Воскресенье, Август 25, 2013

Қашқадарё вилоят ҳокими 2017 йилни ёшлар билан учрашувдан бошлади

 Қарши шаҳридаги М.Тошмуҳаммедов номидаги вилоят мусиқали драма театрида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят Кенгаши ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пуҳта ўзлаштирган, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш мақсадида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.

 Унда вилоят ҳокимлиги вакиллари, “Камолот” ЁИҲ вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари раислари, ҳаракатнинг жойлардаги бошланғич ташкилот етакчи ва фаоллари, вилоятимиздаги олий ўқув юртлари ҳамда академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган иқтидорли ёшлар иштирок этишди.

  Тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ёшларга оид давлат сиёсати доирасида мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар, ўтказилаётган тадбирлар ҳақида сўз юритиб, ёшлар жамиятнинг энг илғор қатлами сифатида ҳамиша қўллаб-қувватланиши, уларнинг ҳар жиҳатдан баркамол шахс бўлиб вояга етишларини таъминлаш ҳукумат эътиборидаги энг асосий вазифа эканини таъкидлади.

  Шунингдек, вилоятимизнинг иқтидорли ва фаол ёшлари сўзга чиқиб, юртимизда ёшларга Муҳтарам Юртбошимиз томонларидан кўрсатилаётган ғамхўрликдан мамнун ҳолда ўз фикрларини билдириб, лойиҳа ташкилотчиларига самимий миннатдорчилик билдирдилар.

  Ўз навбатида, учрашувда ёшлар вакиллари ўзлари қўлга киритган ютуқ-муваффақиятлар ҳақида ўртоқлашиб, яратилган имконият ва шароитлар учун Президентимиздан миннатдор эканликларини билдиришди.

  Шундан сўнг ёшларнинг келгусидаги режалари, уларни қийнаётган муаммолар ҳақидаги таклиф-мулоҳазалар тингланди. Вилоятимизда туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ёшларда интернетдан фойдаланиш маданиятини ошириш, ёшлар учун радио ва махсус телестудия ташкил этиш каби таклифлар вилоят ҳокими ва бошқа мутасаддилар томонидан қизиқиш билан тингланди.

 Учрашув якунида “Ватан келажаги – сенинг қўлингда” шиори остида “Ниҳол” мукофоти совриндорлари, таниқли эстрада хонандалари иштирокида тайёрланган маданий концерт дастури намойиш этилди.

 

“Камолот” ЁИҲ Қашқадарё вилоят Кенгаши Матбуот хизмати.

Ўқилган 365 маротаба