бу файзли хонадон ҳам чинакам байрамона тус олди. Қаҳрамон жангчи, ватанпарвар отахонни муборакбод этиб келаётганларнинг қадамлари узилмайди.

  ЎзМУ ректорининг табригидан сўнг Журналистика факультети талабаси Муслима Омонқулованинг “Ватанимнинг мард ўғлонлари” сарлавҳали шеърини тадбир иштирокчилари ҳаяжон билан тингладилар.

  – Уруш заҳматларини бошидан ўтказганлар бугунги дориломон кунларнинг қадрини ўзгача ҳис этадилар,– дейди Абдураҳмон ота.– Президентимизнинг бизга кўрсатаётган ғамхўрлигидан бошимиз кўкка етди. 1945 йилда эришган ғалабамиз қанчалик тарихий ҳодиса бўлса, Юртимиз мустақиллиги ва бугун ўз кўзимиз билан кўраётган ғалабамиз ундан-да улканроқ бахтимиздир. Илоҳим, халқимизнинг шундай бебаҳо бахти то абад бардавом бўлсин.

  “Уч авлод учрашуви” тадбири ЎзМУда давом этди. Тўкин дастурхон атрофида ташкил этилган байрам шодиёнасига уруш заҳматларини бошидан ўтказган ветеранлар, фронт ортида меҳнат қилган фидойилар, академиклар, фан арбоблари ташриф буюрдилар.

  ЎзМУ ректори Авазжон мараҳимоқ Ватан ва илм-фан фидойиларини яна бир бор самимий муборакбод этиб, қимматбаҳо совғалар ҳадя этди.

 

Тўлқин Эшбек,

ЎзМУ ахборот хизмат раҳбари

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены